МДҲ —  Ўзбекистон учун муҳим йўналиш
  • 10 Октябрь 2017

МДҲ —  Ўзбекистон учун муҳим йўналиш

 

Жорий йил 10 октябрь куни Россиянинг Сочи шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлиси, 11 октябрда эса МДҲ  Давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтади.

Тадбирларнинг биринчи куни Ҳамдўстлик ташқи сиёсат маҳкамаларининг раҳбарлари халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар ҳамда бирлашма доирасидаги ҳамкорлик юзасидан ўзаро фикр алмашишлари баробарида, ташкилот фаолиятининг энг муҳим йўналишлари бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш ва чуқурлаштиришга доир кенг қамровли масалаларни кўриб чиқишади. 

Кейинги куни, яъни 11 октябрда бўлиб ўтадиган олий даражадаги учрашувда МДҲ мамлакатларининг етакчилари сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда Ҳамдўстлик фаолиятининг энг муҳим йўналишлари юзасидан бир қанча масалаларни кўриб чиқадилар.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг салмоқли шартнома-ҳуқуқий замини кўп томонлама ҳамкорликнинг барча қирралари бўйича бирлашмага аъзо давлатлар эга бўлган улкан салоҳиятни рўёбга чиқариш имконини беради. Бу, ўз навбатида, бутун Ҳамдўстлик  маконида барқарор ва изчил тараққиёт учун катта мадад бўлиб хизмат қилади. 

Шуни қайд этиш жоизки, Ўзбекистон хавфсизликни таъминлаш, тинчликни сақлаш, ўзаро манфаатли асосда иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш, Ҳамдўстлик мамлакатлари халқларининг конструктив мулоқоти ва ўзаро муносабати йўлида яқин ҳамкорликнинг тарафдоридир. Бу, шубҳасиз, улар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ишонч ришталарининг мустаҳкамланишига кўмаклашади. 

Савдо-иқтисодий алоқаларни ҳамда транспорт коммуникацияларини ривожлантириш, трансчегаравий хавф-хатарларга қарши курашиш республиканинг бирлашма доирасидаги кўп томонлама ҳамкорлигининг устувор йўналишлари ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз: жорий йил 6-7 апрель кунлари Тошкентда бўлиб ўтган муҳим тадбир — МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлисида ташкилот доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳокама қилинган эди. Унда Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ташқи ишлар вазирлари, Озарбайжон, Молдова ва Туркманистон ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарларининг ўринбосарлари ҳамда МДҲ Ижроия қўмитаси раиси — Ижрочи котиби иштирок этди. 

Тошкент йиғилишининг якунлари бўйича ташқи сиёсий, ҳуқуқий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ўзаро ҳамкорлик масалаларига доир 15 та ҳужжат қабул қилинди.

Ўшанда иштирокчилар томонидан христиан, мусулмон ва бошқа конфессияларни камситиш ва уларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлишга йўл қўймаслик тўғрисидаги Баёнот қабул қилинди. Сочида бўлиб ўтадиган Давлат раҳбарлари кенгашида кўриб чиқиш учун МДҲ мамлакатларининг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлиги Концепцияси ҳамда бошқа ҳужжатлар маъқулланди.

Конструктив руҳда ҳамда бир-бирини ўзаро тўғри тушуниш муҳитида ўтган Тошкент вазирлар учрашуви жорий йил май ойида Қозон шаҳрида МДҲ ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилишининг ўтказилишига замин ҳозирлади. 

Бугун бир-бири билан ўзаро боғлиқ ва иқтисодий жиҳатдан самарали минтақалараро транспорт коммуникацияларисиз савдо алоқалари ривожланишини тасаввур қилиш мушкул. Шу боис Ўзбекистон Ҳамдўстлик доирасида келишилган ва самарали транспорт коммуникациялари ҳамда тариф сиёсати амалга оширилишини, транзит салоҳиятини юксалтириш ва юк ташишларда янги ҳажмлар жалб этилишига йўналтирилган преференциал ва имтиёзли шартлар қўлланилишини ёқлайди.

23 июнь ва 15 сентябрь кунлари мамлакатимиз ҳукумат делегациялари МДҲ Иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишларида иштирок этди. Шуни ҳам қайд этиш керакки, 

2017 йилдан буён Ўзбекистон ташкилот доирасида қабул қилинган битимлар, Давлат -раҳбарлари кенгаши ва Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг эркин савдо зоналари шаклланиши ҳамда уларнинг амал қилиши тўғрисидаги қарорлар ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳамда ўзаро ҳамкорликнинг бошқа масалалари ижросини таъминлайдиган ушбу асосий ижроия органининг тўла ҳуқуқли иштирокчисидир.  

Г. НУРЖОНОВА,

«Жаҳон» АА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn