Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси тўғрисида ахборот
  • 11 Декабрь 2017

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси тўғрисида ахборот

2017 йилнинг 9 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилга мўлжалланган асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнозлари, солиқ ва бюджет сиёсати концепцияси ҳамда Давлат бюджети лойиҳасига бағишланган кенгайтирилган мажлис бўлиб ўтди. 

Қайд этилдики, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш, иқтисодиётда давлатнинг иштирокини янада қисқартириш, тадбиркорлик фаолияти давлат кафолатлари ва ҳимоясини кучайтириш, инвеситицияларни жалб этиш ҳамда иқтисодиётнинг базавий тармоқларини қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар белгиланган макроиқтисодий кўрсаткичларга эришишга кўмаклашди. 

Тасдиқланган дастурларни молиялаштириб ҳамда кўзда тутилган барча харажатларни ижро этган ҳолда 2017 йил бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилиши кутилаётганлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил 14 январдаги Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида белгиланган дефицитсиз бюджет тўғрисидаги вазифага мувофиқдир. 

Маҳаллий бюджетларнинг мустақиллигини ошириш ва даромад базасини мустаҳкамлаш, қўшимча даромад манбаларини аниқлаш, шунингдек, ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш учун қўшимча манбаларни жалб этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар Давлат бюджети параметрларининг ижро этилишига ижобий таъсир кўрсатди. 

Мажлисда ҳудудларнинг реал имкониятларидан келиб чиқиб, ечимини кутаётган мавжуд муаммоларни ва жойлардаги ишларнинг ҳақиқий ҳолатини ўрганган ҳолда ишлаб чиқилган келгуси йил мамлакатнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнозлари, бюджет даромадлари ва харажатлари параметрлари бўйича ёндашув ва таклифлар ҳар томонлама ва чуқур муҳокама қилинди. 

2018 йилда солиқ ва бюджет сиёсатини такомиллаштиришга, бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга ва бюджетлараро муносабатларни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишни давом эттириш назарда тутилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари харажатларида қабул қилинган давлат дастурларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакат ҳудудларига ташрифлари якунларида берган топшириқларини, шунингдек, валюта сиёсатини эркинлаштириш шароитида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тадбирларини амалга ошириш учун зарур маблағлар назарда тутилган. 

Маҳаллий бюджетлар даромадлари базасини янада мустаҳкамлаш, уларнинг даромадлар бўйича ваколатларини ва даромадлар прогнози ошириб бажарилган қисмини мустақил тасарруф этишда мустақиллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Республика бюджети ва маҳаллий бюджетлар ўртасида бюджетлараро муносабатларнинг янги механизми жорий этилмоқда. 

Мажлисда қайд этилдики, валюта ва нарх-наво сиёсатини эркинлаштириш шароитларида иқтисодиётнинг базавий тармоқларини қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳимоя қилишни кучайтириш, шунингдек, ижтимоий инфратузилма, уй-жой коммунал хўжалиги объектларини, шу жумладан йўллар қуриш, сув таъминоти бўйича тасдиқланган дастурларни молиялаштириш ҳамда йиллар давомида ўз ечимини кутаётган мумаммоларни бартараф этиш асосий вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Мазкур йўналишда вазирликлар ва идоралар томонидан белгиланган мақсадларга эришиш борасида мувофиқлаштирилган ишлар олиб борилмоқда ва буларнинг натижаси бугунги кундаёқ сезилмоқда. 

Мажлис иштирокчилари томонидан 2018 йилга мўлжалланган солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ҳар томонлама кўриб чиқилди, унда солиқ юкини янада қисқартириш, солиқ ва мажбурий тўловлар миқдорини камайтириш, маҳаллий бюджетлар даромад базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг мустақиллигини ошириш, маблағлардан оқилона фойдаланиш ва бюджетга тушумларнинг тўлиқлигини таъминлаш, жумладан: 

– фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиқларини бирлаштириш орқали умумий базавий ставкани 15,5 фоиздан 14,5 фоизгача камайтириш; 

– Пенсия жамғармаси, Республика йўл жамғармаси, Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига ажратмаларни ягона тўловга – давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларга бирлаштириш орқали умумий ставкани 3,5 фоиздан 3,2 фоизгача камайтириш, бу, ўз навбатида, хўжалик юритувчи субъектлар тасарруфида қарийб 411 миллиард сўм маблағ қолдириш имконини бериши; 

– жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ юки даражасини фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган ҳисобрақамларига ажратмалар миқдорини 1 фоиздан 2 фоизгача ошириш ҳисобига камайтириш ва бу фуқароларнинг жамғармаларини умуман 450 миллиард сўмдан кўпроққа ошириш; 

– якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқнинг аҳоли тадбиркорлик фаоллигини оширишга қаратилган ставкасини ўртача 30 фоизга пасайтириш; 

– ҳудудлар хусусиятлари ва фаолият кўрсатиш жойи ҳисобга олинган ҳолда, маҳаллий ҳокимият органларига жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи, ер солиғи ва қатъий белгиланган солиқлар бўйича белгиланган базавий ставкаларга нисбатан 0,7-1,3 гача камайтирувчи ва кўпайтирувчи коэффициентларни қўллаш ҳуқуқини бериш назарда тутилмоқда. 

Мажлис иштирокчиларининг эътибори, шунингдек, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш, даромад захираларини аниқлаш, маҳаллий бюджетларнинг мустақиллигини янада ошириш, иқтисодиётни қўллаб-қувватлашни таъминлаш, инфляция даражасини кўзда тутилган параметрлар доирасида сақлашни ҳамда қабул қилинган давлат дастурларини ва Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқлари сўзсиз молиялаштирилишини назарда тутувчи бюджет сиёсати доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга қаратилди. 

2018 йилда ҳам ўтган йиллардаги каби ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари устуворлиги сақлаб қолинади. Хусусан, ижтимоий соҳани молиялаштириш учун 34,7 триллион сўм маблағ йўналтириш назарда тутилмоқда. 

2018 йилги Давлат бюджети параметрларида қабул қилинган Давлат дастурларини амалга ошириш учун 8,5 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтириш таклиф этилмоқда, хусусан: 

2017-2021 йилларда Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш дастури доирасида 14 та мактабгача таълим муассасаси объектини қуриш, 256 та объектни реконструкция қилиш, 157 та объектни мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун 815 миллиард сўм маблағ (шундан 193 миллиард сўми – халқаро молия институтлари маблағлари) йўналтириш, бу – 2017 йилдагига нисбатан қарийб 3 баравар кўпдир; 

48 та олий таълим муассасасининг моддий-техника базасини ривожлантиришга 559,1 миллиард сўм ажратиш кўзда тутилган, бу 2017 йилдагига нисбатан 1,5 баравар кўпдир; 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳудудларга ташрифлари давомида берилган топшириқлари ва Давлат дастурида назарда тутилган вазифаларга асосан 296 та тиббиёт муассасасини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишларига – 753,6 миллиард сўм йўналтирилади; 

тиббиёт муассасаларини, энг аввало, оилавий поликлиникаларни, шошилинч ва тез тиббий ёрдам муассасаларини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни оширишга 915,4 миллиард сўм ёки 2017 йил параметрларида кўзда тутилганига нисбатан 2,5 баравар кўп маблағ сарфланади; 

тиббиёт муассасаларини, биринчи навбатда, қишлоқ врачлик пунктларини ва поликлиникаларни зарур скрининг ташхис ва даволаш ускуналари билан қўшимча жиҳозлаш учун – 50 миллиард сўм ажратиш кўзда тутилмоқда. 

Таъкидландики, уй-жой – коммунал хизматлар кўрсатиш ишларига харажатлар 228,6 миллиард сўмни ташкил этади, шу жумладан, кўп қаватли турар жойларга туташ ҳудудларни ободонлаштиришга – 47,2 миллиард сўм, кўп қаватли турар жойлар фондининг лифт ускуналарини таъмирлаш ва алмаштиришга – 22,4 миллиард сўм йўналтирилади. 

Янги ташкил этилган “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхоналари орқали 2017-2021 йилларда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш, сақлаш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш Дастури ижроси учун келгуси йилда 163,2 миллиард сўм ажратилади. 

«Тоза ичимлик суви» жамғармаси ҳисобидан ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастурининг бажарилишига 584,7 миллиард сўм йўналтириш кўзда тутилган. 

Шу билан бирга, транспорт-коммуникация лойиҳаларига 469,2 миллиард сўм ва республика ҳудудларида ижтимоий инфратузилма объектларини ривожлантириш дастурларини амалга оширишга 568,6 миллиард сўм йўналтириш назарда тутилмоқда. 

Қайд этилдики, Давлат бюджетини биринчи маротаба ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,02 фоиз миқдорида профицит билан тасдиқлаш таклиф этилмоқда. 

Мажлисда кун тартибидаги масалалар муҳокамаси доирасида бир қатор вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари раҳбарларининг, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари ҳисоботлари эшитилди. 

Вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларига, бюджетдан ажратиладиган маблағлардан манзилли фойдаланиш, бюджетга тушумларни ўз вақтида ва тўлиқ тушириш, маҳаллий бюджетлар даромадлар базасини кўпайтириш юзасидан масъулиятни ошириш ҳамда давлат солиқ хизмати ва молия органлари ҳудудий бўлинмалари олдига маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кўпайтириш ва захираларини аниқлаш бўйича аниқ вазифалар юкланди. 

Муҳокамалар якунлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари, солиқ ва бюджет сиёсати концепцияси ҳамда Давлат бюджети лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига юбориш тўғрисида қарор қабул қилинди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn