Бугунидан рози, келажакка ишончи мустаҳкам халқ
  • 24 Ноябрь 2017

Бугунидан рози, келажакка ишончи мустаҳкам халқ

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимизнинг фаровон ва бахтли ҳаёт кечириши, юртимизнинг ривожланган давлатлар қаторидан муносиб жой олиши борасида олиб борилаётган ислоҳот ҳамда янгиланишларга мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Бугунидан рози, келажакка ишончи мустаҳкам халқимиз эса янги-янги марраларни забт этаяпти, улкан ютуқларни қўлга киритаётир.

Айтиш жоизки, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси халқимиз ва давлатимиз ҳаётида янги даврни бошлаб берди. Бундан кўзланган мақсад халқимиз турмушини янада фаровон қилиш, озод ва обод юртимиз қудратини бундан-да юксалтиришдан иборатдир. Мазкур ҳужжатда сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳамда бошқа соҳаларни жадал ривожлантириш назарда тутилган бўлиб, бу борада кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу эса давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳасини янгилаш, иқтисодиётни эркинлаштириш, аҳолига муносиб турмуш шароити яратишда муҳим омил бўлаяпти.

Президентимиз Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган маросимда алоҳида таъкидлаганидек, “Инсон манфаатларини таъминлаш учун эса аввало одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш керак”. Негаки, халқ билан мулоқот орқали фуқаролар манфаатлари муҳофаза этилади, уларнинг давлат органларига ишончи ошади ҳамда Асосий Қонунимизда белгилаб қўйилган ҳуқуқларининг рўёбга чиқишига замин яратилади. Зеро, Конституциямизнинг 2-моддасида давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ҳамда фуқаролар олдида масъул эканлиги белгилаб қўйилган. Бу — ҳақиқий маънодаги демократик бошқарувни, халқ ҳокимиятини ўзида намоён этган қоида.

Жорий йил юртимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номлангани ана шу эзгу анъаналарни янги босқичга олиб чиқишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Бундан мақсад инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилиш, аҳоли фаровонлигини ошириш, уларнинг ҳаётий муаммоларини ҳал этиш, жамиятда қонун устуворлиги, қонунийлик ва адолатни таъминлашдир.

Бундай улкан мақсадларга эришиш барчамиздан дадил ҳаракатларни, фаол ташаббусларни талаб қилиши ўз-ўзидан тушунарли. Шу йўлдаги амалий ҳаракат сифатида давлатимиз раҳбарининг Виртуал ҳамда Халқ қабулхоналари ташкил этилиб, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишнинг янгича механизми яратилгани, энг муҳими, бу улкан самара бераётганлигини айтиш мумкин. Натижада Халқ қабулхоналари ўтган қисқа даврда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда муҳим роль ўйнайдиган институтга айланди.

Шу асосда бугун сенаторлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатларидан иборат гуруҳлар жойларда давлат ва жамоат ташкилотлари, маҳаллалар, таълим ҳамда тиббиёт муассасалари фаолияти билан яқиндан танишмоқдалар. Ҳудудлардаги аҳволни ўрганиш жараёнида аҳоли хонадонларида бўлиб, уларни ўйлантираётган муаммоларни жойида ҳал қилишга ҳисса қўшмоқдалар.

“Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонасига шу йилнинг ўтган даври мобайнида юридик ва жисмоний шахслардан уч мингдан ортиқ оғзаки ҳамда ёзма мурожаатлар келиб тушган. Уларда, асосан, аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий соҳадаги камчиликлар, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш каби масалалар кўтарилган. Шуни инобатга олиб, бу борадаги ишларни янада фаоллаштириш мақсадида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, комбинат тасарруфидаги бўлинмаларда семинарлар, очиқ мулоқотлар ва учрашувлар ташкил этилмоқда.

Жумладан, Учқудуқ, Зарафшон ҳамда Нуробод шаҳарларидаги Шимолий, Марказий ва Жанубий кон бошқармаларида ўтказилган семинар ҳамда мулоқотларда жойлардаги аҳвол, аҳоли турмуш тарзи, ишчи-ходимларни ташвишлантираётган масалалар, бугунги куннинг устувор ва ҳал қилувчи йўналишлари бўлмиш ижтимоий, иқтисодий, маданий-маърифий ҳамда бошқа соҳаларда юзага келган муаммолар ечимига алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Халқ билан мулоқот ва мурожаатлар билан ишлаш жараёнида “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш — одамийликнинг энг олий мезонидир” деган эзгу ғоя асосий иш услубимизга айланган. Мақсад — халқимизнинг ўз ҳаётидан рози бўлишини таъминлаш, аҳоли фаровон яшаши учун барча шарт-шароитни яратишдан иборат.

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури доирасида ҳудудимизда қатор бунёдкорлик ҳамда манзилли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Гап шундаки, Юртбошимиз Навоий вилоятига ташрифи чоғида учқудуқлик ёшларнинг қизиқиши ва орзу-истакларини инобатга олиб, бу ерда ёшлар марказини қуриш юзасидан топшириқ берган эди. Наврўз айёми арафасида Учқудуқ шаҳрида “Келажак” ёшлар маркази ишга туширилди. Замонавий архитектура талаблари асосида бунёд этилган ушбу иншоотда 11 тўгарак ташкил қилиниб, уларда бир кунда 

400 нафардан зиёд ёшлар билим ҳамда касб маҳоратларини оширишмоқда. Қувонарлиси шундаки, ўғил-қизларнинг китоб ўқишга қизиқишларини кучайтириш мақсадида 

50 мингтага яқин китоб фондига эга, электрон асарлар базаси мавжуд кутубхона ёшлар ихтиёрига берилди. Бундан ота-оналар ҳам, ёшларимиз ҳам мамнун.

Табиийки, бугунги шиддатли даврда буларнинг ўзи билан кифояланиб қолиш мумкин эмас. Бу борада амалга оширишимиз керак бўлган ишларимиз ҳали жуда кўп. Ўзини шу юрт фарзанди деб билган ҳар бир раҳбар тезкор замонга мос ҳолда фаолият олиб бориши, одамларнинг ҳаётдан, давлатдан рози бўлиб яшаши учун бор куч-ғайратини жойлардаги камчилик ва муаммоларни бартараф этишга йўналтиришлари зарур. Ана шунда Асосий Қонунимизда белгилаб қўйилган улуғвор ғоялар ўзининг ҳаётий исботини топади, муҳими, ҳаётдан рози халқимиз салоҳияти билан мамлакатимиз қудрати янада ошади ва унинг халқаро майдондаги нуфузи бундан-да юксалади.

Қувондиқ САНАҚУЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси,

«Навоий кон-металлургия комбинати» бош директори.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn