Ўзбекистон делегацияси Европа Иттифоқи — Марказий Осиё мамлакатлари адлия вазирларининг 5-йиғилишида иштирок этди
  • 11 Декабрь 2017

Ўзбекистон делегацияси Европа Иттифоқи — Марказий Осиё мамлакатлари адлия вазирларининг 5-йиғилишида иштирок этди

Ўзбекистон Республикаси делегацияси Брюссел шаҳрида (Бельгия) ҳуқуқ устуворлиги масалалари бўйича  Европа Иттифоқи — Марказий Осиё мамлакатлари адлия вазирлари Кенгаши йиғилишида иштирок этди.

Мажлисдан кўзланган мақсад Европа томони билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатлари сиёсий, эксперт ва жамоатчилик доираларини 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш, халқ билан мулоқот қилиш сиёсатининг ўзига хослиги, суд-ҳуқуқ соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида хабардор қилишдан иборот  бўлди.

Учрашувда Марказий Осиё мамлакатлари, шунингдек, Франция, Германия, Эстония ва Болгарияда одил судловдан фойдаланиш тизимини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Низоларни суддан ташқари ҳал қилиш имконини берувчи муқобил механизмни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири тадбир иштирокчиларини Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев раҳбарлигида барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ижобий ўзгаришлар ва тезкор ислоҳотлар ҳақида тақдимоти билан хабардор этди.

Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар кўлами биринчи навбатда халқ манфаатларини таъминлашга қаратилганлиги қайд этилди.

Давлат бошқаруви тизимини номарказлаштириш ва оптималлаштириш, коррупцияга қарши курашиш ва аҳолининг давлат томонидан тақдим этилаётган хизматлардан фойдаланишини енгиллаштиришни таъминлашга қаратилган Маъмурий ислоҳотлар консепцияси юқори баҳоланди ва қўллаб-қувватланди.

Европа томони Ўзбекистон ҳукуматининг маъмурий адлия тизимини жорий этиш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини мустаҳкамлаш, суд ва тергов жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ислоҳ қилиш борасидаги қарорларига алоҳида қизиқиш билдирди.

Р. Давлетов ўз маърузасида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни янада кучайтириш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, у икки томонлама муносабатларда амалга оширилмаган улкан салоҳият мавжудлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, вазир томонидан Марказий Осиё минтақасида ҳуқуқ устуворлиги, барқарорлиги ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш таклиф қилинди.

Конференция Раиси, Эстония Адлия вазири У. Рейнсал Р. Давлетовнинг тақдимотини алоҳида таъкидлаб ўтди. 

Шунингдек, у Президент Ш. Мирзиёев томонидан эълон қилинган “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”лиги бўйича ислоҳотлардаги ёндашувни Европа Иттифоқининг минтақадаги стратегияси доирасида Марказий Осиёда қонун устуворлиги соҳасида Европа Иттифоқи ташаббуси шиорига айланиши кераклигини айтиб ўтди.

Тадбир иштирокчилари Марказий Осиё ва Европа давлатларининг ҳуқуқ соҳасидаги мунтазам алоқалари амалий мулоқотни ривожлантиришига ҳисса қўшишини таъкидладилар.

Ҳуқуқнинг устуворлиги ташаббуси Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга янги туртки беради, ҳуқуқий ҳамкорликни мустаҳкамлайди

Ташрифнинг бой дастурига мувофиқ, ўзбек томони европалик ҳамкорлари билан бир қатор самарали мулоқотлар ва маслаҳатлашувлар ўтказди.

Германия Адлия вазирлиги истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва суд масалалари бўйича Бош директори М. Л. Граф-Шликер икки мамлакат вазирликлари ўртасида икки томонлама ва Европа Иттифоқининг ташаббуслари ҳамда дастурлари орқали ҳам ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканлигини маълум қилди.

ГФР Ўзбекистон томонининг Европа Иттифоқи доирасида таълим, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимларини танлаш ва жой-жойига қўйиш тизимини такомиллаштириш, адвокатурани ривожлантириш, нотариус тизими ва ФҲДЁ органларини ислоҳ қилиш бўйича Европа Иттифоқи грант маблағларини олиш учун ташаббусларини қўллаб-қувватлайди.

Франция адлия вазирлигининг Европа ва халқаро алоқалар департаменти Бошлиғи Ўзбекистон билан идоралараро муносабатларни ривожлантиришга катта аҳамият берилаётганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, Бордо университети билан ҳамкорликни ривожлантириш жараёни бу йўналишда муҳим қадам ҳисобланади ва ўзбек томонининг республика кадрлар салоҳиятини юксалтиришга ҳисса қўшишига ёрдам беради.

Франция томони суд экспертизасини такомиллаштириш бўйича тажриба алмашиш истиқболларини ўрганишга қизиқиш билдирди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn