Парламент аъзолари муаммоларни бартараф этишда мутасадди ташкилотларга кўмаклашмоқда
  • 18 Январь 2018

Парламент аъзолари муаммоларни бартараф этишда мутасадди ташкилотларга кўмаклашмоқда

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзолари жойларда аҳоли билан мулоқот қилиб, уларнинг турмуш тарзи, яшаш шароити билан танишмоқда. Эътиборли жиҳати, парламент аъзолари бу галги фаолият давомида нафақат муаммони ўрганиш, балки уларнинг ечимида амалий кўмак кўрсатишга ҳам жиддий эътибор қаратишаяпти.

Чунончи, халқ вакилларининг Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида аҳоли билан учрашувлари жонли кечаётир.

— Депутатларнинг хонадонимизга келиб, самимий суҳбатлар қураётгани, муаммоларимизни тинглаётгани бизни жуда қувонтирди, — дейди Ёзёвон туманидаги “Тегирмонбоши” маҳалла фуқаролар йиғини фаоли Мавлудахон Мамадалиева. — Маҳалла таркибидаги 10 кўчанинг деярли барча ички йўллари таъмирталаб бўлиб қолган эди. Бу фарзандларимизнинг қиш кунларида мактабга, боғчага қатнашида анча қийинчиликлар туғдирарди. Йўл белгилари, пиёдалар йўлаги йўқ. Шу боис кейинги пайтларда йўл ҳаракати билан боғлиқ кўнгилсизликлар тез-тез юз бераётгани барчамизни қийнарди. Парламент аъзолари мазкур масалага эътибор қаратиб, унинг ҳал этилишига амалий кўмаклашишди. Кўндаланг турган ушбу муаммо босқичма-босқич ечимини -топадиган бўлди. Қишлоқ аҳли бундан беҳад хурсанд.

Халқ вакилларининг Қоратепа, Тараққиёт, Иштирхон, Гузарбоши, Соёна, Хонобод маҳаллаларидаги аҳоли билан учрашувларида мактабгача таълим муассасалари, мактабларни таъмирлаш, коммунал хизматлар, тоза ичимлик суви, пенсия таъминоти, соғлиқни сақлаш, транспорт ва йўл қурилиши, тадбиркорлик билан боғлиқ 200 дан ортиқ масалалар ҳамда таклифлар ўрганилди, тегишли мутасаддилар билан уларни бартараф этиш чоралари келишиб олинди.

— Мулоқотлар жараёнида депутат ва сенаторлар аҳолини ташвишлантираётган муаммо ҳамда камчиликларни бартараф қилишда мутасадди ташкилотларга амалий ёрдам кўрсатмоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Исломжон Зокиров. — Мисол учун, суҳбатларнинг бирида “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, уйида инклюзив тарзда таълим олувчи 1-гуруҳ ногирони Мард Раҳмонов компьютер сабоқларидан билимларини мустаҳкамлашда қийналаётгани ва бу муаммо беш йилдан буён ўз ечимини топмаётганидан шикоят қилди. Мазкур ҳолат атрофлича ўрганилди ҳамда у шу куннинг ўзидаёқ компьютер жамламаси билан таъминланди.

Айтиш жоизки, тумандаги 33 маҳалла фуқаролар йиғинидаги 100 мингдан ортиқ аҳоли билан очиқ мулоқотларда маҳалла фаоллари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари, фермерлар, таълим муассасалари ўқитувчи ҳамда ўқувчилари фаол иштирок этмоқда. Ўз фаолиятини кенгайтириш, кредит олиш, ер ажратиш ва бошқа масалалар юзасидан мурожаат қилган тадбиркору фермерлар тегишли ташкилотлар раҳбарларидан ўзларига зарур маслаҳат ва маълумотларни олаяпти.

Бухоро вилоятининг Ромитан туманидаги “Қаҳрамон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Розия Саидова турмушнинг анча-мунча аччиқ-чучугини тотган. Қарамоғида ногиронлиги бўлган бир нафар фарзанди бор. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳа аҳволини ўрганиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этишга амалий кўмак кўрсатиш мақсадида туманда бўлиб турган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари у истиқомат қилаётган хонадонга кириб келиши бу аёлнинг турмуш ташвишларини енгиллаштирди. Р. Саидовага “Ромитан пахта тозалаш” корхонаси томонидан тикув машинаси ажратилди. Шахсий ёрдамчи хўжалигини ташкил этиш учун парранда берилди.

— Ўрганиш жараёнида ҳозирги пайтгача Челонғу, Тошработ, Боғитуркон, Қўрғон, Урганжи сингари ўнлаб аҳоли пунктлари, маҳаллаларда бўлдик, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Феруза Ибрагимова. — Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати, тизимдаги аҳволни ҳам атрофлича ўрганиб, муаммоларни жойида ҳал қилиш чораларини кўраяпмиз. Масалан, ўтган йилнинг сентябрида туманда бўлганимизда, туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлими биноси қурилган-у, аммо айрим сабабларга кўра, фойдаланишга топширилмаган эди. Бугунги кунда барча қулайликка эга бўлим алоҳида бинода фаолият юритмоқда. Кўп тармоқли поликлиника ҳам таъмирга муҳтож эди. Айни вақтда бу ерда беморлар учун барча шарт-шароит яратилган. Шунингдек, туман кўп тармоқли поликлиникасига Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси томонидан ажратилган маблағлар эвазига видеокузатув камералари ўрнатилди. Биз поликлиникада электрон карточка тизимини ташкил этиш таклифини бердик. 34-умумтаълим мактабида эса табиий газ босими камлиги аниқланиб, соҳа мутасаддилари кўмагида тақсимлагич пунктига қўшимча қувурлар ўтказилди. Натижада синф хоналари бир меъёрдаги ҳарорат билан таъминланди. Ўрганиш жараёнида шунга ўхшаш кўплаб масалаларни туман мутасаддилари билан ҳамкорликда ҳал қилаяпмиз.

Парламент аъзоларининг аҳоли билан мулоқотлари давом этмоқда.

Элёржон ЭҲСОНОВ,

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn