Баркамол авлодни тарбиялашнинг муҳим омили
  • 17 Февраль 2016

Баркамол авлодни тарбиялашнинг муҳим омили

Президентимиз Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида мамлакатимизда болалар спортини ривожлантириш, уни давлат сиёсати даражасига кўтариш мақсадида олиб борилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Жумладан, Юртбошимиз фарзандларимиз биз учун мутлақо янги бўлган бадиий гимнастика, сузиш, синхрон сузиш, теннис, таэквондо, дзюдо, каратэ, ватерпол, эшкак эшиш каби спорт турлари бўйича мунтазам шуғулланаётгани, қитъа ва жаҳон миқёсидаги нуфузли мусобақаларда иштирок этиб, юқори шоҳсупаларга кўтарилаётгани ҳар қандай одамни ҳайратда қолдираётганини таъкидлади.
Дарҳақиқат, юртимизда мустақилликнинг илк йиллариданоқ миллат генофондини яхшилаш, баркамол авлодни вояга етказишнинг асосий воситаси сифатида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга юксак эътибор қаратилаяпти. Бундай ғамхўрлик оғушида болаларимиз ҳар томонлама соғлом, мустаҳкам иродали бўлиб вояга етмоқда. Бугунги кунда профессионал спортчиларимиз сафида хотин-қизлар сони тобора кенгайиб бораётгани, Ўзбекистон спорт мамлакати, ёш авлодга ғамхўр давлат, деган эътирофларга сазовор бўлаётгани бу борада олиб борилаётган амалий ишларнинг яққол исботидир. Чунончи, 2015 йилда 1 минг 668 нафар спортчи, жумладан, 567 нафар қиз 165 та халқаро мусобақада қатнашиб, 983 та медални қўлга киритгани ҳар биримизга чексиз фахр бағишлайди.
Албатта, бунда болалар спортини ривожлантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари яратилиб, йилдан-йилга такомиллаштириб борилаётгани муҳим омил бўлмоқда.
Хусусан, ўтган йили “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирда қабул қилингани соҳа ривожини янги босқичга кўтарди. Бинобарин, унда аҳолининг кенг қатлами, айниқса, ёшлар ҳамда аёлларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг илғор механизмларини яратиш, мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, замонавий ва самарали спорт инфратузилмасини шакллантириш, миллий спорт турлари ҳамда халқ ўйинларини ривожлантиришга қаратилган нормаларнинг белгилангани муҳим аҳамиятга эга.
Таъкидлаш лозим, жамиятимизда соҳага қаратилаётган юксак эътибор натижасида бугунги кунда оилаларда соғлом турмуш тарзи кенг қарор топиб, сурункали касалликларга чалинган болалар сони кескин камайди, ўғил ва қиз болаларнинг ўртача бўйи ҳамда вазни ошмоқда. Айниқса, ҳарбий хизматга чақирилган ёшлар орасида хизматга лойиқ, деб топилаётганлар сезиларли даражада ортиб бораётир.
Болалар спортини ривожлантириш, шу орқали ўғил-қизларимизни соғлом ва баркамол этиб тарбиялашга қаратилган бундай тизимнинг йўлга қўйилгани ҳар жиҳатдан тўғри бўлганини бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб турибди. Буни фарзандларини турли спорт тўгаракларига етаклаб келаётган ота-оналар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Ушбу эзгу мақсад йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни изчил давом эттириш айни чоғда ҳаётий заруратдир. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, спорт — бу, аввало, соғлом авлод, соғлом келажак дегани. Бинобарин, фақат соғлом халқ, соғлом миллатгина буюк ишларга қодир бўлади.
Ўз навбатида, мамлакатда болалар спортини ривожлантириш, ёшлар, айниқса, қизларни жисмоний тарбия ва спортга янада кенг жалб этиш, сузиш ҳавзаларида улар учун қулай шароит яратиш борасида белгиланган вазифалар биз, депутатлар зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди. Бунда соҳага оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, жойларда уларнинг ижросини таъминлаш бўйича назорат-таҳлил фаолиятини янада изчил ва самарали олиб боришимиз айни муддаодир. Шу билан бирга, ушбу йўналишдаги ҳуқуқий ҳужжатларнинг тарғиботига бағишланган тадбирлар, учрашувларни мунтазам ташкил этиш ҳам мақсадга мувофиқ.
Мухтасар айтганда, соғлом авлодни вояга етказишда жисмоний тарбия ва спортнинг ролини ошириш, бу борадаги мавжуд моддий-техника базаси ва кадрлар салоҳиятини жаҳон стандартлари асосида янада мустаҳкамлаш, энг муҳими, спортнинг ҳар қайси оила ҳаётига чуқурроқ кириб боришига эришиш, ҳар бир болада унга меҳрни шакллантириш, долзарб масалалардан бўлиб қолаверади. Мазкур вазифаларни бажариш эса, шубҳасиз, ёшларимизнинг соғлом ва баркамол авлод бўлиб вояга етишларида, пировардида Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш ҳамда дунёда унинг обрўсини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Абдуғаффор ҚИРFИЗБОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn