Давлат дастури ижроси ва қонунчилик
  • 16 Март 2016

Давлат дастури ижроси ва қонунчилик

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида белгиланган оила, оналик ҳамда болаликни ҳимоя қилишга оид меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган анжуман ташкил этилди.

Тегишли вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашган тадбирда ушбу йўналишда изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилаётгани таъкидланди. 

 Қайд этилганидек, мустақилликнинг илк йилларидан соғлом она — соғлом бола масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Аниқ манзилли дастурларнинг рўёбга чиқарилиши аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом болалар туғилиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш ва оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда алоҳида аҳамият касб этаяпти. 

Жорий йилнинг 9 февралида Президентимиз қарори билан тасдиқланган “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури замирида ҳам “Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади” деган улуғвор ғоя мужассамдир. Унга кўра, оила, оналик ва болалик муҳофазасини кучайтириш, хотин-қизлар манфаатларини таъминлаш юзасидан қонунчилик базасини янада такомиллаштириш мақсадида 14 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади.  

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги, “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонунлар лойиҳалари ана шулар жумласидандир. 

Тадбирда “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури асосида олиб борилаётган қонун ижодкорлиги жараёни тўғрисида маълумотлар берилди. Журналистлар  масъул вазирлик ҳамда идоралар вакилларидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

 

Фарида МАҲКАМОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn