• 06 Октябрь 2017

Қонун лойиҳаси муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикасининг “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси айни пайтда жамоатчилик ўртасида, ижтимоий тармоқларда, ҳудудлардаги тиббиёт муассасалари ҳамда соҳага ихтисослаштирилган олий ўқув юртларида қизғин муҳокама этилмоқда. Хўш, мазкур ҳужжатнинг қабул қилинишига қандай зарурат бор? Аҳоли саломатлигини кафолатлашда унинг ўрни, аҳамияти қанақа? Бу тиббий ислоҳотлар самарадорлигига нечоғли таъсир кўрсатади?

Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси, унинг Сиёсий кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилган давра суҳбатида ушбу саволларга жавоб изланди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан ислоҳ этиш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишни кафолатлаш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда. Тизимда ютуқлар баробарида, айрим камчиликлар ҳам кўзга ташланмоқдаки, уларни ҳал қилиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш бугунги кунда ҳаётий заруратга айланаётир.

Депутатлар, соҳа мутахассислари ва экспертларнинг фикрича, мавжуд баъзи чекловлар туфайли юртимизда тиббиёт соҳаси салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Айрим тиббий муолажаларни ўтказиш, хусусан, трансплантология масаласида фуқароларимиз ҳамон хориждаги тиббиёт муассасаларига мурожаат этишга мажбур бўлмоқдалар. Шунинг ўзиёқ “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш муҳимлигини кўрсатади.

— Айни пайтда мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида умумий муҳокамага қўйилди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мухаррам Дадаходжаева. — Қонун лойиҳаси замонавий фан ҳамда тиббиёт амалиёти ютуқларини ҳисобга олган ҳолда, инсон органлари, тўқима ва ҳужайраларини трансплантация қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган. Уни ишлаб чиқишда соҳадаги хорижий тажриба ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари инобатга олинган. Таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ҳамюртларимизнинг зарурат туғилган пайтда чет элга бормасдан, шу ернинг ўзида инсон органлари ва тўқималарини кўчириб ўтказиш орқали ўз саломатлигини қайта тиклашига шароит яратади.

— Мамлакатимизда кўплаб беморларни органлар ҳамда тўқималар трансплантациясига оид масалалар қизиқтиради, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош трансплантологи Улуғбек Юлдашев. — У буйракни кўчириб ўтказиш бўладими, жигар, юрак ёки ўпка трансплантацияси бўладими, булар, айтиш жоизки, инсонни ҳаётга қайтаришда муҳим ҳисобланади. Тўғри, айрим беморлар чет давлатларга чиқиб, трансплантацияни амалга ошириб келмоқда. Бунинг учун катта маблағ зарур. Кўпчилик беморларда эса бунга моддий имконият етарли эмас. Бу аҳолининг асосий қисми замонавий ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш хизматларидан фойдалана олмаслигига, республикамиз тиббиёт соҳаси дунёнинг илғор тажрибаларидан ортда қолишига, фуқароларимизнинг айрим замонавий тиббий муолажалар учун хориж давлатларига боришига сабаб бўлмоқда. Шунга мувофиқ ишлаб чиқилган ушбу қонун лойиҳаси мазкур муаммоларни бартараф этиш, трансплантология тиббий хизматига рухсат беришнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Давра суҳбатида соҳага оид хорижий тажриба ҳамда қонун лойиҳасида назарда тутилаётган нормалар бандма-банд кўрилди.

Муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.

З. ИСМОИЛОВА.