• 07 Октябрь 2017

Ўзбекистоннинг минтақадаги ва халқаро миқёсдаги нуфузи тобора ортмоқда

Илгари хабар берилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида сўзлаган нутқи хорижий мамлакатларнинг сиёсий ва экспертлар доиралари ўртасида катта қизиқиш уйғотди.

Мазкур мавзу юзасидан Европа парламентининг Италиядан депутати, Европарламентнинг Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик бўйича -делегацияси аъзоси Фулвио Мартушелло “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбирига фикр-мулоҳазаларини билдираркан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг юксак минбардан туриб, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотларга ҳамда халқаро ноҳукумат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга қатъиян содиқлиги ҳақида берган баёноти катта эътиборга сазовор эканлигини таъкидлади.

— Президентнинг мамлакатда халқ ҳокимияти куч-қудратини оширадиган механизмларни мустаҳкамлаш бўйича қатъийлигини баён қилгани ҳам ушбу нутқнинг муҳим қирраси ҳисобланади, — деди Европарламент депутати. — Мухтасар айтганда, Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев ташаббускорлигида сиёсий, демократик ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни ҳаётга татбиқ этмоқда. Улар ҳозирги кунларнинг ўзидаёқ Европа сиёсий доираларида Ўзбекистоннинг ижобий имиджини сезиларли даражада мустаҳкамлади.

Филиппо Коста Буранелли, Сент-Эндрюса университети (Буюк Британия) ҳузуридаги Халқаро муносабатлар мактаби профессори:

— Ўзбекистон етакчисининг мазкур нутқи республикада янги сиёсий йўлни мустаҳкамлашга бўлган интилиш сидқидилдан эканлигини тасдиқлайди. Хусусан, мамлакатнинг кундалик ҳаётидаги айрим ижтимоий-иқтисодий камчиликлар очиқлик ҳамда ҳаққонийлик ёрдамида муҳокама қилинаётгани халқаро миқёсда эътиборга сазовордир. Чунки бу Марказий Осиё мамлакатлари дипломатиясида муҳим янгилик бўлди.

Халқаро институтлар, шу жумладан, йирик молиявий муассасалар билан узвий мулоқотнинг йўлга қўйилгани республиканинг жаҳон иқтисодиёти билан уйғунликда ривожланишига ва янада фаровонликка эришишига имконият яратади. Хавфсизлик ёпиқлик билан тенглаштирилмаслигини, барқарорлик эса иқтисодий ҳамкорлик, либераллашув ҳамда фуқароларнинг асосий ва сиёсий ҳуқуқларига ҳурмат билан биргаликда таъминланиши мумкин ҳамда лозимлигини намоён этмоқда.

Пьер Шабаль, Гавр университети профессори (Франция):

— Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонга “четдан туриб” назар ташлагани ҳолда, воқеликка холис ва глобал нуқтаи назардан ёндашишга қодир эканлигини тасдиқлади. Ўзбекистон етакчиси Тошкентнинг минтақа ҳамда жаҳон аҳамиятига молик ва халқаро ташкилотлар ишларида фаол қатнашишга тайёр эканлигини намойиш қилмоқда.

Даниель Понсе Алегре, журналист, терроризм бўйича эксперт (Испания):

— Бугунги кунда Ўзбекистон ўзининг минтақадаги ҳамда халқаро миқёсдаги ўрнини мустаҳкамламоқда. Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг сўнгги сессиясидаги нутқи бунинг яққол тасдиғидир.

Афсуски, ўарб жамиятининг муайян қисмида ҳамон ислом дини ҳақидаги нотўғри фикр-мулоҳазалар ҳукмрон бўлиб турибди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон етакчисининг жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказиш энг муҳим вазифа эканлиги тўғрисидаги чақириғи ҳозирги пайтда жуда долзарбдир. Ишончим комилки, Тошкентда ташкил этиладиган Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти ҳаммамиз учун олиҳимматлик ҳисобланадиган бу ишга ўз ҳиссасини қўшади.

Станислав Притчин, Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг таҳлил гуруҳи раҳбари:

— Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришларнинг асосий моҳияти “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устундир” деган тамойил билан изоҳланади. 2017 йил Ўзбекистонда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинган. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, эълон қилинган бу сиёсий шиор ортидан жамият ҳамда ҳукумат ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг механизмларини яратиш юзасидан бутунлай аниқ-равшан ишлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Ҳамма жойда Президентнинг виртуал ва Халқ қабулхоналаридан фаол фойдаланилаяпти.

Тошкент бир йил ичида Марказий Осиё бўйича қўшнилар билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш бобидаги ёндашувда катта ўзгаришларни амалга оширди, деб айтсак, сира муболаға бўлмайди. Хусусан, қўшнилар билан мулоқотда мутлақо янги саҳифа очилди. Бундай алоқалар аллақачон Қозоғистон ҳамда Туркманистон билан ўзаро товар айирбошлашнинг ўсишида, Қирғизистон билан чегараларни делимитация қилиш юзасидан музокаралар жараёнидаги келишувларда ўз натижаларини бермоқда.

Фумио Исода, Нагоя университети вице-президенти (Япония):

— Президент Шавкат Мирзиёев нутқида таълимнинг муҳимлиги ва замонавий кадрлар тайёрлаш учун зарур шароитларни яратиш масаласи ҳам тилга олинган. Дарҳақиқат, дунё шитоб билан ўзгараётган, барқарорликка янгидан-янги хавф-хатар ҳамда таҳдидлар пайдо бўлаётган ҳозирги шароитда маърифат масаласини тушуниш жуда муҳимдир. Айнан ана шу йўналиш халқлар фаровонлигининг калити бўлиб, у инсониятни тинчлик, эзгулик ва бағрикенгликка етаклайди.

«Жаҳон» АА.