Адлия вазирининг ўринбосари БМТнинг ИҲОКБ ва Тараққиёт дастури экспертлари билан учрашди
  • 24 Ноябрь 2017

Адлия вазирининг ўринбосари БМТнинг ИҲОКБ ва Тараққиёт дастури экспертлари билан учрашди

Адлия вазирлигида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича Минтақавий бўлими вакили жаноб Ришард Коменда ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг Истамбул шаҳридаги Минтақавий марказининг маслаҳатчиси И.Тчан хоним билан учрашув бўлиб ўтди.

 

Учрашув жараёнида адлия вазирининг ўринбосари М.Истамов Адлия вазирлиги томонидан “БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг бошқармаси билан ҳамкорликни янада ривожлантиришга доир Ҳаракатлар режаси”нинг ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар, шу жумладан БМТнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилинишга риоя этилиши масалалари бўйича таркибий тузилмалари билан келажакда икки томонлама ҳамкорликни такомиллаштириш масалаларини ёритиб ўтди.

Р.Коменда жорий йилнинг 21-22 ноябрь кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тараққиёт мезонлари бўйича қиёсий кўрсаткичлар: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида ўтказилган халқаро конференция натижаларини юксак баҳолади. Бундан ташқари, у қонунчиликни такомиллаштиришда экспертлар орқали қўллаб-қувватлаш, юридик ёрдам кўрсатиш ҳамда ҳуқуқий таълим ва аҳолини ҳуқуқий онгини юксалтириш соҳасида ҳамкорликни кучайтириш масаласида бир қатор таклифларни айтиб ўтди.

БМТ тараққиёт дастурининг Истамбул шаҳридаги Минтақавий маркази маслаҳатчиси И.Тчан  кўрсатилаётган бепул юридик ёрдам, адвокатура институтини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишларга қизиқишини билдирди ҳамда аҳолига юридик ёрдам кўрсатиш соҳасида  халқаро тажрибани ўрганишда ҳамкорлик қилишни таклиф этди.

Учрашув сўнгида тарафлар келажакда изчил ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдиришди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn