Ватан равнақи ва халқ фаровонлигининг “йўл харитаси”
  • 05 Декабрь 2017

Ватан равнақи ва халқ фаровонлигининг “йўл харитаси”

 

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида, аввало, Асосий Қонунимизнинг ҳаётбахш ғоялари мужассам. Улар фуқароларнинг муносиб турмуш тарзини таъминлаш, демократик ҳуқуқий давлат қуриш, давлатнинг халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши ҳамда халқ ҳокимиятчилигини кучайтиришда кўринади.

Бизнес ва тадбиркорлик, хусусий мулк ҳамда унинг мустаҳкам ҳимояси мамлакатимиз иқтисодий қувватини оширишда муҳим асос бўлмоқда. Ушбу соҳада юртимизда 400 дан ортиқ қонунлар, Президентимизнинг сўнгги бир йил ичида қатор Фармон ва қарорлари қабул қилинди. Шунингдек, жадал тараққиёт ҳамда туб бурилишлар негизида мамлакатимизда қонун ҳужжатларига, биз учун муҳим бўлган ҳаётий зарурат туфайли Конституциямизга ҳам тегишли қўшимча ва ўзгартишлар киритилиб, мазмунан бойитилиб, такомиллаштириб борилаётир.

Конституциямизнинг 36, 53 ҳамда 54-моддаларида ҳар бир шахснинг мулкдор бўлишга ҳақлилиги, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ҳамда давлат ҳимоясида экани, мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиши, фойдаланиши ва тасарруф этиши белгилаб қўйилган. Тадбиркорлик ҳамда бизнес учун мамлакатимизда зарур бўлган ҳуқуқий асосларнинг мустаҳкамланиши ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва қулай инвестиция муҳитини яратишда пойдевор вазифасини ўтаяпти. Бунинг самараси ялпи ички маҳсулотнинг барқарор ўсиб боришида намоён бўлмоқда. Эътиборлиси, юртимиз иқтисодиётида саноатнинг улушини 2030 йилга бориб 40 фоизга етказиш мўлжалланаётир.

Хусусан, Андижон вилоятида ўтган тўққиз ойда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 7 триллион 725 миллиард сўмликдан ортди. Бу 2016 йилдагига нисбатан қарийб 130 фоиз кўпдир. Ана шундай қиёсни кичик корхоналар улуши нисбатида кўрадиган бўлсак, мазкур кўрсаткич 114,1 фоизни ташкил қилади.

Ҳозир вилоятда, жумладан, Хўжаобод туманида биргина тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг ўзи икки баравар кўпайган. Туман тасарруфида мана шу йўналишдаги кичик корхоналар сони бир йил ичида 2,5 баробар кўпайди. Айнан саноат ишлаб чиқаришининг ортиши эвазига туман субвенциядан чиқди.

Асосий Қонунимизда “Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди”, деб белгиланган.

Мамлакатимиз миқёсида олганда, яна бир ижобий ўзгаришни кузатиш мумкин. Илгари иқтисодиётимизда — ялпи ички маҳсулотда, асосан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг улуши катта бўлар эди. Эндиликда эса, Ўзбекистонимиз саноати ривожланган индустриал мамлакатлар қаторидан мустаҳкам ўрин олмоқда. Боиси, ҳозир фермерлик ҳаракатида нафақат кўп маҳсулот етиштириш, балки уни қайта ишлаш ҳам йўлга қўйилаётир. Бу бевосита Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг фермер хўжаликлари ишида кўп тармоқлиликка алоҳида эътибор қаратаётгани натижаси ҳамдир. Шу боис фақат хом ашё тайёрлаш тизимига суянмасдан, уни тайёр маҳсулотга айлантириш жараёни жадал тус олаяпти. Мисол учун, Андижон вилоятидаги 14 минг 311 фермер хўжалигининг 38 фоиздан ортиғи кўп тармоқлилик асосида фаолият юритмоқда. Жорий йилда 1 минг 839 та фермер хўжалиги томонидан 17 та йўналишда 199 миллиард 15 миллион сўмлик лойиҳаларни амалга ошириш якунига етказилаётир. 2016 — 2020 йилларда қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш дастурига асосан, вилоятда ҳосилдорлиги паст бўлган 15,2 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, улар ўрнида мева-сабзавот, полиз ҳамда дуккакли экинларни жойлаштириш ва замонавий интенсив боғ ҳамда токзорлар барпо этиш кўзда тутилган. Жорий йил охиригача айнан фермер ва деҳқон хўжаликларини ривожлантириш ҳисобига 16 мингга яқин фуқароларнинг бандлиги таъминланади.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашда энг юқори технологияларни жорий қилган ҳолда, рақобатдош маҳсулотлар тайёрлаш билан экспортни йўлга қўйиш асосий устувор вазифалардан биридир. Бу ташқи савдо алоқаларида экспорт-импорт балансида кескин ўзгариш ҳамда ижобий кўрсаткичларга эришишнинг муҳим омили, албатта.

Давлатимизнинг қўшни республикалар билан алоқалари янги босқичга чиқиши, йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларнинг ҳал этилиши мана шу йўналишда ҳам истиқболли имкониятларга эшик очди. Президентимизнинг шу йил 5-6 сентябрь кунлари қўшни Қирғизистонга давлат ташрифи икки халқ ўртасидаги кўп йиллик орзуларнинг рўёбга чиқишига асос бўлди.

Андижон вилояти қўшни давлат билан 470 километр чегара ҳудудига эга. Мамлакатимизда қирғизистонлик тадбиркорлар билан ҳамкорликда 39 та қўшма корхона фаолият кўрсатаётир. Андижонлик тадбиркорлар, асосан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини амалга ошириш орқали товар айирбошлаш ҳажмини кенгайтиришга киришдилар. Хитой ҳамда Ўрта Ер денгизи орқали бир қанча Шарқ мамлакатлари билан иқтисодий, маданий алоқалар ўрнатилиши энди шунчаки орзу бўлиб қолмаслиги аниқ. Негаки, агар хоҳиш-ирода бўлса, ҳар қандай мураккаб халқаро масалаларнинг ечимига эришиш имконияти мавжудлиги мамлакатимиз олиб бораётган ташқи сиёсат мисолида яққол ўз тасдиғини топмоқда.

Шундан кўриниб турибдики, Президентимиз раҳнамолигида юритилаётган халқчил сиёсат пировардида миллий тараққиётимизга янги суръат бахш этаётир. Айни чоғда мамлакатимизнинг яқин истиқболини белгилаб берувчи Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга дадил киришган пайтимизда “йўл харитаси” деган ибора кундалик ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин эгаллаяпти. Аслида Ватан равнақи, эл фаровонлиги, халқ орзу-умидлари, юрт тинчлигининг кафолати бўлган Конс-титуциямиз биз учун чин маънода “йўл харитаси”дир.

Шукуржон МАМАТҚУЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси,

Ўзбекистон Қаҳрамони.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn