Янги қонун лойиҳалари кўриб чиқилди
  • 18 Сентябрь 2014

Янги қонун лойиҳалари кўриб чиқилди

Аввал хабар берилганидек, 16 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2014 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи кўриб чиқилганидан кейин депутатлар мамлакатимизда жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.
Депутатлар ўз ишини Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 18 июлда қабул қилинган “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонини ижро этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган “Банкротлик тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқиш билан давом эттирди. Қонун лойиҳаси кредиторлар томонидан киритилган маблағларнинг қайтариш кафолатларини, корхона банкрот бўлганда бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармаларга тўловлар бўйича талабларни кредиторларнинг гаров билан таъминланмаган талабларига мутаносиб равишда қондириш орқали уларнинг талабларини қондириш навбати тартибига ўзгартишлар киритиш асосида кучайтиришни назарда тутади.
Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш, тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш, тадбиркорлар ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини кучайтириш учун янада қулай шарт-шароит яратиш ҳисобига мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш йўлидаги муҳим қадам бўлади.
Шундан сўнг депутатлар “Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Мазкур қонун лойиҳаси қонун ҳужжатларининг атамалари ва ҳуқуқий нормаларини бир хилда қўллаш ҳамда улар турлича талқин қилинишининг, мувофиқликни баҳолаш бўйича ишлар такрорланишининг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган. Унга кўра, “Метрология тўғрисида”ги ҳамда “Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”ги қонунларга тегишли тузатишлар киритиш назарда тутилган.
Депутатлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган янги таҳрирдаги “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратдилар.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикасида давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига, шунингдек, фуқароларнинг кундалик турмушига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш изчил давом этмоқда. Зеро, АКТ ва улардан фойдаланган ҳолда кўрсатиладиган хизматларнинг ҳаётга самарали татбиқ қилиниши ижтимоий-иқтисодий соҳанинг барча тармоқлари, жумладан, тадбиркорликни ривожлантиришнинг муҳим омилларидан биридир. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизнинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашуви илғор технологиялар тадбиркорларимиз томонидан нафақат ташқи, балки ички бозорларда ҳам кенг қўлланилишига олиб келади.
Қонун лойиҳаси электрон ҳужжатлар ва хабарлардан фойдаланган ҳолда товарлар сотиш, ишлар бажариш ҳамда хизматлар кўрсатиш, шунингдек, электрон тижоратни амалга ошириш ва унинг иштирокчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир ҳуқуқий механизмларни белгилаб қўйиш учун қулай шарт-шароит яратишга қаратилган. Электрон тижорат асосида ахборот тармоқлари воситасида амалиётлар шаффофлигини ошириш мумкин. Бу эса харидорлар ва сотувчиларга турли рақобатчилар томонидан таклиф этилаётган нархлар, маҳсулот сифати ва етказиб бериш шартлари тўғрисида бир лаҳзада ахборот олиш имконини яратади.
Қонун лойиҳасини муҳокама этиш чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари вакиллари сўзга чиқдилар.

Фахритдин СОЛИЕВ,
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси:
— Мазкур қонун лойиҳаси қабул қилиниши кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг рақобатбардошлиги, молиявий барқарорлиги ва инвестициявий фаоллигини янада оширади, маҳаллий товарларнинг чет эл бозорларига чиқиши учун электрон тижорат инфратузилмаси шакллантирилишида катта роль ўйнайди.
Бизнингча, қонун лойиҳаси мамлакатимиз компаниялари электрон шаклда бизнес билан шуғулланиши учун ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг замонавий воқеликлари ва истиқболларига мос самарали муҳитни вужудга келтириш, уларнинг маҳсулот етказиб берувчилар ва истеъмолчилар билан янада кенг ҳамкорлик қилиши, маҳсулотлари ҳамда хизматларини жаҳон бозорига изчил чиқаришга йўналтирилгани билан долзарбдир.

Ҳафиза КАРИМОВА,
Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси:
— Қонун лойиҳаси электрон ҳужжатлар ва хабарлардан фойдаланган ҳолда нафақат товарлар сотиш ва хизматлар кўрсатиш учун қулай шарт-шароит яратишга, балки электрон тижорат иштирокчиларининг ҳуқуқларини таъминлашга ҳам қаратилгандир. Шу билан бир қаторда, қонун лойиҳаси халқаро стандартларга жавоб берадиган юқори технологик бозор инфратузилмасини яратиш имконини беради. Ўз навбатида, бу аҳоли бандлигини таъминлаш ва меҳнат унумдорлигини оширишнинг муҳим омилига айланади. Бу эса партиямизнинг дастурий вазифаларига тўлиқ муштаракдир.
Бугунги шароитда электрон тижорат учун қулайлик яратиш ҳамда уни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш, ташкилий, технологик ва қонунчилик масалаларини ҳал қилишда ягона ёндашувни таъминлаш мақсадида қонун лойиҳаси ушбу соҳанинг тегишли ваколатли орган томонидан тартибга солинишига доир норма билан тўлдирилмоқда, шунингдек, мазкур органнинг ваколатлари белгилаб қўйилмоқда.

Илҳом АБДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси:
— Янги таҳрирдаги “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонун лойиҳаси замонавий ахборот технологияларининг миллий иқтисодиётимизга фаоллик билан жорий этилишини таъминлайди, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари ва хизматлар кўрсатувчиларига қулайроқ шарт-шароит яратиб беради.
Шу муносабат билан “Миллий тикланиш” демократик партияси электрон тижоратнинг ташкилий, технологик масалаларини ҳал этиш, ахборот хавфсизлиги ва электрон тижорат иштирокчиларининг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш, атама ва тушунчаларни таърифлаш, электрон тижоратда давлат харидларини амалга оширишда ягона ёндашув, шунингдек, хорижлик ҳамкорлар иштирокидаги битимларни тузишда қўлланиладиган тегишли ҳуқуқнинг таъминланиши тарафдоридир.

Раъно ГАИМОВА,
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси:
— Қонун лойиҳаси мамлакатимизда электрон тижоратни янада ривожлантириш ва рағбатлантиришни назарда тутади. Энг асосийси, ахборот тармоқлари воситасида электрон савдо амалиётларининг шаффофлиги ошиб боради. Бу эса сотувчилар ва харидорларга қисқа вақт ичида шартномалар тузиш имконини беради. Мазкур ҳуқуқий ҳужжат иқтисодиётнинг либераллашуви ва глобаллашуви шароитларида демократик бозор ислоҳотларини чуқурлаштиришга ҳам қаратилган.
Шу билан бир қаторда, қонун лойиҳаси бозорнинг янги иштирокчилари пайдо бўлиши учун шарт-шароит яратади. Бундан ташқари, у қабул қилингач, кичик бизнес субъектлари халқаро бозорда самаралироқ рақобатлаша олади. Бизнингча, давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектларнинг кундалик фаолиятида ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш масалаларига кўпроқ эътибор қаратилиши зарур.
Ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси партиялар дастурлари ҳамда сайловчиларнинг фикрлари инобатга олинган ҳолда баҳс ва эркин мунозара руҳида ўтди. Қонун лойиҳаларини янада такомиллаштиришга доир энг мақбул таклифлар ҳужжатларни маромига етказиш чоғида ҳисобга олинади.
Муҳокамаларда билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда депутатлар юқорида қайд этилган қонун лойиҳаларини концептуал жиҳатдан маъқулладилар ҳамда ҳужжатларни кейинги ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлашни масъул қўмиталарга топшириб, уларни биринчи ўқишда қабул қилдилар.

Саиджон МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn