Ўзбeкистон ва Грузия сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказди
  • 17 Ноябрь 2017

Ўзбeкистон ва Грузия сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказди

 

2017 йилнинг 14-15 ноябрь кунлари Тбилиси шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Грузия ташқи ишлар вазирликлари делегациялари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раунди бўлиб ўтди.

Грузия делегациясига вазир ўринбосари Давид Жалагания бошчилиқ қилди.

Учрашувда Ўзбекистон — Грузия кун тартибининг асосий масалалари ҳамда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги давлатлараро ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Грузия Бош вазири Георги Квирикашвилининг 2017 йил сентябр ойида Нью-Йорк шаҳридаги учрашуви икки томонлама муносабатларда муҳим босқич бўлди ва ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг истиқболли йўналишларини белгилади.

Грузия делегацияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида ва 10 ноябрда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро конференцияда сўзлаган дастурий нутқларининг асосий қисмлари тўғрисида хабардор қилинди.

Давлатимиз раҳбари илгари сурган ташаббуслар Ўзбекистон — Грузия алоқаларини кенгайтириш, унга кўп қиррали тус бериш ва ҳамкорликнинг биргаликдаги механизмларини фаоллаштириш учун мустаҳкам асос яратиши таъкидланди. Бу нуқтаи назардан Савдо-иқтисодий муносабатлар бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлисини ўтказиш муддати ва кун тартиби бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Учрашувда халқаро ва минтақавий муаммоларнинг алоҳида мавзулари ҳам муҳокама қилинди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn