Эзгуликнинг ҳаётбахш кучи
  • 07 Декабрь 2017

Эзгуликнинг ҳаётбахш кучи

 

Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва

ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 45-моддаси.

Аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий ҳимоялашни кучайтириш, имконияти чекланган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, ижтимоий хизмат кўрсатишни яхшилаш, бунда давлат ва хусусий сектор шериклигини ривожлантириш тараққиётимизнинг муҳим дастуриламали — Ҳаракатлар стратегиясининг устувор вазифаларидан саналади.

Шунга кўра, юртимизда халқимизга хос бўлган меҳр-шафқат ҳамда эзгулик қадриятларига таянган ҳолда алоҳида эҳтиёжли инсонларнинг ўз орзу-умидларига эришиши, жамиятнинг бошқа аъзолари қаторида фаровон турмуш кечириши учун кўмаклашиш мақсадида юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Ҳар йили 3 декабрь — Халқаро ногиронлар куни мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда.

Юртимизда яшаётган бу тоифа қатлам вакиллари мамлакат сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳамда маданий ҳаётида фаол иштирок этиши учун зарур ҳуқуқий, ташкилий шарт-шароитлар яратилмоқда. Бинобарин, ногиронларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси Конституциямиз ҳамда унинг негизидаги қатор қонунларда ўз ифодасини топган.

Бугунги кунда юртимизда 600 мингдан ортиқ имконияти чекланган шахслар яшайди. Уларнинг кундалик эҳтиёжларини таъминлаш, ижтимоий, тиббий хизматлардан фойдаланиши учун қатор ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, сўнгги бир йилда бу борада беҳад қувонарли натижалар кўзга ташланаяпти. Дейлик, республикамизнинг барча ҳудудида барпо этилаётган янгиланган намунавий лойиҳадаги арзон уй-жойлар айнан ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳам ажратилаётгани туфайли кўплаб инсонларнинг ушалмасдек туюлган орзулари рўёбга чиқаётир.

Энг муҳими, бугун одамларда ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан муносабатни ўзгартириш, улар ҳам сизу биз каби жамиятнинг тўлиқ ҳамда тенг ҳуқуқли аъзоси эканини чуқур тушунтириш зарурати кўзга ташланмоқда. Шу маънода, эндиликда “ногирон” тушунчаси муомаладан чиқарилиб, унинг ўрнига “ногиронлиги бўлган шахс” атамаси киритилаётгани мақсадга мувофиқ, албатта.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 1 декабрда қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мана шундай янгиликларни қамраб олиши, инсон қадр-қимматини, у ким бўлишидан ва ижтимоий аҳволидан қатъи назар, янада улуғлаши билан беқиёс ўрин тутади.

Мазкур Фармон асосида Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Унда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт сифати ҳамда даражасини оширишга кенг қамровда ёндашиш асосий мезон қилиб белгиланган. Шунингдек, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилишга тайёргарлик кўриш, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, имконияти чекланган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва реабилитация қилиш самарадорлигини яхшилаш, уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ҳамда ишга жойлашишини таъминлаш кабиларга эътибор янада кучайтирилади.

Бундан ташқари, кўзи ожиз шахсларнинг саводхонлигини ошириш, шу мақсадда вилоятлар ва туманлар марказларидаги умумтаълим мактаблари негизида Брайль алифбосини ўқитиш бўйича махсус курслар ташкил этилиши чинакам маърифатли жамиятга хос ишлардан саналади. Қолаверса, янги ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитуриентлар қабулининг умумий сонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча равишда икки фоизли квоталарнинг киритилиши имконияти чекланган йигит-қизларни ўзи қизиққан соҳада олий маълумотли мутахассис бўлиш, шунинг баробарида, жамиятда ўрнини топиб, ўзига, оиласига, мамлакат фаровонлигига наф келтиришдек юксак орзулар сари дадил интилишга ундайди.

Маълумки, ҳозирги пайтда миллий енгил автомобиллар соғлом инсонлар учун мослаштирилгани боис ногиронлиги бўлган шахслар уларни бошқариш имкониятига эга эмас эди. Эндиликда ишлаб чиқариладиган миллий енгил автомобиллар ногиронлиги бўлган шахслар фойдаланиши учун мослаштирилган ҳолда, махсус ускуналар билан қайта жиҳозланиши ҳаётий заруратдир. Айниқса, жисмоний нуқсони бор фуқаролар жамоат транспорти, хусусан, автобуслардан фойдаланишда ҳам ноқулайликларга дуч келарди. Давлатимиз раҳбарининг Фармонига кўра, 2018 йил 1 мартдан эътиборан, ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштирилмаган шаҳар йўловчи транспорти воситаларини сотиб олиш тақиқланади.

Яна бир муҳим жиҳат. Мамлакатимизда шу пайтга қадар ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар ҳамда аҳолининг бошқа эҳтиёжманд тоифаларини ижтимоий ҳимоя қилишга масъул ягона идора йўқ эди. Президентимиз Фармонига биноан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида ушбу йўналишда масъул ихтисослаштирилган идоранинг ташкил этилиши соҳадаги долзарб муаммоларни ҳал қилишда яна бир жиддий қадам бўлди. Шунинг баробарида, Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг ташкил этилиши тиббий-ижтимоий ёрдам сифатини ошириш, протез-ортопедия буюмлари ва техник реабилитация воситалари ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ишларини жадаллаштиришга замин яратади. Ваҳолонки, имконияти чекланганларга етказиб берилаётган протез-ортопедия буюмлари ва техник реабилитация воситалари ҳар доим ҳам юқори сифатли эмаслиги, ушбу турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришга давлат стандартлари жорий қилинмагани фуқароларимизнинг асосли эътирозларига сабаб бўлаётгани ҳам айни ҳақиқат.

Янги Фармон ногиронлиги бўлган шахсларнинг қонуний манфаатларини таъминлашни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш имконини беради. Унда кўзда тутилган мақсад ҳамда вазифаларни амалга ошириш, эҳтиёжманд қатлам вакилларига беғараз ёрдам кўрсатиш жараёнида давлат ва нодавлат тузилмалар масъулияти, фаоллиги янада ортади.

Шубҳасиз, ногиронлиги бўлган инсонларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши уларни умидсизлик ҳамда ишончсизлик кайфиятидан халос этиб, ҳаётига мазмун, қалбларига қувонч бағишлайди. Бу эса жамиятда ижтимоий мувозанатни сақлаш ва ижтимоий адолат принципини қарор топтиришнинг энг муҳим шартларидан биридир.

Сайёра БАРАТОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn