Соғлиқни сақлаш тизимида фан ва таълим уйғунлиги
  • 28 Сентябрь 2017

Соғлиқни сақлаш тизимида фан ва таълим уйғунлиги

Соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш бугунги кунда долзарб ҳисобланади. Негаки, ҳар бир инсоннинг ўз ҳаётидан мамнун бўлиб яшаши, шак-шубҳасиз, унинг сиҳат-саломатлиги муҳофазасига бевосита боғлиқ.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган давра суҳбатида бу борада олиб борилаётган ишларга жиддий эътибор қаратилган ҳолда, мазкур соҳада фан ҳамда таълим технологияларидан фойдаланишнинг сўнгги йиллардаги фаолияти якунлари ва келгусидаги вазифалар муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, соғлиқни сақлаш тизимида фан-таълим технологияларини қўллаш, илмий фаолиятни янада юксалтириш, кадрлар тайёрлаш, малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлаш йўналишида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мисол учун, олий ўқув юртлари ва илмий-текшириш муассасаларида давлат илмий-техника дастурлари доирасида жорий йилда жами 196 та илмий грант иши бажарилган. Улар натижасида юрак, қон томир касалликлари, атопик дерматитнинг оғирлик даражасини аниқлаш, болаларда узоқ кечувчи юқумли касалликлар ҳамда бошқа хасталиклар хавфини аниқлашга қаратилган 7 та янги ташхис усули амалиётга татбиқ қилинган. Шунингдек, онкология, кардиология, эндокринология диспансерлари ва стационарларига 6 турдаги информацион ахборот тизимлари яратилиб, амалиётга жорий этилди.
Тадбирда тизимда аҳолини ўйлантираётган, касалликларни келтириб чиқараётган муаммолар таҳлил қилинди. Чунончи, маҳаллий тиббиёт саноати ривож топмагани, даволаш учун белгиланган тиббий асбоб-ускуналарнинг етишмаслиги, қишлоқ оилавий поликлиникаларида шифокор-мутахассисларга эҳтиёж мавжудлиги айтиб ўтилди. Соҳада илмий изланишлар натижасида юзга яқин ихтиролар учун патентлар олинаётган бўлса-да, уларни амалиётга татбиқ этишда деярли барча ҳудудда ўз ечимини кутаётган муаммолар борлиги танқид остига олинди.
Депутатлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан фан-таълим технологияларидан фойдаланишда ўтган даврда имкониятлардан тўлақонли фойдаланилмаганини таъкидлашди. Айни чоғда ушбу йўналишда ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиб бориш, таҳлил этиш масалаларига эътибор қаратиш зарурлигига урғу берилди. Энг муҳими, қонунчилик базасини янада такомиллаштиришга, жумладан, тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилишини тезлаштиришга эътибор қаратиш лозимлиги билдирилди.
Давра суҳбатида соҳага доир ишларни такомиллаштиришга оид таклиф ва тавсиялар берилди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn