«Ўзбекистон Конституциясига 25 йил» эсдалик нишонлари топширилди
«Ўзбекистон Конституциясига 25 йил» эсдалик нишонлари топширилди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати
  • 06 Декабрь 2017

«Ўзбекистон Конституциясига 25 йил» эсдалик нишонлари топширилди

2017 йил 6 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида «Ўзбекистон Конституциясига 25 йил» эсдалик нишонларини тантанали топшириш маросими ўтказилди.

Бош Қомусимиз қабул қилинганининг 25 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Сенат девони ходимлари ҳамда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Конституциявий суд, Олий суд, Марказий сайлов комиссияси, Судьялар олий кенгаши раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

— Халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган адолат тамойили Бахтимиз қомуси сифатида эътироф этилган Асосий қонунимизга мувофиқ, ҳаётимизнинг бош мезонига айланди, — деди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Н.Йўлдошев. — Инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида тараққиётимизнинг янги босқичида жамиятда адолатни сўзсиз ва тўла-тўкис қарор топтириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари рўёбини таъминлаш борасида олиб борилаётган тарихий ислоҳотлар ҳам Конституциямизнинг тамойилларига ҳамоҳангдир. “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”, деган қатъий позициянинг, таъбир жоиз бўлса, талабнинг илгари сурилаётгани Асосий қонунимиздаги “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади”, деган устувор қоида том маънода ҳаракатга келганидан далолатдир.

Тадбирда Сенат Раиси Н.Йўлдошев «Ўзбекистон Конституциясига 25 йил» эсдалик нишони билан тақдирланган бир гуруҳ сенаторлар, Сенат девони ходимлари ҳамда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Конституциявий суд, Олий суд, Марказий сайлов комиссияси ва Судьялар олий кенгаши раҳбарларига мукофотларни Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан тантанали равишда топширди.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn