Адлия вазири Руслан Давлетов Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Эрик Утембаев билан учрашди
  • 23 Ноябрь 2017

Адлия вазири Руслан Давлетов Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Эрик Утембаев билан учрашди

2017 йил 21 ноябрь куни Адлия вазирлигида Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Эрик Утембаев билан учрашув бўлиб ўтди.

   

Учрашувнинг мақсади ўрнида икки томонлама муносабатларнинг ҳолати муҳокама қилиниб, ҳуқуқий соҳада келгуси ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Қозоғистон элчиси икки қардош халқ ўртасида турли соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади. Шундан келиб чиққан ҳолда, у 2018 йилда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилаётганини маълум қилди. Бу харита Жиззах вилоятида сув хўжалиги, нефт-газ саноати ва кичик саноат зоналарини ривожлантиришга қаратилган тадбирларни ўз ичига олади. Қозоғистон томони ҳуқуқий соҳадаги тадбирларни ҳам инобатга олиниши учун қизиқиш билдирди.

Ўз навбатида Адлия вазири Р. Давлетов Қозоғистон Республикаси Адлия вазирлиги билан яқин ҳамкорлик мавжудлигини таъкидлади. Хусусан, жорий йилнинг октябрь ойида ШҲТга аъзо давлатлар Адлия вазирлари кенгаши доирасида, Қозоғистон ва Ўзбекистон Адлия вазирлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди, унда томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг турли йўналишлари бўйича фикр алмашдилар.

Қозоғистон томонининг таклифидан келиб чиқиб, вазир қуйидаги соҳаларда тажриба алмашишга қизиқиш билдирди:

аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектлар учун давлат хизматларини тақдим этиш сифатини яхшилаш ва уларга эришиш;

нотариат институтини янада ислоҳ қилиш;

суд экспертизаси марказларининг фаолиятини такомиллаштириш, суд экспертларининг ҳуқуқий билимларини ва малакасини ошириш;

суд қарорларини ижро этиш тизимини такомиллаштириш.

Томонлар шунингдек, икки давлатнинг чегарабўйи ҳудудларида адлия идоралари ўртасида ФҲДЁ, нотариус ва аҳолига давлат хизматларининг бошқа турлари бўйича хизматлар кўрсатиш учун бевосита алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларини ҳам муҳокама қилишди.

Учрашув якунида томонлар мулоқот ишчанлик ва самимий руҳда ўтганлигини қайд этди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn