Ўзбекистон мустақил ва бетараф Туркманистоннинг тинчликсевар ташқи сиёсатини қўллаб-қувватлайди 
  • 11 Декабрь 2017

Ўзбекистон мустақил ва бетараф Туркманистоннинг тинчликсевар ташқи сиёсатини қўллаб-қувватлайди 

2017 йилнинг 11 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги делегацияси Ашхабод шаҳрида бўлиб ўтган “Халқаро муносабатларда бетарафлик сиёсати ва превентив дипломатия: Туркманистон тажрибаси ва роли” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этди.

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ўз нутқида Ўзбекистон делегацияси номидан Туркманистон томонини миллий байрам – Туркманистоннинг бетарафлиги эълон қилинганининг 22 йиллиги билан табриклади.

“Туркманистон бетарафлик мақомини халқаро майдонда тан олиниши бурулиш нуқталаридан бири бўлган ҳамда давлат қурилиши ва мамлакат ташқи сиёсатининг асосий босқичларини кўп жиҳатдан олдиндан белигилаб берган воқеа бўлди”, — деди вазир.

ТИВ раҳбари “Ўзбекистон мустақил ва бетараф Туркманистоннинг тинчликсевар ташқи сиёсатини қўллаб-қувватлайди”, — деб таъкидлади. 2017 йил давомида Ўзбекистон — Туркманистон муносабатлари ўзгача хусусият ва юқори динамикага эга бўлди. Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга давлат ташрифи ва ташриф якунида икки томонлама алоқаларнинг барча янги салоҳиятларини очишга кучли туртки берган Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома имзоланиши икки мамлакат муносабатларида муҳим воқеа бўлди.

Шу куни Ўзбекистон делегацияси Туркманистон пойтахтида бўлиб ўтган “БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази: Марказий Осиё билан минтақадаги тинчлик ва тараққиётга йўналтирилган ҳамкорликнинг 10 йиллиги” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn