Суд-ҳуқуқ амалиёти ва қонунчилик
  • 09 Июль 2015

Суд-ҳуқуқ амалиёти ва қонунчилик

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва унинг ҳузуридаги Тадқиқот маркази томонидан Олий суд Пленумининг “Судланганлик ҳолатининг тугалланиши ёки судланганликнинг олиб ташланишига оид қонунчиликни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарори лойиҳасини тайёрлаш юзасидан илмий-амалий конференция ўтказилди.

Унда дастлабки тергов органлари ва судлар томонидан судланганлик ҳолатининг тугалланиши ёки судланганликнинг олиб ташланишига оид миллий қонунчилик нормалари ва уларни қўллаш амалиётида юзага келаётган муаммолар атрофлича муҳокама этилди. Анжуман ишида Олий суд судьялари, унинг ҳузуридаги илмий-маслаҳат Кенгаши аъзолари, Бош прокуратура, Ички ишлар ва Адлия вазирликлари, Адвокатлар палатаси вакиллари ҳамда жиноят ишлари бўйича судлар судьялари, шунингдек, терговчилар қатнашди.
Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш, шахс ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ишончли ҳимоялашга хизмат қиладиган суд-ҳуқуқ тизимини изчиллик билан демократлаштириш ва либераллаштиришга доир кенг қамровли саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Пировардида истиқлол йилларида юртимизда суд ҳокимияти жамиятда ижтимоий адолатни ўрнатадиган ҳамда қонун устуворлигини таъминлайдиган институт сифатида шаклланди.
Маълумки, судланганлик шахснинг содир этган жинояти учун ҳукм этилганлигидан келиб чиқадиган ҳуқуқий ҳолат ҳисобланади. У жазо тайинланган айблов ҳукми қонуний кучга кирган вақтдан бошланиб, судланганлик ҳолати тугалланган ёки судланганлик олиб ташланган вақтгача давом этади. Айтиш зарурки, судланганлик ҳолатининг тугалланиши ёки олиб ташланиши борасидаги муддатларни тўғри ҳисоблаш суд ва тергов органлари учун муҳим ҳисобланади.
— Бугун судланганлик ҳолатининг тугалланиши ёки судланганликнинг олиб ташланишига оид қонунчиликни қўллаш бўйича республикамизда ягона суд амалиётини шакллантириш ва бу борадаги қонун ҳужжатлари турлича талқин этилишига йўл қўймаслик айни заруратдир, — дейди Олий суд ҳузуридаги Тадқиқот маркази бўлим бошлиғи Раҳимқул Тошбоев. — Шундан келиб чиқиб, Олий суд Пленумининг тегишли қарори лойиҳаси тайёрланмоқда. Бу ҳужжат соҳадаги қонунчилик нормаларини қўллаш амалиётида юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш, пировардида эса инсон ҳуқуқ ва манфаатларини янада ишончли ҳимоялашга хизмат қилади.
Анжуманда мавзу билан боғлиқ долзарб илмий-амалий маърузалар тингланди.
Якунда мутахассислар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида тегишли таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn