Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида қиймати қарийб 140 миллион АҚШ долларилик 60 га яқин шартномалар имзоланди
  • 13 Декабрь 2017

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида қиймати қарийб 140 миллион АҚШ долларилик 60 га яқин шартномалар имзоланди

 

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий сессия ва кооперация биржаси бўлиб ўтди. 

Қирғизистон Республикаси Президенти Сооранбай Жээнбековнинг мамлакатимизга расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида уюштирилган мазкур анжуманда мамлакатимиз ишбилармон доира, божхона, солиқ идоралари вакиллари, Қирғизистоннинг машинасозлик, қурилиш, озиқ-овқат, енгил саноат, қадоқлаш соҳаларида фаолият юритаётган 100 дан ортиқ компаниялари вакиллари, тадбиркорлар қатнашди.

Бугунги кунда Ўзбекистон қўшни давлатлар билан муносабатларни ҳар тарафлама мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратмоқда. Хусусан, Ўзбекистон ва Қирғизистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик ҳам янгича мазмун касб этиб, ўзаро савдо-иқтисодий алоқалар фаоллашди. Икки мамлакат Президентларининг олий даражадаги учрашувлари чоғида эришилган келишувлар сиёсий, савдо-иқтисодий ва ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, транспорт-коммуникация, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги, маданият ва бошқа соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлашда янги даврни бошлаб берди. Айни пайтда чегара постлари очилиб, транспорт алоқалари қайта тикланди.

— Ўзбек ва қирғиз халқларининг ўзаро яқин қўшничилик муносабатлари, савдо-иқтисодий ҳамкорлиги кундан-кунга яхшиланиб бормоқда, — дейди Қирғизистон Савдо-саноат палатаси президенти Марат Шаршекеев. — Президентингизнинг Қирғизистонга давлат ташрифи доирасида ташкил этилган бизнес-форум якунлари бўйича умумий қиймати 175 млн. АҚШ долларига тенг бўлган 60 га яқин шартномалар имзоланди. Албатта, бу савдо алоқаларини мустаҳкамлашда қўл келмоқда.

Ҳозирги пайтда юртимизда Қирғизистон капитали иштирокидаги 54 та корхона фаолият кўрсатаётир. Қирғизистонда эса Ўзбекистон ишбилармонлари томонидан барпо этилган 50 га яқин корхона иш юритмоқда. Олиб борилаётган тенг манфаатли саъй-ҳаракатлар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида Ўзбекистон — Қирғизистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 60 фоиздан ошди.

Тадбир икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида савдо алоқаларини йўлга қўйиш ва кенгайтириш, янги қўшма корхоналарни ташкил этиш, савдо-сармоявий лойиҳалар рўёби йўлида ўзига хос майдон вазифасини ўтаб, кўплаб шартномалар имзолаш имконини берди.

— Бугунги сессия биз учун самарали бўлди, — дейди Қирғизистон Республикаси “Viva Tex” корхонаси савдо бўйича директори Динара Мамасидиқова. — Корхонамиз трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган. Бу соҳада бой тажрибага эга ўзбекистонлик ишбилармонлар билан алоқаларни йўлга қўйиш ҳар тарафлама фойдали. Келгусида ҳамкорликда қўшма корхона фаолиятини йўлга қўйиш ниятидамиз. 

Сессияда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш ва унинг номенклатурасини кенгайтириш, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида кооперацияни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, автомобиллар, маиший ускуналар, қурилиш материаллари, тўқимачилик маҳсулотлари ва бошқа товарлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ташкил этиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Мазкур анжуман узоқ муддатли иқтисодий ҳамкорлик дастурларини амалиётга жорий қилиш, ўзаро маҳсулот ҳамда хизматлар етказиб бериш ҳажмини кўпайтиради.

Сессия доирасида енгил саноат, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари соҳаларида бўлиб ўтган “B2B” ишбилармонлар иштирокидаги учрашувларда қарийб 140 миллион АҚШ доллари миқдорида 60 га яқин шартномалар имзоланди.  

Раҳим ШЕРҚУЛОВ,

“Халқ сўзи” мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn