Битим имзоланди
  • 21 Октябрь 2017

Битим имзоланди

Бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўзлари сайланган ҳудудларда тадбиркорлар билан бевосита мулоқотлар олиб бормоқда.

Халқ вакиллари мазкур учрашувларда уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича амалий чора-тадбирларни кўриш, қонунчиликни такомиллаштиришга оид масалаларга алоҳида аҳамият қаратаяптилар.

Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш, хусусан, тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланиши, унинг ҳуқуқий кафолатларини янада мустаҳкамлаш мақсадида кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда қайд этилганидек, тадбиркорлик ҳар қандай мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳоли -даромадларини оширишда муҳим омил саналади.

Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 19 июнда имзоланган “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори соҳа тараққиётида янги босқични бошлаб берди, десак, айни ҳақиқат. Бу жараёнда, авваламбор, қонунчилик, суд ва ижро этувчи ҳокимиятлар, шунингдек, банк-молия ташкилотлари, бозор инфратузилмасининг бошқа субъектлари ҳамда нодавлат ташкилотлари ўртасида ўзаро ҳамкорликда иш олиб бориш айни муддаодир.

Айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ўртасида имзоланган ҳамкорлик битими томонлар ўртасида ижтимоий шериклик муносабатларини ривожлантирувчи, хусусий мулкчилик ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли муҳофаза қилувчи муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Бинобарин, унда хусусий мулкчиликни ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича эксперт гуруҳларини шакллантириш, Қонунчилик палатасида қабул қилинадиган қонун лойиҳаларининг тайёрланиш ва қабул қилиниш жараёнига Савдо-саноат палатаси вакилларини жалб этиш, шунингдек, жойлардаги ҳақиқий ҳолатни ҳамда қонун ҳужжатларини назорат-таҳлил тартибида ўрганишда палата вакиллари билан яқин ҳамкорликда фаолият олиб бориш кўзда тутилган.

Анжуманда иштирокчилар томонидан тадбиркорлар ҳуқуқларини таъминлаш ва хусусий мулкни ишончли ҳимоя қилиш жараёнида парламент қуйи палатаси, ҳуқуқни муҳофаза этиш органлари ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги муҳим ўрин тутиши айтиб ўтилди. Бунда тадбиркорлик фаолияти кафолатларига доир қонунчилик талаблари қатъий ижро қилиниши, тадбиркорлик субъектлари қонуний манфаатлари ҳамда ҳуқуқлари поймол этилгани учун масъул шахслар, жумладан, назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва ваколатли давлат органлари жавобгарлиги таъминланиши устидан назоратни кучайтириш ўз самарасини бериши алоҳида қайд этилди.

Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn