18 ярим мингдан ортиқ мурожаатлар қонун доирасида ечимини топди
  • 14 Декабрь 2017

18 ярим мингдан ортиқ мурожаатлар қонун доирасида ечимини топди

Инсонларнинг давлатга, адолат ва қонунларга ишончини мустаҳкамлаш учун, аввало, халқ манфаатига қаратилган ислоҳотлар амалий тасдиғини топмоғи, давлат идоралари ҳамда фуқаролар ўртасидаги муносабат очиқликка, шаффофликка асосланмоғи лозим. Агар бунинг акси ўлароқ кенг кўламли ислоҳотлар жойларда ижросини топмай, қоғозда қолиб кетаверса, раҳбар ва мансабдор шахслар одамлар дарду ташвиши билан қизиқмаса, бундай жамиятнинг эртаси ҳақидаги умид ва тасаввур кун сайин хира тортиб бораверади.

Президентимиз ташаббуси ва ғоясига кўра мурожаатлар билан ишлаш тизими мазмун-моҳиятан такомиллаштирилгани, Виртуал қабулхона, Халқ қабулхоналари институтлари шакллантирилгани, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида халқ талаб ҳамда истаклари асосида ишлаш принципи жорий қилинаётгани пировард мақсад — ислоҳотларнинг ҳаётбахшлигини кафолатламоқда. Энг муҳими, одамларимиз ҳеч ким давлат ва жамиятнинг эътиборидан четда эмаслигига, кимнингдир ташвишу қувончини акс эттирган, ҳаттоки эртанги кунини, тақдирини ҳал қилувчи ҳар бир мурожаат қатъий тартиб ҳамда назорат остида ўз ечимини топишига тобора амин бўлиб бормоқдалар. Жойларда фаолият юритаётган Халқ қабулхоналари уларга чин маънода суянч бўлаётир.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилоятидаги Халқ қабулхонасига жисмоний ва юридик шахслардан 26 минг 500 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган бўлиб, асосий қисми ҳудудий ташкилотлар, маҳаллий ҳокимликлар ва тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ҳал этилиши учун йўналтирилган. Ушбу мурожаатларда уй-жой ва ер майдони ажратиш, пенсия ва ижтимоий нафақалар, ишга жойлашиш, моддий ёрдам олиш, алимент ундириш, табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви таъминоти, йўл қурилиши билан боғлиқ муаммолар бот-бот тилга олинади. Шунингдек, соғлиқни сақлаш, ички ишлар, банк-молия, таълим муассасалари фаолиятига дахлдор мурожаатлар ҳам борки, буларнинг барчаси вилоятда мазкур соҳаларда муайян камчиликлар кузатилаётганидан далолат беради.

— Вилоят, шаҳар ва туманлар Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар ўз вақтида, малакали, қонунчилик талабларига мувофиқ равишда кўриб чиқилиши таъминланмоқда, — дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири Тоҳир Муллажонов. — Натижада фуқаролар мурожаатларининг 18 ярим мингдан зиёди бўйича амалий ишлар қилинди, 6 мингдан ошиқ мурожаатларда кўтарилган масалалар юзасидан тушунтиришлар берилди. Шуниси аниқки, олдинлари маҳаллий ҳокимликлар, бошқарма ёки ташкилот раҳбарлари ҳамда мутасадди ходимларнинг жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларига лоқайд қараши натижасида фуқаролар ўз дарду ташвишларига чора излаб пойтахтга интилган бўлса, Халқ қабулхоналари мана шундай сарсону оворагарчиликларнинг олдини олмоқда. Эндиликда фуқаро ҳақ бўлса, ариза, шикоят ёки таклифи қуйи бўғиндаёқ қисқа вақтда ечим топаётир.

Ўрганишлар кўрсатадики, Халқ қабулхоналарига мурожаат қилаётганларнинг аксарияти муаммоси тегишли идора томонидан ҳал этилмаган фуқаролардир. Ойлаб, ҳатто йиллаб кўтариб юрган муаммолари Халқ қабулхоналари аралашуви билан барҳам топаётгани одамларимизда амалга оширилаётган ўзгаришларнинг самарасига бўлган ишончни кучайтирмоқда. Дарҳақиқат, Халқ қабулхоналари халқ билан фаол, очиқ ва ошкора мулоқот олиб бориш майдонига, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашнинг замонавий, самарали ва таъсирчан механизмига айланаяпти.

— Наманган вилоятининг Поп туманидаги “Навбаҳор ФИШ” раҳбари балиқ чавоқлари етказиб бераман, деб ўттиз миллион сўм пулимни олиб, узоқ вақт алдаб келди, — дейди тадбиркор Эркин Аҳмедов. — Қийналиб юрганимда Халқ қабулхонаси жонимга оро кирди. Аризам Поп тумани прокуратурасига юборилди ва ушбу идора томонидан муаммо қонун доирасида ҳал этилди. Ундира олмай юрган пулим мен раҳбарлик қилаётган “Мирзачўл ФИШ” корхонаси ҳисоб-рақамига ўтказиб берилди. Кези келганда айтишни истардимки, бугунги кунда биз, тадбиркорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганимиз кўплаб янги иш ўринлари очилишига ва кўплаб оилаларга қут-барака киришига замин яратаяпти. Халқимизни ҳаётдан рози қилиш, бой қилиш йўлидаги бундай эзгу ишлардан беҳад мамнунмиз.

Қайд этиш жоизки, Халқ қабулхоналари орқали муаммолари ечим топаётгани боис фуқароларимизнинг миннатдорлик, шукроналик мазмунидаги мурожаатлари сони ҳам ортиб бораётир. Мисол учун, Жиззах шаҳридаги “Ҳумо-29” мактабгача таълим муассасаси мудираси Гулчеҳра Мустафаева боғчадаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган ер-тўлани таъмирлашда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган эди. Мазкур мурожаат мутасаддилар эътиборига ҳавола этилди. Натижада ҳудуддаги “Вера-Вера Круз” МЧЖ ташкилоти таъмирлаш ишларини беғараз ва сифатли бажариб берди. Бундан муассаса ходималари миннатдор.

Яна бир муҳим жиҳат. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилоятидаги Халқ қабулхонаси томонидан ҳудудларда мурожаатларни кўриб чиқиш суръати ва натижалари ҳам изчил ўрганиб борилмоқда. Бу борада масъулиятсизликка йўл қўйган раҳбар ва мансабдорларнинг жавобгарлиги масаласи бўйича таклифлар киритилмоқда. Жумладан, Халқ қабулхоналари фаолият бошлаган вақтдан ҳозирги кунга қадар вилоятда 218 нафар масъул шахсга нисбатан тегишли жавобгарлик чоралари қўлланилди.

Умуман, халқ билан мулоқот қилиб, уларнинг дарду ташвишларини енгиллатиш инсон манфаатларини таъминлашга доир стратегик мақсадга, юксак марраларга эришишнинг муҳим омили бўлмоқда. Халқ минбарига айланган Халқ қабулхоналари институти бунинг яққол далилидир.

Толибжон ЭРГАШЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn