Замин кучи, қуёш тафти, гиёҳлар ифори мужассам
  • 06 Декабрь 2017

Замин кучи, қуёш тафти, гиёҳлар ифори мужассам

Ҳисоб-китобларга кўра, болари бир килограмм нектар йиғиши учун 40 минг километр масофани босиб ўтар экан. Машаққатли меҳнатнинг самараси ширин бўлади, деганларидек, балки шунинг учун асал бетакрор таъмга эгадир. Қолаверса, бол ернинг кучи, қуёш тафти гулу гиёҳлар ифорини ўзида мужассамлаштирганки, буларнинг бари инсон саломатлиги учун ниҳоятда фойдалидир. 

Пойтахтимиздаги “Кўргазмасавдо” мажмуасида бўлиб ўтаётган “Асал байрами” кўргазма-ярмаркасига келган ҳар бир киши мана шундай қизиқарли маълумотларга эга бўлиши мумкин.  Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги,  акциядорлик тижорат “Алоқабанк” ҳамда “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмаси томонидан илк бор ташкил этилган мазкур тадбирда юртимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган 250 дан ортиқ асаларичилик субъектлари иштирок этиб, ўз маҳсулотларини намойиш этишмоқда. Ўзаро тажриба алмашиб, ташкил этилаётган  семинарларда билим ва малакаларини оширишаяпти.    

Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияси ҳам шу ерда ташкил этилиб, унда иштирокчилар  Президентимизнинг жорий йил 16 октябрдаги “Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишларни муҳокама қилишди. 

 — Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарувчи муҳим ҳужжат бўлди, — дейди “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмаси раиси Шерали Суярқулов. — Чунки унга мувофиқ, уюшмамиз ташкил этилиб, зиммамизга асал маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг технологик жараёнларни тизимли ташкил этиш, асалари пакетлари етиштириш ва озуқа базасини мустаҳкамлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, бол олиш жараёнига илмий асосланган усуллар ва замонавий технологияларни жорий этиш каби кўплаб вазифалар юклатилди. 

Бугунги кунда республикамизда 13 мингтага яқин асаларчилик билан шуғулланувчи субъектлар мавжуд бўлиб, улар томонидан жорий йилда 15 минг тоннадан ортиқ асал етиштирилди. Соҳа вакиллари шу йилдан экспортга киришган бўлса-да, 10 тонна маҳсулотни хорижлик буюртмачиларга етказиб беришди. Лекин бу чегара эмас. Чунки шу кунларда хитойлик харидорлар 200 тонна, польшаликлар эса ҳар ойда 20 тоннадан асал сотиб олишни истагини билдирган.  

Қайд этиш жоизки, уюшмани ташкил этиш ва унинг фаолияти билан боғлиқ барча харажатлар ҳамда унинг “Апимондия” халқаро асаларичилик уюшмалари федерациясига аъзо бўлиб кириши, аъзолик бадали тўлови дастлабки уч йил давомида  “Алоқабанк” маблағлари ҳисобидан қопланади. 

Бундан ташқари, “Алоқабанк” ҳузурида махсус лизинг компанияси фаолияти йўлга қўйилиб,  унинг зиммасига тижорат банклари кредитлари ва лизинг компаниясининг ўз маблағлари ҳисобидан асалари уялари, зарур асбоб-ускуналар, махсус транспорт воситалари ҳамда тиркамалар, асални қадоқлаш технологик линияларини лизинг асосида етказиб бериш ҳам қарорда алоҳида қайд этилган. Айни пайтда ушбу йўналишларда муайян ишлар амалга оширилмоқда. 

— Кўрилган саъй-ҳаракатлар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида тармоқ истиқболи учун 36 миллиард сўмлик кредитлар ажратилди, — дейди акциядорлик тижорат “Алоқабанк” бошқаруви раиси Комунна Ирисбекова. — Ушбу маблағлар бир йиллик имтиёзли давр билан уч йилдан беш йилгача муддатга тақдим этилади. Бу соҳа вакиллари иш бошлашлари учун қулай имкониятдир.  

Президентимиз қарорида, шунингдек, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Фарғона давлат университетида зоотехника факультети ташкил этилиши ҳам кўзда тутилган.

— Бу ҳам тармоқ равнақи йўлидаги энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади, — дея таъкидлайди Ш. Суярқулов. — Чунки шу пайтгача соҳа учун мутахассис етиштириш энг қийн масалага айланган эди. Демак, ушбу масала ҳам аста-секин ечимини топади. Шу билан бирга, келгусида асаларичиларимизни хориж тажрибасини ўргатишга алоҳида эътибор қаратамиз. 

Тадбирда бевосита асаларичилар иштирокида мазкур йўналишдаги бошқа вазифалар хусусида ҳам фикр юритилиб, мавжуд муоммалар ечимига доир мулоҳазалар ўртага ташланди.  

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

“Халқ сўзи” мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn