Табиий экотизимларни муҳофаза қилиш — давр талаби
  • 21 Ноябрь 2017

Табиий экотизимларни муҳофаза қилиш — давр талаби

 

Юртимизда улкан бунёдкорлик ишлари, тарихий аҳамиятга эга янгиланишлар амалга оширилмоқда. Мустақиллик йилларида Ватанимиз қиёфасини тубдан ўзгартирган бу улкан саъй-ҳаракатларда, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашда кўплаб халқаро экспертлар, ривожланган давлатлар сиёсий арбоблари томонидан демократик тамойилларга мос, дея эътироф этилган Конституциямиз дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Асосий Қонунимиз Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа халқаро ҳужжатлар талабларига тўла мос ҳолда, инсон ҳамда фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, сиёсий, иқтисодий ҳамда ижтимоий ҳуқуқларини кафолатлаб берди. Инсоннинг маънавий камол топиши, ҳар томонлама уйғун ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратди.

Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастури бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди. Одамлар билан очиқ мулоқот, уларнинг дарду ташвиши, орзу-нияти, ҳаётий муаммо ҳамда эҳтиёжларини ўрганиш ва ҳал этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани, айниқса, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган эзгу ғоя ҳаётимиздан чуқур жой эгаллаётгани, пировардида Асосий Қонунимизнинг принцип ҳамда нормалари амалиётга кенг татбиқ этилаётгани мисолида ҳам буни яққол кўриш мумкин.

Мамлакатимизда ижтимоий ҳаётимизнинг барча жабҳаси қаторида экологик муаммоларни бартараф қилиш, салбий оқибатларининг олдини олиш, атроф-муҳит ва инсон саломатлигини муҳофаза этиш борасида ҳам салмоқли ишлар рўёбга чиқарилмоқда. Экологик жиҳатдан тоза маҳсулот ишлаб чиқариш, саноатнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш учун корхоналарни техник ҳамда технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, мавжуд табиий ресурсларни ҳимоялаш ва улардан оқилона фойдаланиш доимий эътиборда бўлиб келаётир.

Республикамизда экологик хавфсизлик ҳамда барқарор тараққиётни таъминлаш мақсадида атроф-муҳитни муҳофаза қилишга, минтақалардаги экологик вазиятни соғломлаштиришга йўналтирилган қатор чора-тадбирлар амалиётга татбиқ этилаётгани ва бу борадаги қонунчилик базаси тобора такомиллаштирилаётганлигини ҳам айтиш ўринлидир.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 50-моддасида “Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар”, 55-моддасида “Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир”, дея белгилаб қўйилгани бу борада мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлмоқда.

Бинобарин, юртимизда экология, атроф-муҳитни муҳофаза этиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланишнинг жаҳон андозаларига тўлиқ жавоб берадиган фундаментал ҳуқуқий базаси яратилган. Ҳозирги кунгача соҳага доир 30 га яқин қонунлар ва 170 дан зиёд қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. Уларни ҳаётга изчил татбиқ этиш мақсадида жойларда атроф-муҳит муҳофазаси ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик билим ва тажрибаларни тарғиб қилишга йўналтирилган қатор миллий ҳамда халқаро лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Юртбошимиз ташаббуси билан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза этиш бўйича олиб борилаётган конституциявий ислоҳотлар ҳам, шубҳасиз, экологик хавфсизликни таъминлашда муҳим стратегик кафолат бўлаётир. Ишлаб чиқаришда илм-фан ютуқларидан самарали ҳамда оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги, саноат ва бошқа тармоқларда экологик муҳит учун зарари кам, соф технологияларни қўллашга қаратилаётган эътибор туфайли кейинги йилларда ҳавога ифлослантирувчи моддалар чиқарилиши қарийб икки баробар, очиқ сув ҳавзаларига саноат оқоваларини оқизиш деярли икки марта камайишига эришилгани, айниқса, эътирофга молик.

Бундан ҳам муҳими, табиий экотизимларни муҳофаза қилиш, атроф-муҳит сифатини махсус талаблар даражасида сақлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишини, миллий хавфсизликнинг асосий кўрсаткичларидан бўлган аҳолининг юксак даражада турмуш кечириши ҳамда саломатлигини таъминлашга замин яратмоқда.

Аммо бугунги тезкор замонда шуларнинг ўзи билан кифояланиб қолиш мумкин эмас. Шу маънода, кенг жамоатчиликни жалб этиш орқали экологик назорат тизимини босқичма-босқич жорий қилиш бўйича самарали ҳуқуқий механизмни шакллантириш ва такомиллаштириш айни заруратдир. Чунончи, шу йил 12 июлда бўлиб ўтган Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон экологик ҳаракати, халқ депутатлари вилоят, туман ҳамда шаҳар Кенгашлари фаолияти таҳлили ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида Президентимиз томонидан Экоҳаракат келгусида ҳудудларда аҳолини, айниқса, қишлоқ жойларда тоза ичимлик суви билан таъминлаш, маиший чиқиндиларни тўплаш, қайта ишлаш ҳамда утилизациялаш масалалари билан бир қаторда, фуқароларнинг экологик маданиятини ошириш, ёш авлод қалбида она-табиатга муҳаббат, унга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш масалаларига жиддий эътибор қаратиши лозимлиги таъкидланган эди.

Айтиш керакки, дунёда глобаллашув жараёни кечаётган бир даврда экологик муаммоларни ҳал этишда хўжалик фаолиятида ресурс тежовчи ва экологик тоза технологияларни қўллаш, табиатни муҳофаза қилиш тадбирлари ўтказиш, соҳага оид қонунчиликни замон талаблари асосида такомиллаштириш чора-тадбирларининг ўзигина камлик қилади. Шу асосда Юртбошимизнинг таклифларидан келиб чиқиб, экологик нуқтаи назардан салбий таъсир этувчи 593 та йирик корхона ҳамда объектда Экоҳаракат вакиллари институти жорий қилинди. Айни чоғда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, ёш авлод қалбида она-табиатга меҳр-муҳаббат, унга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш масалаларига бағишланган конференция, семинар, давра суҳбатлари ва турли акциялар ўтказилмоқда. Бундай тадбирлар нафақат марказларда, балки олис қишлоқ ҳамда овулларда ҳам ташкил этилаяпти. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экоҳаракат депутатлар гуруҳи томонидан Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган устувор вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг экологик таълим концепциясини яратиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Умуман, юртдошларимизда табиатга эҳтиёткорона муносабатни, уни асл ҳолича келгуси авлодларга етказиш ҳиссини шакллантириш ва атроф-муҳитга салбий таъсирнинг олдини олиш, халқимизда экологик маданиятни ошириш, ёшларга экологик таълим-тарбия бериш сифатини янада юқори савияга кўтариш барқарор ривожланишни таъминловчи долзарб вазифа экан, уни муваффақиятли ҳал қилиш йўлида биз, депутатлар ҳам бор куч-ғайратимизни сафарбар этамиз.

Борий АЛИХОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари,

Абдураҳим ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn