Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия йиғилиши
  • 12 Август 2014

Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия йиғилиши

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикасининг “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонуни ижроси ҳолати ва бу борада Ички ишлар вазирлиги тизими ҳамда Сирдарё ва Хоразм вилоятларида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.

Мажлисда мамлакатда баркамол авлодни тарбиялаш борасида амалга оширилаётган комплекс дастурлар доирасида вояга етмаганлар назоратсизлиги ва ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш  борасида мақсадли тадбирлар ўтказиб келинаётганлиги таъкидланди. Хусусан, “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни вояга етмаганларнинг назоратсизлиги ва ҳуқуқбузарлигини профилактика қиладиган идора ва муассасаларнинг бу борадаги масъулиятини кучайтириш, болаларнинг ғайриижтимоий хулқ-атворини эрта аниқлаш ва бартараф этиш борасидаги тадбирлар самарадорлигини янада яхшилаш имконини бераётганлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, вояга етмаганларда қонунга итоаткорлик хулқ-атворини шакллантириш, уларга ахлоқ ва соғлом турмуш тарзи асосларини сингдириш ҳамда уларнинг соғлом маънавий муҳитда тарбия топишларини таъминлаш мақсадида вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликда самарали ишлар амалга оширилаётганлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу билан бирга, вояга етмаганлар томонидан ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш, уларда қонунга итоаткорлик хулқ-атворини шакллантириш, ижтимоий хавфли аҳволда бўлган болалар ва оилаларни ижтимоий-педагогик реабилитация қилиш борасидаги ишларни ташкил этишдаги баъзи нуқсонлар танқид қилинди.

Йиғилишда болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мазкур муҳитда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш билан боғлиқ долзарб муаммоларни ҳал қилиш, йўл қўйилаётган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш ва ушбу масалада масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.

Кун тартибидаги масала юзасидан комиссия раисининг ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари Б. Қурбонов ҳисоботи эшитилди.

Муҳокама этилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси 

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги 

Вояга етмаганлар ишлари 

бўйича комиссия.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn