Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг Ўзбекистонга ташрифи (Фоторепортаж)
Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг Ўзбекистонга ташрифи (Фоторепортаж) Президент матбуот хизмати
  • 05 Декабрь 2017

Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг Ўзбекистонга ташрифи (Фоторепортаж)

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 4 декабрь куни Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани расмий ташриф билан мамлакатимизга келди. Қуйида эътиборингизга ташрифнинг ёрқин лавҳалари акс этган фотожамланмани ҳавола этамиз.

1. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди. 

Қисқа суҳбатдан сўнг Афғонистон делегацияси ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олди. 

2. Мамлакатимизда расмий ташриф билан бўлиб турган Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани 5 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида Мустақиллик майдонига ташриф буюрди. 

Олий мартабали меҳмон ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди. 

Афғонистон Президенти Мустақиллик майдони Ўзбекистоннинг тинчликсевар сиёсати, халқимизнинг бунёдкорлик ва фаровонлик йўлидаги эзгу интилишларини акс эттирувчи ноёб мажмуа эканини таъкидлади. Майдоннинг ўзига хос манзараси, чуқур мазмун-моҳиятига юқори баҳо берди.

3. Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани Ҳазрати Имом мажумасига ташриф буюрди.

Олий мартабали меҳмонга бу ердаги масжид ва мақбараларнинг тарихи ҳақида маълумот берилди.

Афғонистон Президенти мажмуада сақланаётган Усмон мусҳафи ва бошқа тарихий-маърифий ёдгорликларни зўр қизиқиш билан томоша қилди. 

Ашраф Ғани Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ислом динини ўрганиш, унинг асл инсонпарварлик моҳиятини тарғиб этиш борасида олиб борилаётган ишларга юксак баҳо берди.

4. Кўксарой қароргоҳида расмий ташриф билан юртимизга келган Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанини кутиб олиш маросими бўлди.

Икки мамлакатнинг давлат мадҳиялари янгради. Президентлар фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.

Шундан кейин Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғанининг тор доирадаги учрашуви ўтказилди.

5. Президентлар музокараларни икки мамлакат делегациялари иштирокида давом эттирдилар.

Кенг кўламли мулоқот чоғида савдо-иқтисодиёт, транспорт, транзит, энергетика, кимё, агросаноат, таълим, маданият ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Афғонистон Президентларининг Қўшма баёноти имзоланди. 

Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, фан, таълим ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган 20 ҳужжат имзоланди. Хавфсизлик масалалари бўйича қўшма комиссия тузиш, Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам, Сурхон – Пули Хумри электр узатиш линиясини қуриш, Мозори Шариф – Шибирғон – Маймана – Ҳирот темир йўлини барпо этиш, юк ташиш, божхона соҳасидаги алоқалар тўғрисидаги ҳужжатлар шулар жумласидандир. 

Шунингдек, ташриф доирасида умумий қиймати 500 миллион доллардан зиёд бўлган 40 дан ортиқ экспорт шартномаси имзоланди. 

Президентлар оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда бўлиб ўтган музокаралар ва имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси билан Афғонистон Ислом Республикаси ўртасидаги ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар. 

Афғонистон Президентининг мамлакатимизга расмий ташрифи давом этмоқда.

Материални Президент матбуот хизмати хабарлари асосида Бекзод ҲИДОЯТОВ тайёрлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn