Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин Ўзбекистонга келади
  • 13 Февраль 2018

Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин Ўзбекистонга келади

Бу ҳақда Корея Республикасининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Ён У Тошкент шаҳрида очилган Ўзбекистон — Корея Республикаси бизнес форумида маълум қилди. 

“Корея ва Ўзбекистон ўртасида 1992 йилда дипломатик алоқалар ўрнатилгандан сўнг дунё ҳамжамияти барча мамлакатларининг ҳавасини келтирадиган ўзаро ишончга асосланган алоқалар юзага келди. Биз жуда яқин дўстларга айландик”, — дейди у.

Дипломатнинг сўзларига кўра, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил ноябрь ойида Жанубий Кореяга амалга оширган ташрифи яқин ҳамкорликка мустаҳкам пойдевор яратди ва иккитомонлама муносабатларни янада юқори ривожланиш босқичига олиб чиқди. Бунинг шарофати ўлароқ, умумий қиймати 10 миллиард АҚШ долларидан зиёд шартномалар имзоланди, энергетика ва ресурслар, савдо-сотиқ, инвестиция ва молия каби йўналишларда келишувларга эришилди.

Элчининг айтишича, айнан ҳозир Жанубий Корея корпорациялари Ўзбекистон билан ҳамкорликни жиддий олиб бориши керак. У мазкур бизнес-мулоқот доирасида томонлар кўплаб амалий натижаларни қўлга киритишларига умид билдирди.

Эслатиб ўтамиз, ўз ишини бошлаган бизнес форумда 60га яқин хорижлик меҳмонлар иштирок этаяпти. Жанубий Корея делегациясига ушбу мамлакат бош вазири ўринбосари, молия вазири Ким Донг Ён  бошчилик қилаяпти.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn