Ҳаётдан мамнунлик саодати
  • 05 Декабрь 2017

Ҳаётдан мамнунлик саодати

Бундан бир йил муқаддам — 4 декабрь куни халқимиз халқаро ҳуқуқ меъёрларига мос равишда, ўз хоҳиш-иродасини очиқ-ошкора намоён қилди. Юртдошларимиз Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Шавкат Мирзиёев учун овоз берар эканлар, бу инсон раҳбарлигида тинч ва осуда ҳаёт кечиришимиз, фаровонлик, юксак тараққиётга эришишимиз муқаррарлигини ҳис этдилар.

Халқимиз шууридаги айнан шу ишонч, қалбидаги ҳис-туйғу нечоғли тўғри ҳамда ҳаққоний эканлигини Америка Қўшма Штатларининг 4,2 миллионлик аудиторияга эга “Real Clear World” нашрида эълон қилинган мақола муаллифи Жеймс Дурсо ҳам алоҳида қайд этиб ўтди: “Шавкат Мирзиёев мамлакат Президенти этиб сайланган кундан бошлаб Ўзбекистон ўз тараққиётида янги босқичга қадам қўйди”. Эътибор беринг, жаҳоннинг энг машҳур сиёсий нашридаги бу эътироф шунчаки баҳо эмас.

Бинобарин, 365 кун ҳаёт чархпалагида бир лаҳза, холос. Аммо шу қисқа фурсат орасида бажарилган ишларнинг, ечимини топган муаммоларнинг кўлами ниҳоятда кенг. Юртбошимиз илгари сураётган ташаббуслар халқимиз томонидан якдиллик ила қўллаб-қувватланди. Зотан, ҳар бир эзгу ташаббус инсон манфаатларига қаратилгани билан аҳамиятли ва қадрлидир.

Ўзбекистон раҳбари ўз ғайрат-шижоати, бунёдкорликка интилиш салоҳияти билан барча фуқарони эзгу мақсадлар сари етакламоқда. Ҳайратга соларли даражадаги шижоат барчага намуна бўлиб, уларни янги марралар сари руҳлантираяпти. Зеро, белгилаб олинган шиддатли суръатга мос ҳолда, юз бераётган воқеа-ҳодисалар ортидан “улгуриш” учун ишга янгича ёндашув талаб қилинади. Давлат раҳбарининг эзгу ғоялари рўёбга чиқаётгани, иқтисодий қудратимиз тобора ортиб, ижтимоий соҳалар ривожланиб бораётганини оммавий ахборот воситаларида акс эттириш ҳам ана шуни талаб қилади. Мамлакатимиз олдида турган галдаги вазифаларни муваффақиятли ҳал этиш асносида халқимиз учун муносиб турмуш шароитларини яратиш энг асосий ўринни эгаллайди ҳамда бунда ҳар бир йўналиш муҳим ва долзарбдир. Ислоҳотларнинг жадал амалга оширилаётганининг гувоҳи бўлаётган юртдошларимиз ўз манзилу маконларида бу жараёнга фаол киришмоқдалар.

— Жамиятда кўтаринкилик сезилиб турибди, — дейди Марказий Осиё ва Кавказ институти (АҚШ) раҳбари Фредерик Старр журналистларнинг Ўзбекистонда Президент сайловидан кейин юз берган ўзгаришлар ҳақидаги саволига жавоб қайтарар экан. — Келажакка ишонч ҳисси кун сайин кучаймоқда. Одамлар мавҳум сўзлар эмас, балки амалий қадамларга бажонидил муносабатини билдирмоқда. Бу ҳолатни нафақат расмий доираларда, айни пайтда фуқаролар орасида кузатиш мумкин. Бундай кайфият, албатта, катта-кичик амалдорларда бўлиши табиий. Лекин оддий кишиларда бундай руҳият уйғониши бошқа нарса. Айнан ана шу омил натижа бериши жуда муҳим ҳисобланади.

Ютуқлар йўлини кўрсатувчи устунлар

Ўзбекистон раҳбари дастлабки кунларданоқ мустақиллик ғояларини изчил рўёбга чиқариш ҳамда уни мустаҳкамлашни энг асосий бурч ва шиор сифатида ўртага ташлади. Бу тезислар Шавкат Мирзиёевнинг бой ҳаётий тажриба, амалий билим ҳамда кўникмалар, республикамиз фуқаролари учун долзарб бўлган муаммоларни ҳал этишга нисбатан кенг қамровли ёндашув асосида ишлаб чиқилган Сайловолди дастурида яққол ифодасини топди.

Мамлакат тараққиётининг устувор йўналишлари чуқур таҳлил қилинган, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш ҳамда ташқи сиёсатда янгича ёндашувлар акс этган бу дастурда 130 дан зиёд миллатлар ва элатларни жамлаган Ўзбекистон халқи шундай истиқболни кўрдики, ҳатто бутун дунёда мураккаб сиёсий жараёнлар, тўқнашувлар кечаётган бир даврда ҳам республикамиз тинчлик ва ўзаро тотувликнинг мустаҳкам қўрғони сифатида ривожланиб бораверади. Ўзбекистонни ўзининг азиз ва жонажон Ватани, деб билган йигирмага яқин диний конфессиялар вакиллари мамлакат бугуни ва эртанги кунига ўз тақдири, фарзандлари келажагини боғлаган ҳолда катта иштиёқ ва ғайрат-шижоат билан ишга киришдилар.

Шу ўринда айтиш жоизки, Сайловолди дастури давлат тузилишининг барча жиҳатини қамраб олган бўлиб, яхлит ҳолда, бир-бирига ўзаро таъсирини ҳисобга олган мазмунда акс этган эди. Маълумки, пухта ўйланган сиёсий қарорлар қудратли иқтисодиёт асосига қурилади. Ўз навбатида, ижтимоий ва гуманитар соҳалар ҳам унга таянади. Замонавий воқелик ҳам шундай ёндашувни талаб этади. Аммо айрим экспертлар бу ҳолатда танланган дастур тескари йўналишга айланиб кетишидан эҳтиёт бўлиш кераклиги хусусида ҳам огоҳлантиришади. Яъни иқтисодий жиҳатдан қудратли, лекин маънан заиф жамият -ташқи таъсирлар остида мафкуравий иммунитетини йўқотиб қўйиши, ривожланиш йўлидан чалкашиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас.

Дастурда қайд этилганидек, давлатимиз тараққиёти йўлида учраши мумкин бўлган тўсиқларнинг ҳар томонлама таҳлили асосида ҳаётнинг барча соҳасини ўз ичига олган бешта устувор йўналиш кўрсатилди. Бу йўналишлар мавжуд муаммоларни бартараф этиш, яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган эди. Бир оз вақт ўтиб, ушбу масалалар 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ўз ифодасини топди. Ҳужжатнинг пухта ишлаб чиқилган бандлари кутилган ютуқлар сари олиб борадиган сермашаққат йўлда аниқ кўрсаткичга айланди.

— Мен Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини диққат билан ўрганиб чиқдим, — дейди Буюк Британия парламенти Лордлар палатасининг аъзоси Муҳаммад Илтаф Шайх. — Бу жиддий ҳужжатда Ўзбекистоннинг келгусидаги ривожи ҳамда пухта ўйланган, тинчликсевар ташқи сиёсати мужассам. Ана шундай ёндашувлар бугунги кунда ўзининг амалий самараларини кўрсатмоқда.

Беш рақам ва беш йил

Бешта устувор йўналиш. Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган мақсадларга эришиш учун беш йил ажратилган. Хўш, бу рақам ортида қандай рамзий маъно бор?

Хаёлимиздан ўтадиган биринчи фикр: беш — билимга бериладиган энг юқори баҳодир. Ўқувчи кундалигидаги бу баҳо топшириқнинг аъло даражада бажарилганидан дарак беради. Ислом динида ҳам беш асосий аркон мавжуд. Олимпия ўйинларининг эмблемасини кўз олдингизга келтиринг-а, у беш қитъани англатувчи бешта ҳалқадан иборат. Бирор нарсани санар эканмиз, беихтиёр бармоқларимизни букамиз. Уларнинг сони ҳар бир қўлимизда бештадан. Демак, бу рақам бирлаштирувчи, барча жиҳатни қамровчи, шу билан бирга, енгиллик, аниқлик ва лўндалик каби хислатларга эга, десак бўлади.

Тафаккур қилсак, мазкур дастурий ҳужжат нафақат ютуқларга эришиш режаси, балки унинг мақсадлари Нукусдан Андижонгача, Термиздан Тошкентгача — ҳамма-ҳаммага тушунарли эканини англаб етамиз. Стратегия, бу — ўзига хос янги миллий ғоя. Ундаги бешта йўналишнинг ҳар бирини амалга ошириш учун халқимиз бир мушт бўлиб ҳаракат қилиши керак бўлади. Мана, рақамларнинг сири нимада. Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбаридан туриб Стратегиямизни бутун дунёга танитар экан, уни ишлаб чиқишда биз ўзимизга четдан назар ташлаб, салоҳият ва имкониятимизни холис баҳолаш билан бирга, хато ва камчиликларимизни ҳам атрофлича танқидий таҳлил қилдик, деб айтдилар.

Мамлакатимизнинг бош “йўл харитаси”да белгиланган муддат ҳам ўта долзарб. Мутахассисларнинг эътироф этишича, беш йил — бу йирик лойиҳаларни якунига етказиш, диққатни энг асосий, муҳим жиҳатларга қаратиш, мавжуд ресурслар ва ишлаб чиқариш кучларини тўғри тақсимлаш, жаҳон иқтисодиётининг хусусиятларини ҳисобга олиш учун жуда қулай муддат. Мана шу беш йиллик давр кўп соҳаларда катта роль ўйнайди. Масалан, қишлоқ хўжалигида ўртача ҳосилдорлик кўпинча беш йиллик кўрсаткичлар асосида ҳисоблаб чиқилади. Бундан ташқари, у йирик концептуал ғояларни босқичларга бўлиш учун мос келади. Айнан шу боис Франция, Корея Республикаси, Хитой сингари ривожланган давлатлар беш йилга мўлжалланган ўрта муддатли вазифаларни бажаришга эътибор берадилар.

Бизнинг юртимизда ҳам ушбу дастурий ҳужжат бандларини рўёбга чиқариш атрофимиздаги воқеликнинг тубдан ўзгаришига хизмат қилаяпти. Ўтган бир йил ичида қўлга киритилган ютуқларнинг ўзиёқ мамлакатимиз ўз етакчиси раҳбарлигида пировард мақсадлар сари дадил одимлар билан бораётганини ифодалаб турибди. Айнан Ҳаракатлар стратегияси ислоҳотларни амалга оширишдаги энг асосий нуқталарни белгилаб берди ва бунда бош мақсад Ўзбекистон халқининг, ҳар бир фуқаронинг манфаатларини таъминлашдан иборат эканлигини кўрсатди.

Юксак эътироф, муносиб ташаббуслар

Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, бир йилда рўёбга чиқарилган ишларни фақат санаб ўтишнинг ўзига ҳам юзлаб саҳифа камлик қилади. Хорижлик экспертлар Шавкат Мирзиёевнинг энг муҳим ютуқлари сифатида қўшни мамлакатлар билан чегара масалаларининг ҳал этилиши, миллий валюта конвертациясининг таъминланиши, мамлакатда инсон ҳуқуқларига риоя этилиши, ўарб ОАВ ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик ўрнатилганини эътироф этишмоқда. Ўзбекистон раҳбари қўшни мамлакатлар билан бир қаторда яқин ва узоқ хорижий давлатлар, шу жумладан, АҚШ, Европа иттифоқи мамлакатлари, Россия, Хитой, Жанубий Корея билан ҳамкорликни фаол кенгайтирмоқда. Юқорида саналган мамлакатларнинг охирги учтасига давлат ташрифлари якунига кўра, турли лойиҳалар бўйича умумий қиймати 50 миллиард долларга яқин битимларга эришилди. Мазкур шартномалар ўз ҳажми ва мазмунига кўра мислсиздир.

Мамлакатимизга чет эл инвестициялари, айниқса, иқтисодий ва валюта сиёсати либераллаштирилиши жараёнида янада фаол жалб қилинаётгани ниҳоятда муҳимдир. Чунки илгари шу қулайликлар йўқлиги сабабли республикага сармоя киритмоқчи бўлганлар бундан очиқчасига ҳайиқишар эди. Мазкур соҳадаги ислоҳотлар, қолаверса, бизнесни рўйхатга олиш, миноритар акциядорларни ҳимоя қилиш, солиққа тортиш соҳасида, электр таъминотига уланиш бўйича ҳаётга татбиқ этилган ўзгаришлар туфайли Ўзбекистон Жаҳон банкининг “Бизнесни юритиш — 2018” рейтингида 13 поғона кўтарилиб, 74-ўринни эгаллади. Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Лилия Бурунчикнинг айтишича, мамлакатда ислоҳотларни амалга ошириш мақсадида ҳукумат томонидан қатъий чоралар кўрилаяпти. Шавкат Мирзиёев Нью-Йоркда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида Ўзбекистон миллий валютани эркин конвертация қилиш тизимига ўтиш жараёнида аҳоли учун юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларни юмшатиш бўйича барча зарур чорани кўрганини қайд этди.

Ўзбекистон раҳбари бир йил давомида нафақат мамлакатда, балки бутун Марказий Осиё бўйлаб савдо ва бизнесни жонлантиришга эришди. Бинобарин, Президентнинг сўзларига кўра, минтақа барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничилик ҳудудига айланиши лозим. Жорий йил бошидан буён Шавкат Мирзиёев қўшни мамлакатлар раҳбарлари билан давлат, расмий ва амалий ташрифлар, халқаро форумлар доирасида 16 марта учрашгани ҳам ушбу эзгу мақсаднинг амалий тасдиғидир. Улар билан телефон орқали мулоқотлар сони 20 дан ортди.

Самарқанд шаҳрида ташкил этилган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро конференция минтақа давлатлари ўртасида алоқаларни мустаҳкамлаш, сиёсий мулоқотларни кучайтиришда муҳим қадам бўлди. Мазкур тадбирда қатнашган МДҲ Ижроия қўмитаси раиси — Ижрочи котиби Сергей Лебедев Марказий Осиёда интеграция жараёнларини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш учун янги имкониятлар очилаётганини таъкидлади. Унинг фикрича, бунга Ўзбекистон Республикасининг айни даврдаги ташқи сиёсати ҳам хизмат қилаяпти. Бу сиёсат минтақа давлатлари билан ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш, муаммоли масалалар юзасидан оқилона муросага эришиш, барқарор тараққиёт учун кенг кўламли шароитлар яратиш мақсадини кўзлайди.

— Форумда ўзаро ҳамкорлик истиқболларини бошқача тасаввур қилган бирор киши топилмасди, — деб ёзган эди озарбайжонлик сиёсатшунос Ильгар Велизаде ўзининг муаллифлик саҳифаси қисмида. — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг нутқи форумнинг марказий воқеаси бўлди. Давлат раҳбари ўз нутқида минтақа олдида турган олти устувор вазифани таъкидлади. Уларни айни пайтда Ўзбекистон ташқи сиёсатининг яқин истиқболдаги “йўл харитаси” сифатида ҳам таърифлаш мумкин.

Мамлакатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган прагматик ташқи сиёсат, айниқса, қўшнилар билан муносабатни яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатлар “Uz Kor media group” компанияси муҳаррири Чо Чоль Чённи Жанубий Кореяда 50 минг нусхада чоп этилган “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев” номли китобни ёзишга илҳомлантирди.

Жанубий кореялик муаллиф ўзбек-қирғиз давлат чегараси билан боғлиқ муаммоларнинг ҳал этилиши икки мамлакат халқлари учун нечоғли муҳимлигини алоҳида қайд этар экан, Тошкент ва Душанбе шаҳарларини боғлайдиган ҳаво йўли қайта йўлга қўйилгани, Туркманистон билан ҳамкорлик янги босқичга кўтарилганига алоҳида урғу беради.

— Ишончим комилки, Президент Шавкат Мирзиёев жанобларининг давлат раҳбари сифатидаги серқирра фаолиятини қанча таҳлил қилсанг, кам, — деб ёзади Чо Чоль Чён. — Фикримча, айнан шундай инсон халқаро ҳамжамиятнинг юксак эътирофи ва жаҳондаги тинчликка қўшган улкан ҳиссаси учун Нобель мукофоти совриндори бўлишга муносиб. Шу боис Президент жанобларининг фаолиятига бағишланган таҳлилий асарларни ҳар йили нашр этиб, эришилаётган ютуқларни -халқаро ҳамжамиятга кенг ёйишдек улкан мақсадим бор. Айниқса, давлат ташрифидан сўнг Европа давлатлари, АҚШ ва Хитойдан бу инсон ҳақида ижобий фикрларни эшитишга муваффақ бўлиб, мақсадим янада қатъийлашди.

Янги даврнинг янги одимлари

Албатта, кейинги бир йилда эришилган марралар ҳақида сўзлар эканмиз, Ўзбекистонда бошланган янги даврнинг ўзига хос белгилари, хусусиятларини айтиб ўтмасликнинг иложи йўқ. Бу белгилар “Халқ билан мулоқот” тушунчасидан келиб -чиқади.

Янги қадамнинг моҳияти “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган тамойилда ўз ифодасини топди. Ҳокимият ва фуқаролар ўртасидаги мулоқот умуман бошқача кўриниш касб этди ҳамда жамиятда адолатни қарор топтириб, раҳбар ва амалдорларни аҳолига яқинлаштирди.

Давлат раҳбарининг Виртуал қабулхонасини хорижликлар ноёб адолатпарварлик институти, деб эътироф этишди. Бу бежиз эмас. Шу пайтга қадар унга ва Президентнинг барча вилоят, шаҳар ҳамда туманлардаги Халқ қабулхоналарига 1,4 миллиондан зиёд мурожаатлар келиб тушди. Ариза ва таклифларнинг сони ҳамда мазмуни ўзбекистонликлар давлат раҳбарига ва янги демократик тамойилларига мос халқ институтига нақадар ишонишидан далолат бериб турибди.

Янги механизм ёрдамида нафақат юз минглаб одамларнинг муаммолари ҳал этилди, балки мурожаатлар турли соҳалардаги аҳволни ўрганиш учун бебаҳо манба бўлиб хизмат қилмоқда. Ариза, шикоят ҳамда таклифлар, шунингдек, давлат раҳбарининг вилоятларга ташрифи давомида маҳаллий аҳоли билан шахсан ўтказган учрашувлари асосида аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, тизимли равишда аҳволни яхшилаш ва камчиликларни бартараф этиш имконияти туғилаяпти.

Мисол учун, фарзандларини болалар боғчасига жойлаштиришда муаммога дуч келган ота-оналарнинг кўплаб мурожаатлари туфайли Мактабгача таълим вазирлиги ташкил қилинди. Вазирлик мактабгача таълим муассасаларини қуриш, жиҳозлаш, мутахассислар билан таъминлаш учун масъулдир.

Ёки бўлмаса, ёшлар сиёсати масаласини олайлик. Юртимиз келажаги бўлган йигит-қизлар янги ташкил этилган, катта ваколатларга эга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи атрофига бирлашдилар. У ёшларга фан ва ижод соҳасидаги иқтидорини рўёбга чиқариш, етакчилик қобилиятини янада шакллантиришга кўмаклашади. Таълим тизимида ҳам туб ўзгаришлар амалга оширилди. Бу эса ҳар томонлама ривожланган, меҳнат бозорида талаб катта бўлган касбларни эгаллаган, инновацион тафаккур соҳиби бўлган янги авлод тарбиясини юқори босқичга олиб чиқади. Шунингдек, фарзандларимизни ёт ғоялар таъсиридан асрашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда, бунинг учун “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси илгари сурилди. Аҳамиятлиси, ушбу йўналишдаги ислоҳотлар буюк аждодларимизнинг бой маънавий меросига асосланмоқда.

Қувончлиси, катталарга ҳурмат маъносида ҳам анъаналарга содиқ эканлигимиз кўзга ташланаяпти. Шу мақсадда фахрийларимизнинг саломатлиги, мазмунли ҳордиқ чиқариши ҳақида ғамхўрлик учун масъул бўлган ташкилотларнинг фаолияти қайта кўриб чиқилди. Президентимизнинг куни кеча эълон қилинган Фармони ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштиришни кўзда тутади. Аҳоли томонидан жуда кўп шикоятлар тушган соғлиқни сақлаш, дори воситалари билан таъминлаш борасида ҳам кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Ҳозирги кунгача долзарб саналган яна бир соҳа — ҳуқуқ-тартибот органлари фаолияти ҳам давлат раҳбарининг қатъий назоратида. Президентимиз таъкидлаганидек, одамлар ўзини қийнаган муаммоси билан, энг аввало, ички ишлар органларига, профилактика инспекторларига мурожаат қиладиган ва ҳар бир ходимда ўз ҳимоячисини кўра оладиган бўлиши керак. Худди шундай адолатли талаб бошқа барча соҳанинг ҳар бир бўғинида ишлаётган раҳбар ҳамда масъул ходимга ҳам тегишлидир. Янгича ёндашувлар асосида ишлаш, оддий одамларнинг ташвиши билан яшаш, топширилган вазифани бажаришда жавобгарликни ҳис қилиб, фидойилик намунасини кўрсатиш бугунги кунда ҳар қандай фаолиятнинг бош мезонидир, дейди давлатимиз раҳбари.

Президент сайловидан кейин ўтган бир йил шу қадар бой ва сермаҳсул бўлдики, рўй берган янгиланишларни бир мақолада санаб ўтишнинг имкони йўқ. Хайрли ташаббуслар халқимизни эзгу мақсадларга, бунёдкорликка етаклаяпти. ўайратига ғайрат, кучига куч қўшмоқда. Ўтказилган тадқиқот ҳамда сўровлар ҳам Президентимизга бўлган юксак ишончни тасдиқлаётгани эртанги кунга бўлган қудратли ишончнинг аниқ ифодасидир. “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ташкил этган сўров қатнашчилари давлат раҳбари орзу-умидларини оқлаганини таъкидлаб, шу орқали катта обрў-эътибор топгани ва халқ ҳурматини қозонганини, мамлакатимизнинг чинакам Йўлбошчиси бўлганини эътироф этишмоқда. Бу йил ниҳоясига яқинлашмоқда. Муҳими, кўнглимиз тинч ва хотиржам, кўзларимизда қатъият, юрагимизда шиддат. Бу эса халқига ҳамда Ватанига садоқат ва фидойилик билан хизмат қилаётган Президентимиз билан бирга ёрқин келажак сари дадил қадам ташлашимизда муҳим омил бўлаяпти.

Ўткир РАҲМАТ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn