Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Кенгашининг йигирма тўртинчи мажлиси тўғрисида ахборот
  • 29 Март 2014

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Кенгашининг йигирма тўртинчи мажлиси тўғрисида ахборот

Тошкент шаҳрида 2014 йил 28 март куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (ШҲТ МАТТ) Кенгашининг навбатдаги йигирма тўртинчи мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Қозоғистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Қирғиз Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси ва ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси вакиллари иштирок этди.
Мажлисда ШҲТ МАТТ Кенгашининг ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашига ШҲТ МАТТнинг 2013 йилдаги фаолияти тўғрисидаги маърузаси лойиҳаси маъқулланди. ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси директори Чжан Синьфэннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича 2013 — 2015 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, шунингдек, ШҲТ МАТТ Кенгаши қарорларининг амалга оширилиш жараёни тўғрисидаги ахбороти тингланди. ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитасининг ўтган даврдаги фаолияти ижобий баҳоланди.
2014 йилнинг тўртинчи чорагида ШҲТга аъзо давлатлар ва ШҲТда кузатувчи давлатлар ўртасида халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашиш соҳасида ҳамкорлик масаласига бағишланган иккинчи илмий-амалий конференцияни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органларининг терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиришни ҳамда уларнинг ўзаро ҳамкорлигини такомиллаштириш мақсадида ШҲТ МАТТ Кенгаши томонидан террористик, сепаратистик ва экстремистик йўлда фойдаланиладиган интернет ресурсларнинг Ягона реестри тўғрисидаги низом тасдиқланди. 
Хавфсизликка кўмаклашувчи халқаро кучларнинг Афғонистон Ислом Республикасидан 2014 йилда қисман чиқарилганидан сўнг ШҲТга аъзо давлатларнинг минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва таҳдидларга қарши курашиш бўйича қўшма чора-тадбирлари келишиб олинди.
ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органларининг интернет тармоғидан террористик, сепаратистик ва экстремистик мақсадларда фойдаланишни аниқлаш, олдини олиш ҳамда тўсиб қўйиш борасидаги ўзаро ҳамкорлиги механизми тўғрисидаги низом тасдиқланди.
ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳамкорликда ўтказилган “Шарқ-Аксилтеррор — 2014” аксилтеррор машғулотлари якунларига юқори баҳо берилди.
2014 йилда ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органларининг ҳамкорликда чегара операцияларини ўтказиш тўғрисидаги қарор маъқулланди.
Кенгаш ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси фаолиятини ташкилий, молиявий ва кадрлар билан таъминлашга доир масалалар юзасидан қатор қарорлар қабул қилди.
ШҲТ МАТТ Кенгашининг навбатдаги мажлисини 2014 йил сентябрь ойида Тожикистон Республикасида ўтказиш тўғрисида келишиб олинди.
Кенгаш мажлиси ишчанлик, амалий мулоқот ва дўстона руҳда ўтди.

(ЎзА).

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn