Депутатликка  номзодлар  рўйхатга олинди
  • 22 Ноябрь 2017

Депутатликка  номзодлар  рўйхатга олинди

 

Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайловда иштирок этиш учун ҳар бир тумандан 150 нафар, жами 1650 нафар депутатликка номзод рўйхатга олинди.

Бу ҳақда Тошкент шаҳар сайлов комиссияси томонидан уюштирилган брифингда маълум қилинди. Пойтахтимизнинг 11 туманида тузилган сайлов комиссиялари сиёсий партияларнинг аризалари ва уларга илова этилган ҳужжатларни кўриб чиқиб, сайловларда қатнашишга ижозат бериш тўғрисида қарор қабул қилди.

Пойтахтимизда ўтган партиялар туман кенгашлари конференция ҳамда пленумларида депутатликка номзодлар кўрсатилди. Депутатликка номзодлар Тошкент шаҳри туманларидаги фуқаролар йиғинлари ёки вакиллари йиғилишларида ҳам кўрсатилди. -Сиёсий партиялар фақат ўз партияси аъзоларини ёки партиясизларни депутатликка номзод этиб кўрсатади, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари эса, шахсларни у ёки бу партияга мансублигидан қатъи назар, депутатликка номзод қилиб кўрсатишга ҳақлидир. Қонунчиликка мувофиқ, сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тегишли ҳудудда жойлашган ҳар бир сайлов округидан биттадан номзод кўрсатишга ваколатлидир.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, сиёсий партиялар штабларида туман Кенгаши депутатлигига номзодларни танлаш мақсадида ишчи гуруҳлари тузилди. Улар томонидан тегишли туман ижтимоий-сиёсий ҳаётида, иқтисодиётини ривожлантиришда фаол иштирок этаётган, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик самарадорлигини оширишга кўмаклашаётган, билим ҳамда тажрибага эга, фидойи партия вакилларидан номзодлар кўрсатишга алоҳида эътибор берилди. Сиёсий партиялардан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг ўттиз фоизидан ортиғини хотин-қизлар ташкил этди.

Депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти улар рўйхатга олинган кундан эътиборан бошланади. Марказий сайлов комиссиясининг қарорига асосан, Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов кампанияси даврида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Toshkent” телеканали орқали сайловолди ташвиқотини олиб боришда бепул эфирга чиқишлари ҳамда “Тошкент оқшоми” — “Вечерний Ташкент” газеталарида бепул босма майдони ажратиш, чиқишларини чоп этишга оид жадвал тасдиқланди.

Брифингда таъкидланганидек, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 27-сессиясида 11 туман сайлов комиссиялари тузилди ва уларнинг шахсий таркиби тасдиқланди. Туман сайлов комиссияларининг регламенти, муҳр ҳамда расмий бланкалари тасдиқланди.

Туман сайлов комиссиялари қарори билан сайлов қонунчилиги талаблари асосида жами 330 та сайлов округи тузилди. Пойтахтимиз ҳаётидаги муҳим ижтимоий-сиёсий тадбир учун 885 та сайлов участкаси ташкил қилиниб, уларда сайлов комиссиялари фаолият юритиши ва фуқаролар эркин ўз хоҳиш-иродасини билдириши учун барча шароит яратилди.

Туман сайлов комиссиялари томонидан сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни очиқлик ва ошкоралик тамойилларига риоя этган ҳолда, юксак демократик руҳда ўтказиш, сайловчиларни сайлов жараёнидан тўлиқ хабардор қилиб бориш мақсадида мазкур сайловнинг ягона матбуот маркази ҳамда туманлар сайлов комиссиялари ҳузурида матбуот хизматлари ташкил этилди.

Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ишлар жойларда ташкил қилинган сайлов комиссиялари томонидан сайлов тўғрисидаги қонунчиликка, умумэътироф этилган демократик принциплар ҳамда халқаро стандартларга мувофиқ олиб борилмоқда.

Эльвина МУСТАФИНА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn