Қирғизистон Иссиқ-Кўлдаги 4 та пансионатни Ўзбекистонга қайтаради
  • 13 Декабрь 2017

Қирғизистон Иссиқ-Кўлдаги 4 та пансионатни Ўзбекистонга қайтаради

Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистонга Иссиқ-Кўлдаги 4 та пансионатни қайтаришни таклиф этмоқда. Бу ҳақда 12 декабрь куни, Жокоргу Кенешнинг иқтисодий ва фискал сиёсат бўйича қўмитаси йиғилиши давомида бош вазир ўринбосари Даир Кенекеев маълум қилди.

Унинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги Иссиқ-Кўл вилояти объектлари бўйича битим лойиҳаси депутатларнинг кўриб чиқиши учун таклиф этилган. 

“Битим Иссиқ-Кўлдаги 4 та пансионат: Бостери, “Алтин Жай” (собиқ “Роҳат”), “Эне Сай” (“Дилором”), “Бўстон”ни назарда тутади. Собиқ Президент (Атамбаев)нинг Ўзбекистонга ташрифи давомида ушбу пансионатлар бўйича келишув бор эди. Ўзбекистон бу масалага ечим топиш учун арбитражга мурожаат қилди, улар эгалик ҳуқуқини қайта кўриб чиқишни сўрашмоқда. Ҳукумат ҳуқуқий асосда кўриб чиқилишини хоҳлайди”, — дейди Кенекеев.

Пансионатлар жойлашган ерлар Қирғизистон Республикасига тегишли бўлишда давом этади, бироқ мулкнинг ўзи Ўзбекистон ихтиёрига ўтиши лозим.

“Кейинчалик биз кўрсатмоқдамизки, Ўзбекистон расмийлаштиришдан сўнг пансионатларни йил давомида ишлайдиган ва ишчиларининг 30 фоизи Қирғизистондан бўлган 3-4 юлдузли меҳмонхонлар даражасига етказиши керак. Биз бу масалага ечим топиш бўйича тегишли ҳужжатни имзолашни таклиф этмоқдамиз”, — дея сўзини давом эттирган бош вазир ўринбосари.

Депутатларнинг таъкидлашича, бу эски битимнинг ўзи. Депутат Фарҳод Тулендибоев ҳозирги пайтда мавжуд бўлган қарзлар билан нима бўлиши борасида қизиққан. 

Давлат мулкларини бошқариш бўйича жамғарма раисининг ўринбосари Бекбўлат Алиевнинг таъкидлашича, қарздорликлар мамлакат ўртасида эмас, балки хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида бўлган. Барча масалалар қонунчиликка мувофиқ ҳал этилади.

Сўнгги маълумотларга кўра, мазкур масала ижобий ечим топиш арафасида. Бу ҳақда “24.kg” Қирғизистон давлат мулкларини бошқариш бўйича Жамғармаси раҳбари Дуйшенбек Зилалиевга таянган ҳолда хабар бермоқда.

“Ўзбекистон томонидан битимга яқин кунларда имзо қўйишади. Қирғизистон делегацияси музокаралар ўтказмоқда ва ўзаро мақбул қарорга эришган”, — дейди у.

Зилалиевнинг таъкидлашича, агарда битим имзоланса, можаро йўқолади ва арбитраж бўйича ҳам ечим топилади. Ҳужжатни имзолаш эҳтимоли жуда юқори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn