Хусусий мулкнинг ишончли муҳофазаси
  • 06 Декабрь 2017

Хусусий мулкнинг ишончли муҳофазаси

 

Мустақил тараққиёт йилларида юртимиз иқтисодиёти тармоқларида эришилган барча ютуқ ва марралар, унинг улкан суръатлар билан ўсиши, энг аввало, Конституциямиз ҳаётбахш қудрати ҳамда салоҳиятини, унда мужассам бўлган принциплар, қоида ва нормаларнинг нақадар чуқур ўйлангани, ҳар томонлама мустаҳкам асосга эга эканини кўрсатиб турибди.

Дарҳақиқат, Асосий Қонунимиз Ўзбекистонда инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари олий қадрият ҳисобланадиган фуқаролик жамиятини қуриш, эркин бозор иқтисодиётини шакллантиришнинг энг муҳим қоидаларини мужассамлаштирган.

Асосий Қонунимизнинг 53-моддасида бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши, давлат истеъмолчилар ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклининг тенг ҳуқуқлилигини ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза қилинишини кафолатлаши назарда тутилган. Унинг 36-моддасида эса ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли эканлиги белгиланиб, шахсларнинг мулкка бўлган ҳуқуқи конституциявий норма даражасига кўтарилди, муҳим иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлардан бири сифатида эътироф этилди. Бошқача айтганда, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ҳамда давлат ҳимоясида бўлиб, мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина ўз мулкидан маҳрум қилиниши мумкин.

Умуман олганда, жамият ҳаётининг барча жабҳасида пайдо бўладиган ижтимоий муносабатларни ривожлантириш, мамлакатда халқ фаровонлигини таъминлашга йўналтирилган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишни мулксиз тасаввур этиш қийин. Демак, мулк билан боғлиқ ижтимоий муносабатларсиз ишлаб чиқариш ҳамда хўжалик юритиш жараёнлари ўз мазмунига эга эмас. Шу муносабатларда давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шакли тенг ҳуқуқлилиги ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан тенг муҳофаза қилинишини кафолатлайди.

Давлат жамият иқтисодий негизларининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида конституциявий нормалар талаблари асосида тегишли қонунлар, қонуности меъёрий ҳужжатларни қабул қилиш ва уларни такомиллаштириб бориш, жисмоний ҳамда юридик шахслар томонидан бозор иқтисодиёти тамойиллари, қоида-талаблари асосида фаолият юритилиши учун ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитлар яратиш функциясини бажаради.

Айтиш жоизки, конституциявий нормалар амалдаги миллий қонун ҳужжатларимизнинг асосий йўналишларини белгилаб беради. Яъни бошқа қонун ҳужжатлари унинг нормаларига зид келиши мумкин эмас. Жумладан, Фуқаролик кодексининг 167-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасида мулкнинг хусусий мулк ва оммавий мулк шакллари белгиланган бўлиб, бу Конституцияда эътироф этилган мулкчиликнинг хилма-хил шаклларининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлайди. Хусусий мулкнинг асл маъноси, мазмуни, унинг объектлари, субъектлари, вужудга келиш асослари ҳамда бошқа тушунчалар шу ҳужжатнинг 207-моддасида хусусий мулк ҳуқуқи шахснинг қонун ҳужжатларига мувофиқ тарзда қўлга киритилган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқи эканлиги, хусусий мулк бўлган мол-мулкнинг миқдори ҳамда қиймати чекланмаслиги белгилаб қўйилган.

Конституциямизда мустаҳкамланган бош мақсад, принцип ва қоидалар асосида кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ҳамда фермерликни изчил ривожлантириш орқали мамлакатни янада тараққий топтириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Натижада юртимизда хусусий тадбиркорлик равнақи бўйича қулай ишбилармонлик муҳити яратилди. Бу борада қатор солиқ имтиёзлари ва преференциялар қўлланилди.

Айниқса, сўнгги йилларда тадбиркорлик соҳасида ўз ишини бошлаш учун рухсат олиш, солиқ, молия ҳамда статистика органларига ҳисобот топшириш масалаларини тартибга солиш бўйича қонунчилик такомиллаштирилиши билан бу йўналишдаги тизимли ишлар янги босқичга кўтарилди. Мазкур жараён кенг миқёсда давом этаётгани, айниқса, эътиборлидир. Буни Ҳаракатлар стратегияси доирасида олиб борилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Бундан ташқари, валюта сиёсати ва ташқи савдо фаолияти соҳасини такомиллаштириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар иқтисодиётга хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш, замонавий, экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришларни ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини барқарор ривожлантиришга замин яратди.

Конституциямиз қабул қилинганидан буён ўтган 25 йил мобайнида унинг қоидалари ҳаётга изчил жорий этилди. Ҳаётимизнинг барча жабҳасида илгари тасаввур қилиб бўлмайдиган ютуқларга эришилди. Айни чоғда фуқаролар ҳамда миллатлараро тотувлик таъминланиб, турмуш фаровонлиги йилдан-йилга юксалиб бормоқда, ижтимоий-маданий, таълим, илм-фан соҳаларида улкан муваффақиятлар қўлга киритилмоқда. Шубҳасиз, буларнинг барчасида Асосий Қонунимиз мустаҳкам кафолат бўлиб хизмат қилаяпти.

Абдуғани УМИРОВ,

Ўзбекистон Республикаси 

Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn