Шеробод туман ҳокими мурожаатларга тушунтириш бериш билан чеклангани учун ишдан олинди
  • 14 Ноябрь 2017

Шеробод туман ҳокими мурожаатларга тушунтириш бериш билан чеклангани учун ишдан олинди

Халқ депутатлари Шеробод туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда ташкилий масала кўрилди.

Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ўзининг "Фейсбук" ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифаси орқали хабар бермоқда.

Хабарда айтилишича, Шеробод туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, йилига 1,5 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга цемент заводи, йилига 15 минг тонна ип-калава, 5 минг тонна бўялган ип-калава, 4 минг тонна трикотаж мато, 2,5 миллион дона тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга "Шеробод текстил инвест" тўқимачилик фабрикаси каби йирик лойиҳалар ҳаётга тадбиқ этилаётир.

Аммо, ютуқлар билан бирга айрим камчиликлар ҳам учраб турибди. Жумладан, жорий йилнинг 9 ойи давомида фуқаролардан тушган мурожаатларнинг 80 фоизига фақатгина тушунтириш берилган, мутасадди идораларда мурожаатлар билан ишлаш, масалани ҳал этишнинг аҳволи қониқарсиз. 

Шунингдек, аҳолининг коммунал тўловлардан қарздорлиги юқори даражада сақланиб қолаётгани, ички йўлларни таъмирлаш, туманнинг экспорт салоҳияти паст аҳволда экани, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, қишлоқ хўжалигида агротехник тадбирларнинг ўз вақтида олиб борилмаётгани туман иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатаётгани қайд этилди. 

Туман ҳокими вазифасида ишлаб келаётган Абдулхаким Эшмуратов лавозимидан озод этилди. 

Фаоллар, депутатлар, сиёсий партиялар вакилларининг таклиф ва мулоҳазалари инобатга олиниб, унинг ўрнига шу кунга қадар Сурхондарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган Ўрол Абрайқулович Бобоқулов тасдиқланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn