Осойишталик учун курашиш керак
  • 17 Ноябрь 2017

Осойишталик учун курашиш керак

 

Президентимиз раислигида 15 ноябрь куни мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ҳамда уларни ҳал этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида кенг таҳлил қилинган масалалар юртимиз ҳар бир фуқаросини чуқур мушоҳадага ундади. Жумладан, давлатимиз раҳбари ўртага ташлаган масалалар, белгилаб берган вазифалар парламент аъзоларига, маҳаллий вакиллик органлари депутатлари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Буни мухбиримиз билан суҳбатда бўлган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари алоҳида таъкидлашмоқда.

Нодир МУХТОРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати:

— Президентимиз видеоселектор йиғилишида ҳар бир инсон учун муҳим бўлган масалаларни кўтарди. Дарҳақиқат, ўтган бир йил давомида халқимиз тинч ва осуда ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган кўплаб эзгу ишлар рўёбга чиқарилди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг қатор Фармон ҳамда қарорлари, шунингдек, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Айни чоғда ҳафтанинг ҳар пайшанба кунида профилактика тадбирлари мунтазам ўтказилиб, муайян натижаларга эришилаяпти. “Хавфсиз шаҳар”, “хавфсиз туризм”, “хавфсиз дам олиш” концептуал лойиҳалари жорий этилмоқда ва “жамоатчилик назорат масканлари” фаолияти йўлга қўйилди. Қолаверса, 177 мингдан ортиқ видеокузатув мосламалари ўрнатилиши туфайли оғир ҳамда ўта оғир жиноятлар фош қилинмоқда. Бундай кенг кўламли чора-тадбирлар ўзининг дастлабки натижаларини бераётир. Хусусан, жорий йилнинг 10 ойи мобайнида умумий жиноятлар сони ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 14 фоиз, -талончилик — 16 фоиз, босқинчилик — 19 фоиз, товламачилик — 22 фоиз, безорилик — 34 фоиз камайди. Шу билан бирга, 1 минг 243 та маҳаллада биронта ҳам жиноят содир этилмади, 22 минг 370 та оиланинг нотинчлигига барҳам берилди.

Аммо бугун шуларнинг ўзи билан кифояланиб қолиш, яъни хотиржам тортиш мумкин эмас. Йиғилишда таъкидланганидек, фирибгарлик жинояти камаймагани, аёллар томонидан жиноят содир этишга барҳам берилмаётгани, оила аъзолари ёки қўни-қўшнилар ўртасида оғир жиноятлар содир қилинишига йўл қўйилгани, хусусан, жорий йилнинг дастлабки 10 ойида юз берган қотиллик жиноятининг 165 таси эр-хотин ва қайнона-келин ўртасида, 66 таси қўни-қўшни ўртасида оддий маиший келишмовчиликлар туфайли келиб чиққанлигининг ўзиёқ тезлик билан ҳал этишимиз зарур бўлган ишлар кўплигидан далолат беради.

Бундай ҳолат барчамизни бир қарашда арзимасдек туюладиган, лекин инсон ҳаётида катта аҳамиятга эга бўлган муҳим масала, яъни оилаларда соғлом маънавий муҳитни ташкил қилиш, эр-хотин, ота-она ҳамда фарзандлар, қайнона ва келин ҳамда қўшничилик муносабатларининг ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат руҳида бўлишига ундайди.

Шу маънода, давлатимиз раҳбари алоҳида айтиб ўтганидек, ҳар бир фуқаро онгида “Менинг маҳалламда жиноят содир этилмаслиги керак”, деган туйғуни шакллантириш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб. Бу борада биз, депутатлар давлат ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда бор куч-ғайратимизни ишга соламиз.

Расул КУШЕРБАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати,

Ёшлар масалалари бўйича комиссия аъзоси:

— Давлатимиз раҳбари томонидан ёшлар ўртасида содир қилинаётган жиноятчилик ҳолати батафсил муҳокама этилиб, айрим хавотирли рақамлар келтирилдики, бу барчамизни янада ҳушёрликка ундади. Жумладан, жорий йилнинг 10 ойи давомида ёшларнинг 22 минг нафари жиноятга қўл ургани, академик лицей ҳамда касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари томонидан 875 та, мактаб ўқувчилари томонидан эса 310 та оғир ва ўта оғир жиноятлар содир қилингани, айниқса, ташвишланарлидир. Тошкент юридик коллежи ўқувчилари дарс вақтида муассаса ҳовлисида ўзаро жанжаллашиши оқибатида улардан бири вафот этгани, бошқаси оғир жароҳат олгани барчамизни чуқур мушоҳадага чорлаши керак.

Шундан келиб чиқиб, Президентимиз ёшлар орасида жиноятчиликнинг олдини олиш, бу борада таълим муассасалари ҳамда ички ишлар органларининг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва масъулиятини ошириш мақсадида тегишли вазирлик ҳамда идоралар раҳбарларига ўқувчи-талабаларнинг дарсдан ташқари вақтларини самарали ўтказишни ташкил қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш, мактабгача ва мактабдаги таълим даврида тадбиркорлик қобилиятини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиш, мазкур жараёнга малакали кадрларни жалб этиш, ёшлар учун бизнес соҳасига оид адабиётлар яратиш юзасидан аниқ топшириқлар берди. Чунки жиноятнинг асоси кўпинча таълим-тарбияда йўл қўйилган бўшлиқ билан боғлиқ.

Давлат ҳамда жамоат ташкилотлари олдига қўйилган ушбу вазифаларни бажаришда, албатта, Қонунчилик палатасидаги Ёшлар масалалари бўйича комиссия ҳам фаоллик кўрсатади. Биз ўз олдимизга қўйган устувор вазифалар қатори навқирон авлодга яратилаётган шарт-шароит ва берилаётган имтиёзларнинг жойларда амалга оширилиши аҳволи, таълим-тарбия сифати ҳамда тадбиркорлик йўналишидаги имкониятлардан фойдаланишдаги муаммоларни ўрганиш, ушбу масалаларда масъул шахсларнинг ҳисоботларини эшитиш орқали мазкур йўналишда самарали парламент назоратини олиб борамиз. Масалан, яқин кунларда Бухоро вилоятидаги аҳволни ўрганишни режалаштирганмиз. Бу жараёнда бизга Юртбошимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Комила КАРОМОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Уйида тинчи бўлган инсоннинг кўнгли хотиржам, ишида унум, хонадонида файз-барака бўлади. Айни чоғда оилалардаги тинчлик мамлакат осойишталигини таъминлайди. Юрт тараққий топади, ривожланади. Албатта, оила тинчлиги ҳамда фаровонлиги аҳолининг доимий иш жойига эга бўлиши билан ҳам боғлиқ. Шу боис давлатимиз раҳбари мазкур масалага алоҳида эътибор қаратди. Зеро, ушбу муаммони бартараф этмай туриб, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича кўзланган натижаларга эришиб бўлмайди.

Шу маънода, жиноят содир қилганларнинг 16 мингдан зиёди ёки ҳар тўрттадан биттаси ишсиз экани қайд этилди. Партиямиз ҳам маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда ушбу масаланинг ечимини топишга асосий вазифалардан бири сифатида ёндашади.

Мажлисда раҳбарлар маънавияти ҳақида сўз юритиларкан, ҳақиқий раҳбар, ҳақиқий етакчи одамларнинг бардошини синаш учун эмас, балки уларга муносиб шарт-шароит яратиб бериш, оғирини енгил қилиш учун раҳбар этиб тайинланади. Барча бўғиндаги раҳбарлар — у вазир ёки ҳоким бўладими, идора ёки ташкилот бошлиғи бўладими, ўзининг одоб-ахлоқи ва маданияти билан ҳаммага ўрнак ҳамда намуна бўлиши зарурлиги таъкидланди. Бу қатъий фикрлар партиямиз фаоллари учун ҳам муҳим дастуриламал бўлади.

Йиғилишда билдирилган аччиқ ҳақиқатнинг туб моҳиятини аҳоли барча қатламига етказишни Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари ва партия фаоллари ҳам ўзларининг депутатлик ҳамда фуқаролик бурчи, деб билади. Шу мақсадда ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари депутатларимиз ўзлари сайланган округларга бориб, мазкур муаммоларни кенг жамоатчилик ҳамда ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари иштирокида муҳокама қилиш, жойларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашда халқ бирдамлигини таъминлаш йўлидаги ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олдик. Ўйлайманки, барчамиз бирдам, ҳамнафас бўлсак, ҳар қандай муаммо ечимини албатта топамиз.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ

ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn