Парламент жамиятдаги янгиланишларда фаол бўлмоғи зарур
  • 20 Январь 2018

Парламент жамиятдаги янгиланишларда фаол бўлмоғи зарур

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси давлат ва жамиятни демократлаштириш сари қўйилган яна бир дадил қадам бўлди.  Мазкур тарихий воқелик юртимизда халқ, ҳа, айнан, халқ манфаати йўлида олиб борилаётган жадал суръатдаги ислоҳотлар янада изчил давом эттирилишининг ёрқин тасдиғи сифатида фуқароларимиз қалбидан чуқур жой олди ва эртанги кунга ишончини бир поғона юксалтирди.

Мурожаатнома нафақат 2017 йилда қилинган амалий ишларнинг сарҳисоби, балки бугунги ҳаётимизда мавжуд бўлган камчилик ва нуқсонлар, уларни бартараф этиш йўллари, давлат ҳамда жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ органларини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишларни белгилаб бергани билан алоҳида аҳамият касб этади.  

“Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган ғоя ўз тажассумини топган Мурожаатнома халқ вакиллари учун, ҳар бир раҳбар ва мансабдор шахслар учун истиқболдаги ишлар ҳамда режаларни белгилаб олишда, том маънода, дастуриламал ҳужжатдир. Бошқача айтганда, у юртимизда яшаётган ҳар бир инсонни Ватан равнақи йўлида камарбаста бўлишга ундайди. 

Аввало, унда илгари сурилган ғоя ва вазифаларни чуқур ўрганишимиз, айниқса, ёшларимиз онгига сингдиришимиз, ишимизда тубдан ўзгариш ясашимиз зарур. Мудроқлик, шунчаки хўжакўрсинга ишлаш, “мендан кетгунча, эгасига етгунча” қабилида иш кўриш ҳолларига тамомила барҳам бериш вақти етиб келганини идрок этишимиз керак. 

Хусусан, Президентимиз Олий Мажлис фаолиятига оид ғоят одилона танқидий фикр-ларни билдирди. Юртбошимиз халқ дарду ташвишлари, мамлакатимизнинг иқтисодий ривожланишига хизмат қиладиган қонунлар қабул қилиш заруратига урғу берди. Айни шу тамойиллар фаолиятимиз мезони бўлиб, халқимиз манфаатини барча нарсадан устун қўйсак, шубҳасиз, парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига, кенг кўламдаги ислоҳотлар ташаббускорига айланади. Бинобарин,  депутат, сенатор бўлиш қанчалик шараф бағишласа, шунчалик улкан масъулият ҳам юклайди. Чунки биз қабул қилаётган қонун ҳужжатлари миллионлаб инсонларнинг ҳаёти ва тақдирига, мамлакат келажагига дахлдордир. 

2018 йил мамлакатимизда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилиниши замиридаги аниқ ҳамда эзгу мақсадларни рўёбга чиқариш, Ўзбекистонни энг ривожланган давлатлар даражасига кўтариш, меҳнаткаш халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш зиммамиздаги вазифаларни қай даражада сидқидилдан бажаришимизга боғлиқ. Халқимиз ва давлатимиз раҳбари биздан кутаётган фидойилик, фаоллик, ташаббускорликни шунчаки қуруқ ваъдаларда эмас, амалда намоён этиш, ижро механизмларига эга бўлмаган “ўлик” қонунлар эмас, бирдан-бир манбаи ва том маънода муаллифи халқ бўлган қонунлар ҳаётга татбиқ қилиниши учун интилмоғимиз керак. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, ҳаётдаги ўзгаришларни халқимиз билиши, давлат ҳокимияти тизимида ҳақиқатан ҳам ўз вакили борлигини сезиши керак. Акс ҳолда, барча ишларимиз, тадбирларимиз зое кетади. 

Қувондиқ САНАҚУЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn