Ўзбекистон миллий бренди: имкониятлардан кенг фойдаланиш даври келди
  • 12 Октябрь 2017

Ўзбекистон миллий бренди: имкониятлардан кенг фойдаланиш даври келди

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, қулай тадбиркорлик муҳитини яратиш, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларга хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш каби масалалар мамлакат тараққиётини таъминловчи устувор йўналишлар сифатида белгиланган.

Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси томонидан ЮНЕСКОнинг республикамиздаги ваколатхонаси кўмагида ташкил этилган “Ўзбекистонда мамлакат брендини шакллантириш” мавзуидаги конференция ана шу долзарб вазифани амалга оширишга бағишланди. 

Ўзбекистон брендининг фаол илгари сурилиши республикамизнинг прагматик, сиёсий ва савдо-иқтисодий ҳамкор сифатидаги халқаро нуфузи ҳамда обрў-эътиборини юксалтириш, инвесторлар ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. 

Сенат қўмитаси раиси А. Курмановнинг билдиришича, муваффақиятли бренд олти муҳим жиҳатни, яъни туризм, экспортни кенгайтириш, ташқи ва ички сиёсатни фаоллаштириш, инвестицияларни жалб қилиш, маданий бойликларни кўрсатиш ҳамда халқ фаровонлигини оширишни назарда тутади. 

Шу маънода айтганда, Ўзбекистон жаҳон бозорида ўз миллий брендини илгари суришда катта имкониятларга эга. Хусусан, мамлакатимизнинг бой маданий-тарихий мероси, меҳмондўст халқимиз, шу билан бирга, иқтисодиётнинг барқарор ривожла-наётгани, замонавий инфратузилманинг жадал тараққий этаётгани ҳам юртимиз ижобий имижини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Айниқса, буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг жаҳон цивилизацияси, илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшгани, мамлакатимиз инсониятнинг маданий ва илмий бойлигини ўзида жам қилгани билан ҳам халқаро ҳамжамиятнинг доимий эътиборидадир.

Тадбир иштирокчиларининг фикрича, давлатнинг ижобий бренди мамлакатнинг ташқи ва ички сиёсий имижини яхшилабгина қолмай, балки халқаро миқёсда унинг сиёсий таъсирини ҳам оширади, экспорт ҳажмини кўпайтириш ҳамда мамлакат рақобатдошлигини таъминлаш имконини беради. Айтиш жоизки, давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган сиёсий, иқтисодий, молиявий ва ижтимоий соҳалардаги ислоҳотларнинг изчиллиги, бу жараёндаги очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат Ўзбекистоннинг нафақат Марказий Осиё минтақаси, балки халқаро миқёсдаги нуфузи юксалишига сабаб бўлмоқда.

Анжуманда Ўзбекистон брендини тўлиқ шакллантириш, чет эллик инвесторлар учун жозибали ва қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, шу жумладан, Ўзбекистоннинг янги брендини оммалаштириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаётган Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди. Мазкур йўналишда нуфузли халқаро институтларнинг муносабати ва индекси муҳим роль ўйнаши кўрсатиб ўтилди. Ўзбекистон ташқи ва ички сиёсатининг асосий жиҳатларини, сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар натижаларини акс эттирувчи холис ва ишончли ахборотни жаҳон ҳамжамиятига етказиш, шунингдек, хорижда мамлакатимизнинг инвестициявий, туристик, маданий-тарихий жозибадорлигини ошириш билан боғлиқ ишларни янада фаоллаштириш зарурлиги қайд этилди.

Ўзбекистоннинг миллий брендини шакллантиришга салбий таъсир кўрсатувчи омилларни бартараф қилиш, Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият орасидаги нуфузини ошириш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича алоҳида идоралараро ишчи гуруҳ ташкил этиш ҳамда миллий брендни илгари суриш бўйича халқаро экспертларни жалб қилишга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Қобил ХИДИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn