ЕХҲТ Бош котиби Томас Гремингер: «Ўзбекистонда ҳайратланарли ўзгаришлар юз бермоқда»
  • 18 Январь 2018

ЕХҲТ Бош котиби Томас Гремингер: «Ўзбекистонда ҳайратланарли ўзгаришлар юз бермоқда»

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Бош котиби Томас Гремингер фаолият бошлаганининг ярим йиллиги муносабати билан берган интервьюсида Ўзбекистонда кечаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнини эътироф этди.

Ташкилотнинг “YouTube” ижтимоий тармоғидаги каналида жойлаштирилган суҳбатда Бош котиб ЕХҲТ минтақасидаги вазият, мавжуд муаммолар, шунингдек, ижобий ўзгаришлар ҳақида фикр юритган. “Ўзбекистонда ҳайратланарли ўзгаришлар юз бермоқда ҳамда бу Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликнинг юқори суръатларда ривожланишига туртки бўлаяпти”, дейди швейцариялик машҳур дипломат.

Шуни қайд этиш керакки, ЕХҲТ Ўзбекистонда жамият ҳаётининг барча жабҳасида рўй бераётган туб ўзгаришлар, жумладан, демократлаштириш жараёни, инсон ҳуқуқлари, эркинлиги ва манфаатларини таъминлаш, инвестиция муҳитини яхшилаш ҳамда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга катта қизиқиш билан қарамоқда. Буни Ташкилот Бош котиби Томас Гремингернинг ўтган йили ноябрь ойида Ўзбекистонга ташриф буюргани ва Самарқандда бўлиб ўтган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро конференцияда қатнашиб, нутқ сўзлагани ҳам тасдиқлайди.

Унинг ишонч билдиришича, нуфузи ҳамда иштирокчилари сони кўплиги бўйича мислсиз бўлган Самарқанд форуми натижалари минтақавий ҳамкорликка янги суръат бағишлаш, стратегик жиҳатдан муҳим минтақада ўзаро англашув ва ишонч муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Қолаверса, Ҳаракатлар стратегиясида илгари сурилган устувор йўналишлар ЕХҲТнинг асосий мақсад ҳамда ғоялари билан уйғундир.

Қобил ХИДИРОВ

тайёрлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn