Ўзбекистон — Япония бизнес-форуми
  • 08 Август 2014

Ўзбекистон — Япония бизнес-форуми

Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида 7 август куни Ўзбекистон ва Япония ишбилармон доираларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо, сармоя, банк-молия, нефть-газ, сайёҳлик, автомобилсозлик, кончилик, геология, озиқ-овқат, кимё, енгил саноат, тўқимачилик, электрон маҳсулотлар ишлаб чиқариш, маркетинг, суғурта, экспорт-импорт, алоқа, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ҳамда концернлари раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр ўаниев Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда, жумладан, савдо-иқтисодий жабҳада изчил ривожланиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувлари чоғида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2011 йилнинг февраль ойида Японияга расмий ташрифи ўзаро муносабатларни янги босқичга олиб чиқди.

Япония Ўзбекистоннинг асосий иқтисодий шерикларидан. Мамлакатимиз учун Осиё-Тинч океани давлатлари билан алоқаларни кенгайтиришда Япония билан муносабатларни ривожлантириш муҳим ўрин тутади. 

Ўзбекистон билан Япония ўртасида 2002 йилда имзоланган Дўстлик, стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнот ўзаро муносабатларнинг изчил ривожланишида муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир. 

Ўзбекистоннинг барқарор ривожланаётган иқтисодиёти, бизнес юритиш учун яратилган кенг имконият ва имтиёзлар, преференциялар ҳамда юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик чет эллик бизнесменларнинг, жумладан, япониялик ишбилармонларнинг мамлакатимиз билан фаол ҳамкорлик қилишга  қизиқишини тобора оширмоқда.

Ўзбекистон ва Япониянинг ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш борасидаги имкониятлари катта. 2013 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 215 миллион АҚШ долларидан ошди. Япония томонидан Ўзбекистонга киритилган молиявий-техникавий воситаларнинг умумий ҳажми 2 миллиард доллардан зиёддир.

Ўзбекистонда Япония сармояси иштирокида тузилган ўн икки қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Улар машинасозлик, металлни қайта ишлаш, транспорт, сайёҳлик, соғлиқни сақлаш, енгил саноат ва савдо операциялари каби соҳаларга ихтисослаштирилган. Юртимизда ушбу мамлакатнинг ўн бир етакчи компанияси ўз ваколатхонасини очган.

Форумда япониялик ишбилармонлар Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти, нефть-газ, кимё саноати, электр техникаси, ахборот-коммуникация технологиялари каби соҳалардаги ҳамкорлик имкониятлари билан танишди. Меҳмонларга мамлакатимизга сармоя жалб қилишнинг истиқболли йўналишлари, бизнес юритиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш омиллари, “Навоий”, “Жиззах” ва “Ангрен” индустриал зоналаридаги қулайлик ва имтиёзлар тўғрисида маълумот берилди. 

— Япония Ўзбекистон билан кенг кўламли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор билан қарайди, — деди Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Япония — Ўзбекистон қўмитаси раиси, «Марубени» корпорацияси раисининг ўринбосари Мамору Секияма. — Чунки Ўзбекистон тез ривожланаётган ва иқтисодиёти барқарор давлат. Кейинги 9 йил давомида мамлакатингизда ялпи ички маҳсулот ўсиши 8 фоиздан кам бўлмай келаётгани диққатга сазовор. Япония билан Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми тобора ўсиб бормоқда. Мамлакатларимиз ушбу  кўрсаткичларни янада ошириш борасида катта салоҳиятга эга.  Мазкур форум ўзаро иқтисодий ҳамкорлигимизнинг янги қирраларини кашф этиш, фойдали келишувларга эришиш ва ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади. 

Бизнес-форумда икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни, жумладан, транспорт, банк сектори, ахборот-коммуникация технологиялари, сайёҳлик, озиқ-овқат, енгил саноат, тўқимачилик ва ёқилғи-энергетика соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид масалалар атрофлича муҳокама қилинди. 

Анжуманда Япониянинг йирик компаниялари вакиллари иштирок этгани ушбу мамлакатнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиши катта эканидан далолатдир. «Марубени», «Иточу»,  «Мицубиси»,  «ЖОГМЕК», «НЭК», «Тойо Инжиринг», «Соджиц», «Сумитомо» каби компаниялар вакиллари Ўзбекистон бозоридаги ўз фаолиятини йўлга қўйиш ва кенгайтириш ниятида эканини қайд этди.

Шу куни Ўзбекистоннинг қатор компания ва корхоналари ҳамда Япония ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида кооперацион биржа ўтказилди. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган бир қатор товарларни экспорт қилиш бўйича шартномалар тузилди.  

Япония делегацияси ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳузуридаги «Ўзинфоинвест» агентлиги ҳамда Япония ташқи савдо ташкилоти (JETRO) ўртасида меморандум имзоланди.

 

Ирода УМАРОВА,

Бобур ОБИДОВ,  

ЎзА мухбирлари.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn