• 07 Октябрь 2017

Депутатлар ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилган долзарб масалаларни кўриб чиқдилар

2017 йилнинг 6 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Депутатлар кўпгина масалаларни кўриб чиқдилар. Хусусан, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Парламент қуйи палатаси мажлисининг кун тартибига киритилган масалалар сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг, Қонунчилик палатаси қўмиталарининг мажлисларида вазирликлар ҳамда идоралар, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари иштирокида дастлабки тарзда ҳар томонлама ўрганиб чиқилган эди. 

Депутатлар ўз ишларини «Формали кийим-бошларни тасдиқлаш, тайёрлаш ва кийиб юриш механизми тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилишдан бошладилар.

Ушбу қонун лойиҳаси формали кийим-бошларни тасдиқлаш, тайёрлаш ва кийиб юриш механизмини тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган. Қонун лойиҳасига биноан, Ўзбе-кистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги, «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги ҳамда «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси вазирликлар, идоралар ҳамда ташкилотлар харбий хизматчилари ва ходимларининг тасдиқланган намунадаги ҳарбий, идоравий ҳамда махсус формали кийим-бошини қонунга хилоф равишда кийиб юрганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги модда билан тўлдирилмоқда.

Шундан сўнг депутатлар оилавий ажралишларнинг олдини олишга, шу жумладан, ушбу масала юзасидан маҳаллаларнинг тутган ўрнини кучайтириш орқали олдини олишга қаратилган қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар. Ҳозирги вақтда фуқаролар йиғинлари ҳузурида яраштириш комиссиялари иш юритаётган бўлиб, улар оилавий муаммоларни тинч йўл билан ҳал этиш, яъни оилавий низоларни судга қадар кўриб чиқиш билан шуғулланаётганлиги депутатлар томонидан таъкидланди. Киритилаётган янги қоидаларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига судлар ҳамда ФҲДЁ органлари томонидан уларнинг иш юритувида никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлар мавжудлиги тўғрисида яраштириш комиссияларини хабардор қилишга доир қоидаларни белгилашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Мазкур чора яраштириш комиссияларига юз бериши мумкин бўлган ажралишлар тўғрисидаги ахборотни олдиндан олиш ҳамда эр-хотинларни яраштиришга ҳаракат қилиб кўриш имконини беради.

Сўнгра депутатлар парламент ва депутатлик назорати соҳасидаги жавобгарликни кучайтириш мақсадида ишлаб чиқилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар. Ушбу ўзгартиш давлат органлари томонидан депутатлик сўровларининг ўз вақтида ҳамда сифатли кўриб чиқилишига хизмат қилади.

Ушбу масала Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил 12 июлда депутатлар, сенаторлар ва сиёсий партиялар вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувида ташаббус қилинган эди. 2017 йилда Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан 284 та депутатлик сўрови юборилганлиги қайд этилди. Бироқ статистика шуни кўрсатадики, 100 та депутатлик сўровига жавоблар муддатлар бузилган ҳолда етиб келган, 24 та сўров бўйича эса умуман жавоблар берилмаган.

Мажлисда Ўзбекистон Республикасининг Жиноий, Фуқаролик кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам -депутатлар томонидан кўриб чиқилди.

«Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгилаб қўйилганки, одам савдоси қурбонлари мажбур қилиш ёки таҳдид остида содир этилган қилмишлари учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фуқаролик, маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этилади. Аммо мазкур нормани амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмлари амалдаги қонун ҳужжатларида мавжуд эмас. Депутатлар томонидан кўриб чиқилган қонун лойиҳаси ушбу камчиликни бартараф этишга қаратилган бўлиб, у Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартда қабул қилинган «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Бош прокуратура томонидан ишлаб чиқилган.

Мазкур қонун лойиҳаси, депутатлар таъкидлаганидек, инсон ҳуқуқларининг кафолати ва ҳимоясини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир.

Қизиқарли баҳс-мунозара руҳида ўтган мажлис давомида кўриб чиқилиб, биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳалари юзасидан депутатлар бирлашмалари ўз нуқтаи назарларини билдирдилар.

Мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 

Қонунчилик палатасининг 

Ахборот хизмати.