Бизга ушбу масалада кўплаб сайловчиларимиз мурожаат қилар, тўғриси, жавоб беришга қийналардик
  • 13 Декабрь 2017

Бизга ушбу масалада кўплаб сайловчиларимиз мурожаат қилар, тўғриси, жавоб беришга қийналардик

 

Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан баён этилган дастурий маъруза инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятда ижтимоий адолатни қарор топтиришдек эзгу ғояларга асослангани билан алоҳида аҳамиятга эга.

Айниқса, Асосий Қонунимизда белгиланган “инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият” мазмунидаги қоидани амалда татбиқ этишга жиддий эътибор қаратилди. Маърузада энг муҳим масалалардан яна бири фуқароларнинг “беайб айбдор бўлиб қолиши” билан боғлиқ салбий иллатга чек қўйишга оид ташаббуслардир.

Дарҳақиқат, бир неча йиллар мазкур салбий амалиёт орқали кўплаб инсонлар -бошқалар содир қилган жиноят учун жавобгар бўлди, қариндошлари айби учун ишга жойлашишда, хизмат поғоналарида юқорилашда тўсиқларга учради.

Бизга ҳам ушбу масалада кўплаб сайловчиларимиз мурожаат қилар, тўғриси, жавоб беришга қийналардик. 

Жиноят кодексида белгиланган “айб учун жавобгарлик” принципи амалда самарали ишламас, бу жабрланаётган фуқаролар билан бирга, бизни ҳам ташвишга солар, адолатли жамият барпо этиш йўлида, афсуски, ана шундай тўсиқлар ҳам мавжуд эди. Давлатимиз раҳбари томонидан бундай салбий иллатни бартараф қилиш борасида илгари сурилган ташаббус инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, жамиятда ижтимоий адолатни қарор топтириш йўлидаги дадил қадамдир.

Яна бир муҳим ташаббус Халқ қабулхоналари негизида Тезкор давлат хизматлари агентлигини ташкил этиш билан боғлиқ. Бунинг замирида ҳам Асосий Қонунимизда белгиланган бош эзгу ғоя — инсонлар учун қулайлик яратиш, уларнинг фаровонлигини таъминлаш мақсади мужассам. Мазкур янги институт келгусида аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ масалаларда муҳим ташкилий тузилма вазифасини ўташи, шубҳасиз. Яъни у жойлардаги давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари томонидан кўрсатиладиган турли хизматларни мувофиқлаштириш орқали аҳолига янада қулайлик яратади.

Келгуси йилларда ҳам парламент, вакиллик, жамоатчилик назоратини кучайтириб бориш билан боғлиқ фикрлар ҳам қимматлидир. Ҳақиқатан ҳам, мазкур институтлар ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли жамият барпо қилишнинг бош мезони ҳисобланади. Улар фаолиятини самарали ташкил этиш орқали жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга эришамиз. Биргина парламентнинг давлат бошқарувидаги роли ортиши, турли ижро ҳокимияти органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолияти қонуний ҳамда самарали ташкил қилинишига, ўз зиммасига юклатилган вазифалар ижросига нисбатан масъулияти янада кучайишига, аҳолини ташвишга солаётган муаммолар тезкор ҳал этилишига хизмат қилади. Зеро, қонун устуворлиги — жамият тараққиётининг муҳим мезонидир.

Шунингдек, тантанали маросимда келгуси йилда ҳам мамлакатимизда ижтимоий соҳага, хусусан, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига эътибор янада кучайиб, бу йўналишларда ҳам кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш белгиланди. Бу биз учун партиямиз дастурий мақсадларини рўёбга чиқариш, электорат манфаатларини муҳофаза этишда янги имкониятларни яратади.

Умуман, мазкур маърузада илгари сурилган фикрлар, моҳиятига кўра, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ғоянинг бундан буён ҳам фаолиятимиз асосий йўналиши бўлиб қолишини таъминлаш, Конститу-циядаги инсон ҳуқуқларига йўғрилган қоидаларнинг ҳаётий рўёбида муҳим аҳамият касб этади.

Шуҳрат ЯКУБОВ,

Ўзбекистон Республикаси 

Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати,

«Адолат» СДП фракцияси аъзоси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn