Хусусийлаштириш амалиётининг соддалаштирилиши
  • 08 Август 2014

Хусусийлаштириш амалиётининг соддалаштирилиши

кичик бизнес субъектлари равнақига хизмат қилади

Мамлакатимиз иқтисодиётида хусусий мулкчиликнинг улушини кўпайтириш, ушбу жараёнга хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш борасидаги ишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бунда, табиийки, соҳа ривожи учун хизмат қилувчи ҳуқуқий базанинг тобора мустаҳкамланиб бораётгани айни муддао бўлаётир.  Президентимизнинг 2014 йил 3 июлдаги “Давлат мулки объектларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига сотиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ана шундай муҳим ҳужжатлардан бири бўлди. 

Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасида ташкил этилган матбуот анжумани ҳам ушбу қарор аҳамиятига бағишланди. Бу бежиз эмас, албатта. Негаки, мазкур қарор бутун мазмун-моҳиятига кўра, хусусийлаштириш жараёнидаги ишларни тизимли равишда давом эттириш учун навбатдаги босқични бошлаб берди. Унда ялпи хатлов натижасида аниқланган объектлар ва бўш қолган ер майдонларини самарали ишлатиш юзасидан бир қатор вазифалар қайд этилганки, буларнинг бари республикамиз иқтисодиёти равнақига хизмат қилади.

Хусусан, қарорга мувофиқ, 64 та фойдаланилмаётган давлат мулки объектини “Кимошди” савдоси орқали кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига сотиш мўлжалланган бўлса, ҳозирги кунгача уларнинг 24 таси баҳоланиб, оммавий савдоларга чиқарилди. 40 та объект бўйича эса баҳолаш ишлари олиб борилмоқда. 

Бугунги кунда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлганлар учун бино ва иншоотларни инвестиция мажбурияти эвазига “нолинчи” харид қийматида сотиш тажрибаси ҳам амалиётда яхши самара бераяпти. Шундан келиб чиқиб, 164,1 миллиард сўм инвестиция киритиш ва 4256 та иш ўрни яратиш шарти билан 121 объектни шундай тарзда ишбилармонларга бериш шартлари тасдиқланди. 

Бундан ташқари, ишлаб чиқариш, сервис ва хизмат кўрсатишни ташкил этиш келгусида кичик саноат зоналарини барпо қилиш учун ўртача 0,2-0,3 гектарлик 57 та ер майдони ажратилаётгани ҳам тадбиркорлик субъектларига қўшимча имконият яратади. 

Қарорда давлат мулки объектларини хусусийлаштириш тартибларини янада соддалаштириш назарда тутилган. Айтайлик, оммавий савдоларга чиқарилган давлат мулки объектларига 6 ой ичида талабнома тушмаган тақдирда, унинг қийматини босқичма-босқич 10 фоиздан пасайтириш йўли билан 50 фоизгача камайтириш мумкинлиги, агар шунда ҳам объект уч ой давомида сотилмаса, уни инвестиция мажбурияти ҳамда янги иш ўринлари яратиш шарти билан “нолинчи” харид қийматида  сотиш белгилангани бу борадаги ишларни жадаллаштиришга хизмат қилиши, шубҳасиз. 

Анжуманда, шунингдек, мазкур жараён учун муҳим бўлган яна бир ҳужжат — Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги “Зарар кўриб ишлаётган, иқтисодий ночор ва паст рентабелли корхоналарнинг фойдаланилмаётган ортиқча ер ва ишлаб чиқариш майдонларини янада оптималлаштириш чоралари тўғрисида”ги қарори юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди. 

 

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn