140 нафар профилактика инспекторига уй-жой ва автомашина калитлари топширилди
  • 04 Декабрь 2017

140 нафар профилактика инспекторига уй-жой ва автомашина калитлари топширилди

Термиз шаҳридаги Хотира хиёбонида Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси таркибидаги таянч пунктлари профилактика инспекторларининг тантанали қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққанлар юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлигига тўхталдилар. Бинобарин, Президентимизнинг шу йил 20 апрелдаги “Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини хизмат уй-жойи билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан осойишталик посбонлари учун яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар бу борада муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Хусусан, уларга ўз хизмат ҳудудида уй-жойлар қуриб берилаётгани ҳамда имтиёзли равишда автомобиль билан таъминланаётгани ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишда ижобий самара кўрсатаётир. Чунончи, биргина Сурхондарё вилоятида жорий йилнинг 11 ойи мобайнида олиб борилган тезкор профилактик тадбирлар натижасида жиноятлар сони ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 808 та камайгани бунинг ёрқин тасдиғидир.

— Бугунги қасамёд тадбири менга ғурур ҳамда ифтихор, шу билан бирга, чексиз қувонч бағишлади, — дейди Қизириқ туманидаги Истара маҳалласида жойлашган таянч пункти профилактика инспектори Ж. Пардаев. — 45 километр узоқликдан қатнаб, фаолиятимни олиб борардим. Бу эса катта қийинчиликлар туғдирарди. Эндиликда ўз хизмат ҳудудимда уй-жой ҳамда автомашина билан ҳам таъминландим. Бундай эътибор бизни ўз вазифамизни аъло даражада бажариб, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёт кечириши йўлида куну тун меҳнат қилишимизга куч-қувват беради. Қувонарлиси, маҳалла фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда олиб борилган профилактик тадбирлар туфайли жорий йилда ҳудудимизда умуман жиноят содир этилмади.

Кенг жамоатчилик вакиллари билан бирга, профилактика инспекторларининг ота-оналари ҳамда оила аъзолари иштирок этган мазкур тадбир байрамона тус олди.

Маросимда 140 нафар профилактика инспекторига хизмат уй-жойлари ҳамда “Матиз” русумли автомашиналар топширилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчилари О. Муродов, Р. Комилов, Қ. Қуронбоев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н. Йўлдошев, Бош вазир ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т. Нарбаева, ички ишлар вазири П. Бобожонов ва вилоят ҳокими Э. Турдимов иштирок этди.

Илҳом РАҲМАТОВ,

“Халқ сўзи” мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn