Устувор вазифалар ижроси ва масъулият
  • 20 Август 2014

Устувор вазифалар ижроси ва масъулият

Шу кунларда Ўзбекистон экологик ҳаракатининг ҳудудий бўлинмалари ҳисобот-сайлов конференциялари бўлиб ўтаяпти. Уларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳудудий бўлинма Кенгаши аъзолари, Экоҳаракат фаоллари, эколог олимлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этмоқда.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда атроф-муҳит муҳофазаси, экологик барқарорликни мустаҳкамлаш, табиат неъматларини асраб-авайлаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратиб келинаяпти. Бунинг учун зарур ташкилий-ҳуқуқий база яратилиб, қатор институционал ислоҳотлар ҳаётга татбиқ қилинмоқда. Олий Мажлис қуйи палатасидаги 15 та депутатлик ўрни Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатларга берилганининг ўзи кўп нарсани англатади.

Бу галги ҳисобот-сайлов конференциялари кун тартибидан қатор масалалар жой олди. Жумладан, ҳудудий бўлинмаларнинг ўтган даврдаги фаолияти, Ўзбекистон экологик ҳаракатининг атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигини муҳофаза этиш соҳасидаги устувор вазифаларини амалга ошириш бўйича 2015 — 2016 йилларга мўлжалланган ҳаракат дастури лойиҳаси батафсил муҳокама қилинмоқда. Ўз навбатида, қатор ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилаяпти. 

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Экоҳаракатнинг олий органи Конференция бўлиб, ҳар беш йилда ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилиши лозим. Шу асосда ҳудудий бўлинмаларнинг ҳисобот даврида олиб борган фаолиятига баҳо берилади, танқидий-таҳлилий мулоҳазалар юритилиб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинади. Ана шундай йиғилишлар Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Фарғона, Наманган, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида ўтказилди. 

Қайд этилганидек, ҳудудий бўлинмалар томонидан бугунги ва келажак авлоднинг соғлом табиий муҳитда яшаш ҳуқуқини рўёбга чиқариш, давлат дастурлари ижросини таъминлаш, атроф-муҳит ва аҳоли саломатлиги муҳофазаси, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик таълим ва тарбия тизимини такомиллаштиришга жамоатчиликни янада кенгроқ жалб этишга йўналтирилган тизимли ишлар амалга оширилган. 

Жумладан, долзарб экологик ва соғлиқни сақлаш масалаларига бағишланган қатор илмий-амалий конференциялар, семинарлар, акциялар, турли спорт мусобақалари, медиа-турлар, экологик рейдлар ташкил қилинди, экобоғлар яратилди. Ўз навбатида, атроф-муҳит ва аҳоли саломатлиги муҳофазаси йўналишидаги қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлашга қаратилган ишлар, давлат, ННТнинг бу борадаги масъулиятини ошириш бўйича тадбирлар ўтказилди.

Шулар баробарида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари иштирокида аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, хусусий ва оилавий тадбиркорликда экологик жавобгарлик масъулиятини ошириш, жамоатчилик экологик назоратининг аҳамияти каби мавзуларда давра суҳбатлари ташкил этилди.  Оммавий ахборот воситалари орқали кўплаб материаллар, интервьюлар берилди, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар эфирга узатилди. 

Конференцияларда ҳудудий бўлинмалар фаолиятида баъзи нуқсонлар мавжудлиги ҳам айтиб ўтилди. Чунончи, айрим дастурий вазифаларни бажариш борасида етарлича иш олиб борилмаган. Ҳудудий бўлинмалар Кенгашининг баъзи аъзолари ҳудудий бўлинма фаолиятини четдан туриб кузатаётгани, ўз салоҳиятидан етарли даражада фойдаланмаётгани кўзга ташланган. Бундан ташқари, тадбирлар самарадорлигини янада ошириш тақозо этилади.

Якунда кўрсатиб ўтилган муаммо ва камчиликларни бартараф қилиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.

Ҳисобот-сайлов конференциялари давом этмоқда. 

С. МАХСУМОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn