Президентга Хусусий уй-жойларга хизмат кўрсатувчи профессионал бошқарув компанияси фаолияти ҳақида маълумот берилди
  • 17 Ноябрь 2017

Президентга Хусусий уй-жойларга хизмат кўрсатувчи профессионал бошқарув компанияси фаолияти ҳақида маълумот берилди

Сергели тумани 6-А массивида Хусусий уй-жойларга хизмат кўрсатувчи профессионал бошқарув компанияси иш бошлади. 

Шавкат Мирзиёевга мазкур хизмат кўрсатиш маркази фаолияти ҳақида маълумот берилди, дея хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Бугунги кунда кўп уйларни ўзида бирлаштирган йирик ширкатлар оптималлаштирилиб, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва профессионал бошқарув компаниялари ташкил этилмоқда. 

Бошқарув компаниясида аҳолига сифатли коммунал хизмат кўрсатиш учун барча шароит яратилган. 40 дан ортиқ ходим уй-жой фондини асраш ва малакали хизмат кўрсатиш борасида меҳнат қилмоқда. 

Компания 8 та махсус техникага эга бўлиб, массивдаги барча юмушларни бажаради. Массивда 5 та чиқинди йиғиш пункти ташкил этилган. Уларни компанияга тегишли техника воситалари ташиб кетади. 

Бу ерда мулкдорларнинг кундалик юмушларини бажариш учун барча соҳалар бўйича мутахассислар фаолият олиб бормоқда. Ҳовлиларга ўрнатилган чироқлар, йўлаклардаги озодалик, дарахтлар ва гуллар доимий назоратда, ҳар бир уй кузатув камералари билан таъминланган. 

Компания қошида «Ипотека банк»нинг Сергели филиали 12-жамғарма кассаси фаолияти йўлга қўйилган. 

Маълумки, шаҳарда уй-жой фондини янада кенгайтириш, уй-жойларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш, таъмирлаш ва фойдаланиш ишларининг самарадорлиги хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятига боғлиқ. Шундай экан, мазкур ширкатларнинг моддий-техник базасини кучайтириш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда молиявий соғломлаштириш биринчи галдаги вазифадир.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn