Шавкат Мирзиёев: ҳар бир маҳалладаги профилактика инспектори ўрнига уч нафар энг профессионал ходим саралаб олиб бириктирилади
  • 17 Ноябрь 2017

Шавкат Мирзиёев: ҳар бир маҳалладаги профилактика инспектори ўрнига уч нафар энг профессионал ходим саралаб олиб бириктирилади

Президент Сергели тумани ички ишлар бошқармаси қошидаги 50-шаҳар ички ишлар бўлими фаолияти билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Ички ишлар бўлими замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган. Мавзедаги кўп қаватли уйларнинг 100 дан ортиқ кириш йўлаги ва 22 гавжум жойга видеокузатув ускуналари ўрнатилган. Бу ҳудудни туну кун назорат қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, уларнинг олдини олишда ўз самарасини беради. 

Президент 50-шаҳар ички ишлар бўлими ходимлари билан 15 ноябрь куни ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси қуйи поғонада қандай аксини топаётгани юзасидан мулоқот қилди. 

"Ҳозирги кунда энг катта масала – бу ички ишлар тизимининг қуйи бўғинини мустаҳкамлашдан иборат. Биз профилактика инспекторларининг яшаши ва ишлаши учун барча шароитларни яратиб бердик. Энди уларнинг салоҳиятини, маҳалла фуқаролар йиғини билан ҳамкорлигини кучайтириш зарур. Бундан кейин ҳар бир маҳалладаги профилактика инспектори ўрнига уч нафар энг профессионал ходим саралаб олиб бириктирилади. Шундай қилсак, улар ўртасида рақобат пайдо бўлади, одамларнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлайдиган чинакам самарали тизим яратилади", деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари замонавий технологиялар билан таъминланган автотранспорт воситасида шубҳали шахсларнинг суратини олиш ва уларни аниқлаш бўйича ўрнатилган тизимнинг ишлаш жараёнини кўздан кечирди. Тошкент шаҳрида ички ишлар бўлимлари учун шундай масканлар қуриш ва уларни замонавий технологиялар билан жиҳозлаш юзасидан топшириқлар берди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn