Тадбиркорлар манфаатларини таъминлаш — эътиборда
  • 24 Ноябрь 2017

Тадбиркорлар манфаатларини таъминлаш — эътиборда

Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда давлат мулкини хусусийлаштириш билан боғлиқ дастурлар ижроси бўйича ҳисоботи тингланди.

Ҳисоботда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги Фармони билан Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил этилди ҳамда унинг асосий вазифалари тубдан қайта кўриб чиқилди, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш бўйича янги вазифалар юклатилди. Бугунги кунда қўмита томонидан бу борада муайян ишлар олиб борилаяпти.

Жумладан, аввал хусусийлаштирилган корхоналар ва объектлар рўйхатга олинди ҳамда инвентаризация қилинди.

Натижада аввал хусусийлаштирилган корхоналар ва объектлар эгалари билан ҳамкорликда 2 минг 700 дан зиёд инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилди ҳамда амалга оширилмоқда. Уларни рўёбга чиқариш учун 2,6 трлн. сўм ва 231 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестициялар жалб этиш, 2500 дан зиёд иш ўрни ташкил қилиш белгилаб олинди. Натижада 2017-2018 йилларда 

3,6 трлн. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда 125 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотни экспортга йўналтириш мўлжалланмоқда.

Бугунги кунда аввал хусусийлаштирилган объектлар ва корхоналарнинг 405 таси фойдаланишга топширилди, уларда 3,7 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Мисол учун, Бухоро вилоятида “Мергантекс” МЧЖ тикув цехи ишга туширилиб, 120 дан ортиқ меҳнат жойи ташкил этилди.

Жорий йилнинг 9 ойи мобайнида тадбиркорларга ўз бизнесини йўлга қўйиш, рақобатдош янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда иш ўринлари ташкил қилиш учун 288 та объект тақдим этилди. Инвесторлар мазкур объектларга 3,6 трлн. сўмлик инвестициялар киритиш, 21 мингдан ортиқ иш ўринларини яратиш мажбуриятини ўз зиммасига олдилар.

Шу билан бирга, жойларда бўш турган объектларни қайд этиш ва инвентаризациялаш ҳамда тадбиркорлик субъектларига тақдим қилиш бўйича мунтазам иш олиб борилмоқда.

“Ноль” қиймати бўйича тадбиркорларга тақдим этилган объектларда ишбилармонлар инвестиция мажбуриятларини қай даражада бажараётгани устидан доимий мониторинг ўтказилмоқда. Зарур бўлганда, инвесторлар дуч келаётган муаммолар ўз вақтида ўрганилаяпти, уларга ҳар тарафлама ёрдам берилмоқда, бу эса мажбуриятларнинг ўз вақтида бажарилишига ва лойиҳаларнинг ишга туширилишига кўмаклашаётир.

Шундай қилиб, ўтган 9 ой давомида мажбуриятлар тўлиқ бажарилган шартномалар сони 119 тани ташкил этди, инвесторлар 112,1 млрд. сўм, 2,7 млн. АҚШ доллари миқдоридаги ўз мажбуриятларини бажардилар, 2780 та иш ўрни очилди.

Рўйхатга олиш натижасида аниқланган 117 та бўш турган давлат объектини хусусийлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм вилоятлари ҳокимлари қарорлари қабул қилинди.

Қолаверса, Президентимизнинг “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни ривожлантириш мақсадида давлат активларини сотиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 48 та самарасиз фаолият кўрсатаётган давлат тиббиёт ташкилотини тадбиркорлик субъектларига сотиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Худди шундай тартибда давлат-хусусий шерикчилиги механизмлари асосида 241 бўш турган давлат объектида мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Ҳисоботни муҳокама қилиш давомида қўмита фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди. Сенаторлар мазкур қўмита раҳбарининг диққат-эътиборини халқ билан учрашувлар вақтида кўтарилган масалаларга, жумладан, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ҳамда рақобатни ривожлантириш, шунингдек, давлат мулкини хусусийлаштиришда қонун ҳужжатлари талабларини бажариш билан боғлиқ масалаларга қаратдилар.

Муҳокама якунлари бўйича тегишли қарор қабул қилинди ва унинг ижроси устидан назорат ўрнатилди.

Қобил ХИДИРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn