Музейлар — маданий ҳаётимизнинг ажралмас қисми
  • 06 Сентябрь 2014

Музейлар — маданий ҳаётимизнинг ажралмас қисми

Олий Мажлис Сенатида Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан “Музейларни ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари: ҳолати ва истиқболлари” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги билан биргаликда ўтказилган мазкур тадбирда қайд этилганидек, мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ, мамлакатимизда музейлар фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг баркамол авлодни тарбиялашдаги ролини ошириш, маънавий меросимизнинг, халқимиз маданий ва ижтимоий ҳаётининг кўп йиллик тарихини ўрганиш ҳамда кейинги авлодларга етказишга алоҳида эътибор бериб келинмоқда. Бу борада тегишли қонунчилик яратилиб, изчил такомиллаштириб борилмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг 1998 йил 12 январдаги “Музейлар фаолиятини тубдан яхшилаш ва такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони музейларни ривожлантиришда янги босқични бошлаб берди. Ушбу Фармон билан тарихий меросимизни нафақат мамлакатимизда, балки чет элларда тарғиб қилиш, шунингдек, музейлар фаолиятида энг замонавий ахборот-коммуникация воситалари ва фан ютуқларидан кенг фойдаланиш мақсадида Республика “Ўзбекмузей” жамғармаси ташкил этилди.
2008 йил сентябрь ойида қабул қилинган “Музейлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни музейлар фаолиятини янада ривожлантиришда муҳим роль ўйнади. Ушбу Қонун билан музейлар ташкил этишнинг мақсадлари, давлат органларининг  музейларни бошқариш соҳасидаги ваколатлари аниқ белгилаб қўйилди. Миллий музей жамғармаси тузилди, Миллий музей жамғармаси Давлат каталогини ёритиш тартиби ва бошқалар жорий қилинди.
Давра суҳбатида таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тизимида 89 та музей фаолият юритаётган бўлиб, шуларнинг 15 таси Тошкент шаҳрида, 29 таси вилоят марказларида, 29 таси шаҳарларда ва 25 таси туманларда жойлашган. 27 та тарих музейи, 23 та ўлкашунослик музейи, 11 бадиий музей ва битта табиий-илмий йўналишдаги музей, 7 та адабий ёдгорлик, 14 та мемориал ёдгорлик фаолияти йўлга қўйилган.
Тадбирда музей ишининг ҳолати ва истиқболлари, ушбу соҳадаги мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал қилиш тўғрисида фикр алмашилди, музейлар фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Сенаторлар жамиятни маънавий юксалтиришда, миллий ғояни мустаҳкамлашда, ёшларни миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда музейларнинг роли ва ўрнини ошириш бўйича қўшимча чоралар кўриш, музейшунослик учун малакали мутахассислар тайёрлаш, музейларни бошқаришга ахборот-коммуникация технологияларини янада кенгроқ жорий этиш, шунингдек, ушбу йўналишда илмий тадқиқотлар олиб бориш зарурлигини таъкидладилар.
Шунингдек, давра суҳбатида давлат ҳокимияти органларининг музейларни ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш ҳамда музей экспонатлари ва музей коллекцияларини бойитиш, сақлаш, ўрганиш ҳамда оммавий намойиш этиш соҳасидаги фаолиятини кучайтиришга қаратилган тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn