«Профилактика куни» умумхалқ ҳаракатига айланмоғи шарт
  • 21 Ноябрь 2017

«Профилактика куни» умумхалқ ҳаракатига айланмоғи шарт

 

Инсон учун тансиҳатлик, эл-юрт осойишталиги ҳамма нарсадан устун. Халқимиз дуога қўл очганида, биринчи галда тинчлик-хотиржамлик, саломатлик тилашининг замирида ҳам ана шу ҳақиқат мужассам, десак, янглишмаймиз.

Шу боис Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, хавфсизлигини кафолатлаш, фуқароларнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш борасида мутлақо янги тизимни шакллантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаяпти. Энг муҳими, бу долзарб масалалар Юртбошимизнинг доимий диққат-эътиборида турибди. Яқинда давлатимиз раҳбари раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиши бунинг яққол тасдиғидир.

Дарҳақиқат, мажлисда таъкидланганидек, ўтган қисқа даврда аҳолининг тинч ҳаёт кечиришини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилди. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ҳаётга изчил татбиқ қилинаётгани, айниқса, диққатга сазовор. Бу борада Олий Мажлис Сенати зиммасига ҳам қатор вазифалар юклатилди. Хусусан, парламент ва жамоатчилик назорати кучайтирилиб, Сенат ҳузурида ҳамда жойларда тегишли комиссиялар иш олиб бормоқда. Сенат ҳузуридаги комиссия томонидан жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги ҳақиқий аҳвол 90 га яқин туман ҳамда шаҳарларда жойига чиқиб ўрганилди. Ўрганиш натижалари маҳаллий Кенгашларда танқидий кўриб чиқилиб, камчиликларни бартараф этиш ва фаолиятни такомиллаштиришга қаратилган қарорлар қабул қилинди.

Соҳада ижобий тажрибаларни оммалаштириш, давлат ҳамда жамоат ташкилотларининг ички ишлар органлари билан ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш чоралари кўрилди. Бироқ, мажлисда ҳақли равишда кўрсатиб ўтилганидек, катта умидлар билан бошлаган ишларимиз ҳанузгача кутилган натижаларни тўлиқ бергани йўқ. Айрим мутасаддилар эскича иш юритишдан воз кеча олмаётгани, жиноятчиликни жиловлаш борасида таъсирчан чораларни кўрмаётгани аҳволни ижобий тарафга ўнглаш имконини бермаяпти.

Жумладан, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш бўйича салбий кўрсаткичлар борасида Тошкент шаҳри ҳамда вилояти юқори бўлиб тургани биз, сенаторларни ҳам чуқур мушоҳадага ундайди. Чунки ҳар иккала ҳудуд Сенат комиссиясининг алоҳида назоратида бўлиб келганига қарамасдан, Президентимиз таъкидлаганидек, ҳанузгача жиноятчиликни жиловлаш борасида таъсирчан чоралар амалга оширилгани йўқ.

Жорий йил 1 октябрдан бошлаб маҳаллий Кенгашларда тегишли ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) бошлиқларининг, уларнинг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарларининг ҳисоботлари эшитилиши тартиби жорий этилди. Орадан қарийб икки ой вақт ўтаётган бўлса-да, аксарият Кенгашларда ҳисоботлар тингланмагани афсусланарлидир.

Ваҳолонки, давлатимиз раҳбари ёшлар ўртасида, айниқса, таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўқувчилар томонидан кўплаб жиноятларнинг содир қилинаётгани ва ушбу кўрсаткичнинг ошиб бораётганини куйинчаклик билан тилга олди. Албатта, бу ҳар бир маҳаллий Кенгаш депутатидан, сенатордан масалага шахсий масъулият ҳамда ўз фаолиятига қатъий талабчанлик билан ёндашиши зарурлигини кўрсатади.

Давлатимиз раҳбари томонидан ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгилаб берилган вазифалар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ролини янада ошириш заруратини кун тартибига қўяди. Авваламбор, эндиликда ҳар чоракда маҳаллий Кенгашлар сессияларида ички ишлар бўлим, бошқарма бошлиқларининг ва ҳар ойда улар ўринбосарларининг, шунингдек, жойларда фаолият юритаётган секторлар раҳбарларининг ҳисоботларини -танқидий нуқтаи-назардан муҳокама қилиниши таъминланади. Бунда улар фаолиятининг самарадорлигига алоҳида баҳо берилиши даркор.

Шу билан бир қаторда, маҳаллий Кенгашларнинг тегишли доимий комиссиялари ўз сайёр мажлисларида давлат бошқаруви органлари, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш борасидаги фаолиятини муҳокама этиб боришга алоҳида эътибор қаратишлари ҳаётий заруратга айланмоқда.

Олдимизда турган яна бир долзарб масала, шубҳасиз, маҳаллаларда “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” муносабати билан ўтказиладиган тадбирларда маҳаллий Кенгашлар депутатлари иштирокини таъминлашдан иборат. Чунки бугунги таҳлиллар шуни кўрсатаяптики, “Профилактика куни”ни янада самарали ўтказишнинг мутлақо янгича ёндашувларини жорий қилиш талаб этилади.

Бизнингча, “Профилактика куни” нафақат профилактика инспектори ёки бошқа масъул ходим ташриф буюрган жойда, балки ҳар бир меҳнат жамоасида, таълим муассасасида, маҳаллада, кўчада, кўп қаватли уйларда кенг омма иштирокида ўтказилиши мақсадга мувофиқдир. Яъни “Профилактика куни” фақат масъуллар иштирокида ҳамда уларнинг ташаббуси билангина ўтказиладиган расмий тадбир эмас, балки умумхалқ ҳаракатига айланмоғи шарт.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугун маҳаллий Кенгашлар, уларнинг доимий комиссиялари, партия гуруҳлари ва депутатлар ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолиятига фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, маҳаллалар, хотин-қизлар қўмиталари, Ёшлар иттифоқи каби нодавлат ташкилотлар билан ижтимоий шерикликни кучайтиришлари долзарб аҳамият касб этмоқда. Бунда, айниқса, Президентимиз ташаббуси билан ҳудудларда сектор раҳбарларининг жиноятларнинг олдини олиш борасидаги масъулиятини ошириш мақсадида Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ҳамда ҳуқуқбузарликка қарши курашиш Республика комиссияси тузилиши айни муддао бўлади. Мазкур Комиссия Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчилари, Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси раиси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси, Касаба уюшмалари Федерацияси, Маънавият ва маърифат маркази раҳбарларидан иборат таркибда фаолият юритади.

Хулоса ўрнида айтганда, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича камчиликлар ҳали кўплиги, уларни бартараф қилиш ва соҳадаги аҳволни ўнглаш, Юртбошимиз томонидан берилган топшириқларнинг қатъий ижросини таъминлашда давлат идоралари, маҳалла фаоллари ҳамда бошқа жамоатчилик тузилмалари ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлаш долзарб вазифага айланди. Бунда, шубҳасиз, ҳар бир маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш, бу борада бефарқлик, лоқайдлик ҳолатларига барҳам бериш жамиятда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлашнинг асосий шартларидан биридир. Бу эса ҳар бир маҳаллий Кенгаш депутати, сенатордан ўз фаолиятига танқидий ёндашиб, эзгу мақсадлар йўлида ташаббускор бўлишни талаб этади.

Толибжон МАДУМАРОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва

суд-ҳуқуқ масалалари

қўмитаси раиси ўринбосари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn