Сиёсий партиялар: Қуруқ ваъдалар эмас, амалий ишлар керак
  • 07 Декабрь 2017

Сиёсий партиялар: Қуруқ ваъдалар эмас, амалий ишлар керак

 Газетамизнинг аввалги сонларида сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари Президентимизнинг жорий йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар, истиқболдаги чора-тадбирлар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирган эди.

Айтиш мумкинки, ҳозирги пайтда ҳар бир сиёсий партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб беришга ҳаракат қилмоқда. Бугунги давр партиялардан янада тезкор ва фаол бўлиш, электорат билан тизимли мулоқотни йўлга қўйишни, одамларни қийнаётган муаммоларни илдизигача ўрганишни тақозо этмоқда. Айниқса, сиёсий партияларнинг Қонунчилик палатасидаги фракциялари фаолиятини кучайтириш ҳаётий заруратдир. Мухбиримиз Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик ҳамда Халқ демократик партиялари фракциялари раҳбарларининг шулар хусусидаги фикрлари билан қизиқди.

Сарвар ОТАМУРАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари:

— Дарҳақиқат, бугун партия тизимининг барча бўғинидаги ходимлари, фаоллари халқимизнинг дардига шерик бўлиш, оғирини енгиллаштириш, уларни рози қилиш муҳимлигини, бу шунчаки, қоғоздаги гап эмаслигини чуқур англаб етмоқда. Шу боис узундан-узоқ мажлислар ўрнини очиқ мулоқотлар, қуруқ ваъдалар ўрнини амалий ишлар, натижасиз мурожаатлар ўрнини сайёр қабуллар, зерикарли маърузалар ўрнини баҳс-мунозаралар эгаллаяпти. Бу мулоқотлар “марказ — вилоят — туман” тизими асосида амалга оширилаётир.

Давлатимиз раҳбари маърузасидан сўнг янгича тизим асосида иш бошладик. Халқнинг овози керагу унинг дарди бир гап бўлар, деган кайфият билан энди узоққа бориб бўлмаслигини бугун партиядан сайланган барча даражадаги депутатлар, партия аъзолари яхши англайди. Шу боис одамлар орасига кириб бораяпмиз, уларнинг муаммоларини ўрганиб, ҳал этишга ҳаракат қилмоқдамиз. Чунончи, ўтган даврда фракция аъзолари жойлардаги партия ташкилотлари билан биргаликда 57 мингга яқин аҳоли билан уйма-уй юриб, мулоқотлар ўтказди. Масалаларнинг ярмидан кўпи жойида ҳал этилди, қолганларига ҳуқуқий маслаҳатлар, тушунтиришлар берилди. Бу билан иш тугагани йўқ. Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари эндиликда жойлардаги маҳаллий Кенгашлар депутатлари томонидан назоратга олинаяпти. Бу, ўз навбатида, фракция ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланиши, жойлардаги муаммоларнинг ижобий ҳал қилинишига ёрдам бераётир.

Йил бошидан фракция аъзоларига жисмоний ва юридик шахслардан 1 минг 300 га яқин мурожаатлар келиб тушди. Ушбу кўрсаткич фуқаролар мурожаати билан янада самарали ишлайдиган партия тизимида уюшмаган аҳоли, айниқса, аёллар ҳамда ёшлар билан мулоқотни таъминлайдиган янги ва йил давомида ўтказиладиган “Уйма-уй” лойиҳасини йўлга қўйишга имкон берди. Мазкур лойиҳа натижасида сўнгги бир ой давомида партия кўмагида 200 нафарга яқин уюшмаган аҳоли, айниқса, ёшлар ишга жойлаштирилишига эришилди. Партия тизимида илк бор уюшмаган ёшлар масаласи бўйича дастур қабул қилинди.

Сиёсий партиялар фракциялари фаолиятини, қонун ижодкорлигини кучайтириш борасида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, ўтган даврда 18 та қонун ташаббускорлиги амалга оширилди. 2 та қонун лойиҳаси, хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунлар лойиҳалари фракция аъзолари томонидан алоҳида ишлаб чиқилиб, қабул қилинди ҳамда айни пайтда -Сенатга юборилди.

Бугунги кунда қонун лойиҳаларининг оммавий муҳокамасида иштирок этиш ва қонун лойиҳаларини жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш жараёнида қатнашиш долзарб аҳамиятга эга. Ўз навбатида, ушбу шакллардан унумли фойдаланаяпмиз. Мазкур жараёнда замонавий ахборот технологиялари ёрдамида қонун лойиҳаси юзасидан халқнинг нуқтаи назарини ўрганишга ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда уларнинг фикр-мулоҳазаларини ифодалашга ҳаракат қилинмоқда.

Тўғри, аввал ҳам партия газетасида қонун лойиҳалари юзасидан муҳокамаларни ташкил этишга қаратилган махсус рукн бор эди. Лекин бугунги давр ижтимоий тармоқлардан самарали фойдаланишни тақозо қилмоқда. Айни чоғда партиянинг қонун лойиҳалари юзасидан қизғин баҳс-мунозараларини ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда кузатиш мумкин. Бундан ташқари, партия вакиллик органларининг жойларда нафақат фуқаро мурожаати, балки халқ билан ўтказаётган очиқ мулоқотлари, сайёр қабулларида қонун лойиҳаларининг тарғиботи масаласига устувор аҳамият қаратилаяпти. Ҳатто партияга йўлланаётган мурожаатларда ҳам қонун лойиҳалари бўйича ташаббуслар илгари сурилмоқдаки, бу фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги юксалаётганидан далолат беради. Узоққа боришнинг ҳожати йўқ: агар 2017 йилнинг бошидан партияга 4 мингга яқин фуқаролар мурожаати келиб тушган бўлса, уларнинг салкам 10 фоизини қонун лойиҳаларига таклифлар ташкил этади. Ушбу ғоя муаллифлари таркиби таҳлил қилинганда, уларнинг аксарияти тор соҳа мутахассислари, аёллар, ёшлар эканлиги маълум бўлди.

Президентимиз маърузасида ҳар бир сиёсий партиянинг назорат қилувчи давлат бошқаруви органлари белгилаб берилди. Шундан келиб чиқиб, партия ва фракция томонидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолияти устидан самарали парламент ва депутатлик назорати ўрнатилган. Бу бўйича ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди ҳамда чора-тадбирлар режалари тасдиқланди.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, жорий йилнинг ўзида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзМТДП гуруҳлари томонидан маданий мерос объектлари муҳофазаси ва туризмни ривожлантиришга оид 50 дан зиёд масалалар сессиялар муҳокамасига киритилган.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисига “Туризм тўғрисида”ги Қонуннинг ижроси ҳамда мамлакатда соҳани ривожлантириш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий шарт-шароитлар яратиш истиқболлари ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг парламент сўрови юборилди.

Айни пайтда фракция маданият соҳасига оид 2 та, яъни “Маданият тўғрисида”ги ҳамда “Театр ва театр фаолияти тўғрисида”ги қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш устида иш олиб бормоқда. Бу борада партия жойларда соҳа мутахассислари иштирокида театр соҳасидаги долзарб, ўз ечимини кутаётган масалалар муҳокамасига бағишланган очиқ мулоқотлар ўтказаяпти.

Партиямиз фаоллари, депутатлар бундан кейин ҳам жамиятда содир бўлаётган ўткир муаммоларни бартараф этишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишга ҳаракат қилади ҳамда миллий тикланиш ғоясини ҳаётга татбиқ этиш борасида ташаббус кўрсатади.

Хатамжон КЕТМОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари:

— Сўнгги пайтларда инсон манфаатлари, унинг бахту саодати олий қадрият сифатида янада қадр топмоқда. Айниқса, халқ ва ҳокимият ўртасида яқинлик вужудга келиб, одамларнинг эртанги кунга ишончи тобора ортаяпти. Албатта, бунга ўз-ўзидан эришилаётгани йўқ.

Партиялар мисолида айтадиган бўлсак, бугун ҳар бир сиёсий куч ўз олдига қўйган мақсадларини илгари суришга интилаётир. Хусусан, бизнинг партия ҳамда унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси давлатимиз раҳбари маърузасида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, фаол саъй-ҳаракатларни олиб бормоқда. Мисол учун, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган 78 та қонун лойиҳаси муҳокамасида фракциямиз аъзолари фаол қатнашди. Улар томонидан партия дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, 70 дан зиёд ёзма ва 180 дан кўп оғзаки таклифлар тегишли қўмиталарга тақдим этилди.

Бу борада сўз кетганда, аввало, қонун лойиҳаларини жойларда кенг жамоатчилик вакиллари билан муҳокама қилиш тажрибаси йўлга қўйилганини таъкидлаш зарур. Айни пайтгача 66 та қонун лойиҳаси партия Марказий кенгаши орқали жойларга муҳокама учун юборилган бўлиб, 120 дан ортиқ тадбирлар ўтказилди.

Ўз навбатида, фракцияни жойларда бўлаётган вазият, электоратни ўйлантираётган масалалар бўйича ўз вақтида хабардор этиб бориш бўйича тизим шаклланди. Шу ўринда Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти томонидан билдирилган 200 га яқин масалалар фракцияда ўрганилганини ҳамда тегишли чоралар кўрилганини айтиб ўтиш жоиз. Хусусан, Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти марказий бошқаруви томонидан билдирилган кўриш бўйича имконияти чекланган шахслар ижтимоий реабилитацияси ва интеграциясини яхшилаш ҳамда жамият фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга доир 70 дан ортиқ таклифлар фракцияда ўрганиб чиқилмоқда.

Мурожаатлар билан ишлаш, қонун ва қарорлар лойиҳаларини муҳокама қилиш, сайловчиларни фракцияда бўлаётган жараёнлардан ўз вақтида хабардор этиш бўйича самарали тизим вужудга келди. Депутатлар ўзларининг ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифалари орқали сайловчилар билан мулоқотни йўлга қўйганлар. Шунингдек, партиянинг “Facebook” ижтимоий тармоғидаги “О‘zbekiston xalq demokratik partiyasi” расмий саҳифасида ҳам бевосита мулоқотлар ўтказиб турилибди.

Биз жорий йилда аҳоли билан мулоқот асосига қурилган фаолиятимизни таҳлил этиб, амин бўлаяпмизки, айни мулоқотлар натижасида фуқароларнинг сиёсий маданияти, ҳуқуқий онги, ижтимоий фаоллиги сезиларли равишда ўсди. Буни таклифлар ва мурожаатлар хусусийдан умумийга ўтиши билан изоҳлаш мумкин. Яъни йил бошида шахсий ҳамда маиший масалалар асосий ўринда турган бўлса, эндиликда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида қизиқиш ортди. Эътиборлиси, жараёнда кузатувчи эмас, иштирокчи сифатида ўзини кўрсатишга интилиш, бунинг учун асосли таклифлар беришга рағбат кучайди. Бу ҳам юртимизда олиб борилаётган оқилона ислоҳотлар самарасидир. Муҳими, берилаётган таклифлар нафақат муайян масалаларни ҳал қилиш, балки қонунчиликни такомиллаштиришда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон ХДП томонидан назорат қилинадиган давлат бошқаруви органлари аниқлаб олинди. Партия томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари ҳамкорлигида чора-тадбирлар режаси тасдиқланган бўлиб, шу асосда муайян ишлар амалга оширилмоқда. Чунончи, уй-жой коммунал хизматлар кўрсатишнинг ягона ҳуқуқий стандартларини ўрнатиш, соҳада бошқарувнинг самарали механизмини йўлга қўйиш, тарифлар ўрнатиш шаффофлигини таъминлаш мақсадида “Уй-жой, коммунал хизматлар ва тарифлари тўғрисида”ги, “Иссиқлик таъминоти тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди. Айни пайтда фракцияда уларни маромига етказиш ҳамда қуйи палата муҳокамасига киритиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Фаолиятимизда эътибор қаратишимиз муҳим бўлган жиҳатлар жуда кўп. Меҳнатга лаёқатли кам таъминланган аҳоли бандлигини таъминлаш — шулардан бири. Ўтган ойда Зангиота туманида айнан шу мавзуда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда амалий семинар ўтказилди. Унда соҳадаги ижобий ишлар, мавжуд муаммолар ҳамда унинг ечимини топиш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланди. Айтиш мумкинки, таҳлил жараёнида бу йўналишда янада кўпроқ ишларни олиб боришимиз лозимлиги аниқ бўлди. Бу бўйича депутатлик сўрови ижро органларига юборилди. Шунингдек, фракция ташаббуси билан сентябрь ойида Қонунчилик палатасида бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2017 йилда аҳоли бандлиги дастури ижросининг бориши тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Биз бу билан тўхтаб қолмоқчи эмасмиз. Ютуқлар ўзимизники, камчиликлар ҳамда фойдаланилмай турган имкониятлар устида эса мудом изланамиз.

Сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари мулоҳазаларидан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, бугун сиёсий партиялар ўз дастурий мақсад ва вазифаларини, мафкуравий соҳадаги ишларини қайта кўриб чиқиб, янгича ёндашув асосида фаолият олиб бормоқда. Аммо бир ҳақиқат аёнки, ана шу саъй-ҳаракатлар одамлар ҳаётида, турмушида яққол акс этсагина, ҳар биримиз партияларнинг чин маънода уйғонганини кўришимиз мумкин. Бунинг учун партиялар, уларнинг фракциялари -салоҳияти, имконияти етарли.

Зиёда АШУРОВА ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn