Ҳуқуқий ислоҳотлар юрт равнақи ва аҳоли фаровонлигига хизмат қилмоқда
  • 24 Ноябрь 2017

Ҳуқуқий ислоҳотлар юрт равнақи ва аҳоли фаровонлигига хизмат қилмоқда

Яқинда Конституциямиз қабул қилинганига 25 йил тўлади. Мазкур ҳужжат мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, маданий ҳамда сиёсий ислоҳотларда дастуриламал бўлиб келмоқда.

Муҳими, ушбу жараёнда ҳар жабҳада улкан натижа ва ютуқларга эришилди. Шуни алоҳида айтиш керакки, ўтган йиллар давомида ҳаётий янгиланишлар ҳамда давр тақозосидан келиб чиқиб, Асосий Қонунимизга бир неча бор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, такомиллаштирилди.

Хўш, улар жамиятда қандай акс садо берди? Аввало, Конституциямизга киритилган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар ижтимоий ҳаётни, давлат қурилиши ва бошқарувини янада демократлаштиришга, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини кучайтиришга қаратилганлигини таъкидлаш жоиз. Негаки, давлат бошқарувини демократлаштириш, ҳокимият бўлиниши принципларини янада кенг жорий этиш ҳамда давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш улуғ мақсад билан порлоқ келажак сари интилаётган мамлакатимизда энг долзарб вазифалардан бирига айланган.

Маълумки, Конституциямизга киритилган энг жиддий ўзгартиш 2002 йил 24 январда ўтказилган референдум билан амалга оширилди. Унга кўра, парламентимиз — Олий Мажлис икки палатали шаклда ташкил қилинди. Бундан кўзланган асосий мақсад қонунчилик сифатини яхшилаш, ҳудудлар манфаатларини ҳисобга олиш ва вакиллик ҳокимияти назорат функциясини кучайтиришдан иборатдир. Муҳими, ўтган йиллар давомида шу мақсадларга тўлиқ эришилди. Бугунги кунда парламентимиз қуйи палатаси профессионал тарзда фаолият олиб бормоқда. Бу эса ишлаб чиқилаётган қонун ҳужжатлари ҳар томонлама пухта бўлишини таъминлаяпти.

Галдаги ўзгартиш 2007 йил 11 апрелда киритилди. Унга кўра, Президент мақоми, унинг ваколатлари ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларини лавозимга тайинлаш тартиб-таомиллари янгиланди.

Асосий Қонунимиз такомиллашувининг навбатдаги босқичида, яъни 2008 йил 25 декабрда қабул қилинган Қонун билан 78-моддага, 2011 йил 18 апрелдаги Қонун билан яна қатор моддаларга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилди. Бу ҳам парламент палаталарининг биргаликдаги ваколатлари, Сенат ваколатлари, Президент ваколатлари ва вақтинча унинг вазифасини бажариш тартиби ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг мақомига тааллуқли экани билан эътиборга моликдир.

Шунингдек, 2017 йил 6 апрелдаги Қонун асосида Конституциямизнинг суд ҳокимиятига оид нормалари такомиллаштирилган бўлса, шу йилнинг 31 май куни имзоланган Қонун билан Олий Мажлис Сенати ваколатлари кенгайтирилди.

Энг сўнгги конституциявий янгиланиш жорий йил 30 августда имзоланган Қонун асосида амалга оширилди. Унга мувофиқ, Тошкент шаҳар туманларида ҳам халқ депутатлари Кенгашлари ташкил этиладиган бўлди. Бу орқали барча туманнинг мавқеи тенглашади, уларда истиқомат қилаётган аҳоли ўз вакиллик органларини сайлашда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади. Ўз навбатида, вакиллик органларининг ижро ҳокимияти устидан назорат олиб боришида қўл келади.

Эндиги вазифа эса Конституция нормалари ижросини тўлиқ таъминлашдан иборат. Шу мақсадда Президентимиз бошчилигида халқчил сиёсат юритилиб, давлат ва нодавлат органлари раҳбарлари томонидан оддий одамлар билан мулоқотлар ўтказилаётгани, уларнинг муаммолари жойларнинг ўзида бартараф қилинаётгани юртдошларимизни мамнун этмоқда. Буни биргина мисол билан далилламоқчимиз. Асосий Қонунимизга биноан, мамлакатимизда яшаб келаётган ҳар бир инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатлари таъминланиши қатъий белгиланган. Шунга қарамай, биз билан ёнма-ён яшаб, Ватанимиз равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилаётган 

юзлаб инсонлар кўп йиллардан буён Ўзбекистон фуқаролигини ололмасдан келаётган эди. Давлатимиз раҳбари фармонлари билан уларнинг ана шу конституциявий ҳуқуқлари тикланмоқда. Яъни ҳозирги кунга қадар 850 нафарга яқин шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилди.

Юқорида келтирилганлар юртимиз Конституцияси давр талаблари асосида такомиллаштирилаётгани, энг муҳими, унда белгиланган норма ва меъёрлар ҳаётимиздан тобора чуқур ўрин эгаллаб бораётганлигини кўрсатади.

Озод ҲУСАНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти 

ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси профессори,

юридик фанлар доктори.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn